French
Chinese
Turkish
Tajik
Kyrgyz
Turkmen
Japanese
Arabic
English
French
Spanish
Русский
German
Ўзбек
Oʻzbek
Қазақ
Бир топилма тарихи: нақшинкор битикли қадимий мармар устун
08:01 / 2026-01-25

Кўҳна Самарқанд замини олис тарихнинг тилсиз гувоҳидир. Унинг ҳар қаричидан ўтмишнинг буюк садолари эшитилиб туради.

1980 йилнинг баҳорида Пайариқ тумани ҳудудида оддий дала ишлари кетаётган бир пайтда, тупроқ остидан ноёб топилма аниқланди. Ерга қадалган омоч тиши қаттиқ жисмга урилди. Бу оддий тош эмас, балки ўзида асрлар сирини яширган мармар устун эди. Дастлабки тахминларга асосан у IX–XI асрларга мансуб деб баҳоланган бўлса-да, тошдаги нақшинкор ёзувлар мутлақо бошқа, анча муҳимроқ тарихий ҳақиқатни ошкор қилди. Ушбу топилма шунчаки меъморий бўлак эмас, балки темурийлар даврининг юксак маданиятидан дарак берувчи тош “мактуб” бўлиб чиқди.

Устунни тадқиқ этиш жараёни қийин кечди. Маҳаллий пушти-оқ мармардан йўнилган ушбу саккиз қиррали обиданинг оғирлиги шу қадар эдики, дастлабки ўрганиш жараёнида унинг барча қирраларини кўздан кечиришнинг имкони бўлмади. Фақатгина музей биносига кўчирилгандан сўнггина, тадқиқотчилар ундаги ҳар бир чизиқ ва ҳарфни тўлиқ ўқишга муваффақ бўлдилар. Қадимшунос олим Э.Қораевнинг маълумот беришича, мармар устуннинг баландлиги 2 метр 33 сантиметрни ташкил этади. Унинг геометрик тузилишида қадимги муҳандисларнинг мукаммал ҳисоб-китоби яққол кўзга ташланади. Устун асосининг диаметри ва унинг умумий баландлиги ўртасидаги нисбат олтига бир (1:6) ўлчовида эканлиги, аждодларимизнинг математик билимлари нақадар чуқур бўлганини яна бир бор исботлайди.

Ёдгорликнинг энг қимматли қисми – ундаги хаттотлик ёзувларидир. Сулс хатида битилган ва бўртиб чиққан ҳарфларнинг баландлиги 12,5 сантиметрга етади. Ёзувлар шунчалик моҳирлик билан ишланганки, ҳарфлар тош юзасидан 2 –3 миллиметр олдинга чиқиб, ҳажмдор кўриниш ҳосил қилган. Бу ерда устанинг топқирлиги ва эҳтиёткорлигини кўрсатувчи бир жиҳат бор. Айрим ҳарфлар ва нақшлар гўёки охиригача ўйилмагандек таассурот қолдиради. Бу устанинг нўноқлиги эмас, балки узоқни кўзлаган тадбиридир. Уста устунни устахонада ётқизилган ҳолатда тайёрлаётганда, уни ташиш пайтида нозик нақшлар синиб кетишидан хавотирланган. Шу сабабли, ишнинг энг нозик қисмларини устун ўз ўрнига ўрнатилгач, тик ҳолатда якунлашни режа қилган бўлиши мумкин. Бу детал ўша давр қурилиш маданияти ва логистикаси ҳақида ноёб тасаввур беради.

Тошдаги битикни ўқиш орқали тарихнинг хира пардалари кўтарилди. Санъатшунос олим П.Зоҳидов ва археолог Э.Қораевлар томонидан ўқилган матн қуйидаги мазмунга эга: “Ушбу муборак устун Хожа Нуриддин ибн Амир Давлатхўжа кўрсатмасига биноан… ражаб ойида… 818 йилда [ўрнатилди]”. Ҳижрий 818 йил милодий 1415 йилга тўғри келади. Демак, ушбу обида Мирзо Улуғбек Самарқандни бошқараётган илк йилларда бунёд этилган.

Хўш, тошда исми мангуга муҳрланган Амир Давлатхўжа ким эди? Э.Қораевнинг ёзишича, ушбу саволга жавоб топиш учун тарихчи Абдураззоқ Самарқандийнинг асарларига мурожаат қилишга тўғри келади. Маълум бўлишича, Амир Давлатхўжа оддий шахс бўлмаган. У 1405 йилда, соҳибқирон Амир Темур вафотидан сўнг юзага келган сиёсий жараёнларда фаол қатнашган йирик ҳарбий саркардалардан бири эди. У Мироншоҳ ва Абу Бакр Мирзолар билан биргаликда чегара ҳудудларидан Самарқандга келган. Унинг исми 1411 ва 1415 йиллардаги муҳим сиёсий воқеаларда ҳам тилга олинади.

Демак, Пайариқдан топилган устун оддий бинонинг бўлаги эмас. У Шохрух Мирзо ва Улуғбек даврида юксак мавқега эга бўлган амирнинг ўғли – Хожа Нуриддин томонидан қурдирилган маҳобатли иншоотнинг бир қисмидир. Тарихчиларнинг фикрича, бу бино катта эҳтимол билан масжид бўлган. Ўша даврда фақат ўта бой ва нуфузли шахсларгина қурилишда қимматбаҳо тош устунлардан фойдаланиш имкониятига эга эдилар. Марказий Осиё меъморчилигида, хусусан темурийлар даврида, кўпинча ёғоч устунлар ишлатилган. Тошдан, айниқса, саккиз қиррали мармардан ишланган устунлар ниҳоятда кам учрайдиган ҳодисадир. Ҳатто машҳур Бибихоним масжидида ҳам кўп қиррали тош устунлар бармоқ билан санарли эди.

Шу сабабли ҳам бундай услубдаги мармар устунлар минтақа меъморчилигида ноёб ҳисобланади. Ушбу топилма Ўзбекистон ҳудудидаги ўрта аср меъморчилиги тарихини янги маълумотлар билан бойитди. Пайариқ заминида сақланиб қолган бу тош битиклар бизга нафақат бир иншоот ҳақида, балки аждодларимизнинг санъати ва давлатчилик тарихи ҳақида сўзлайди. Бу каби осори-атиқалар миллатимизнинг илдизлари нақадар чуқур ва мустаҳкам эканлигини яна бир бор эслатади.

Алишер Эгамбердиев, ЎзА