АҚШ ва Украина Президентлари Жо Байден ва Владимир Зеленский Оқ уйда бўлиб ўтган учрашувда энергетика ва иқтисодий секторда қайта тиклаш, Киевнинг коррупцияга қарши кураши, шунингдек, ҳарбий-саноат мажмуасидаги ҳамкорлик масалаларини муҳокама қилишди. Бу ҳақда Оқ уй матбуот хизмати маълум қилди.
Байден келаси ҳафта Украинага “Abrams” танклари етиб бориши муждасини берди.
“Америка халқи, иттифоқдошлар ва шериклар билан бирга дунё сизларни қўллаб-қувватлаши учун бор имкониятни ишга соламиз, бош мақсадимиз шу!”, деган давлат раҳбари.
Давлат котиби Энтони Блинкен баёнотига кўра, АҚШ маъмурияти Украинага 325 миллион доллар миқдорида ҳарбий ёрдам беради.
Канада Бош вазири Жастин Трюдо Зеленскийнинг ушбу мамлакатга бориши ва парламентда нутқ сўзлашини тасдиқлади. Ҳукумат матбуот хизмати баёнотида Канадага ташриф 21-22 сентябрь кунларига белгилангани айтилади.
Буюк Британия Қироли Карл III “Лондон ва Париж Украинанинг Россия устидан қўли баланд келишига ишонади”, деди Франция Сенатидаги чиқишида.
Япония Бош вазири Фумио Кисида совуқ урушдан кейинги даврда Украина инқирози тарихий бурилиш нуқтаси бўлишини таъкидлади.
“Украина масаласи Европа сарҳадидан чиқиб, бутун дунёга таъсир кўрсатмоқда”, – деди у.
Хитой ҳукумати Украина зиддиятини ҳал этишга конструктив кўмак беришга тайёр. Бу ҳақда ХХР раиси ўринбосари Хань Чжэн баёнот берди.
“Хитой томони мазкур можарони тинч йўл билан ҳал қилиш йўлида олиб борилаётган ҳар қандай уринишни қўллаб-қувватлайди”, – деди Чжэн.
БМТ Бош котиби Антониу Гутерриш Россия ташқи ишлар вазири Сергей Лавров билан Украина зиддиятини таҳлил этди, деб хабар берди халқаро ташкилот матбуот хизмати.
Украина мудофаа вазири Рустем Умеров Президент Зеленский билан Пентагонда мудофаа вазири Ллойд Остин ва Қуролли кучлари штаблар бошлиқлари қўмитаси раиси Марк Милли билан учрашган.
Пекин Украинадаги вазиятни кескинлаштирадиган ҳаракатдан, дунё иқтисодиётига таъсир қиладиган бир томонлама санкциядан тийилишга чақирди, деб баёнот берди ТИВ раҳбари ўринбосари Ма Чжао Сюй.
“Томонлар вазиятни тамоман издан чиқарадиган турли чоралардан, кескинлик ва қарама-қаршиликни кучайтиришдан воз кечиши, оғир-босиқ бўлиши лозим. Ядро хавфсизлиги ва техноген ядро авариясига йўл қўймаслик тамойилига жиддий содиқлик зарур”, деб таъкидлади дипломат.
Швейцария ташқи ишлар вазири Иньяцио Кассис Зеленскийнинг тинчлик режаси муваффақият қозона олмайди, дея берган баёнотни мамлакат телеграф агентлиги тарқатди.
“Бир томонлама тинчлик режаси билан муваффақиятга эришиб бўлмайди, ғалаба учун фақат куч ишлатиш лозим. Шу билан бирга биз, Ғарб давлатлари бу низо янада кенг маънодаги урушга айланиб кетишини истамаймиз”, деди вазир.
Германия Зеленскийнинг БМТ Хавфсизлик кенгашида Россияни вето қўйиш ҳуқуқидан маҳрум қилиш таклифини қўлламайди, деди ТИВ раҳбари Анналена Бербок “ARD” телеканалига интервьюсида.
Украина Қуролли кучлари Швециядан ўнта “Stridsvagn-122” (Strv122) танки олди, дея маълум қилди Қироллик ҳукумати.
Украина ҳуқуқни ҳимоя қилиш идоралари ўтган йил февралидан бери гуманитар ва хайрия ёрдамидан ноқонуний фойдаланиш, маблағ ўғирлаш билан боғлиқ 863 жиноий иш қўзғаган. Бу ҳақда маҳаллий “Вести” нашри хабар берди. ОАВ ёзишича, мамлакат Қуролли кучларига тегишли гуманитар ёрдам воситалари мамлакатнинг барча бозорларида фаол сотилмоқда.
А.Ғуломов, ЎзА