Прокуратура идоралари томонидан спорт ва маданий мерос соҳасида қонунчилик ижроси устидан назорат тадбирлари тизимли равишда давом этмоқда.
Тадбирлар давомида спорт таълим муассасаларини жорий таъмирлаш бўйича ўтказилган тендерлардаги коррупциявий схемалар фош этилмоқда.
Бош прокуратура матбуот хизмати хабарига кўра, 2019-2021 йилларда республика бўйича жами 72 спорт мактабда 13,5 млрд. сўмлик жорий таъмирлаш бўйича ўтказилган тендерларда афилланган шахсларнинг иштирок этишига йўл қўйилиб, коррупциявий ҳолатларнинг келиб чиқишига замин яратилган.
Масалан, Бухоро олимпия захиралари коллежи биносини жорий таъмирлаш учун коллеж директори раислигида ўтказилган гўёки очиқ тендер танловларида фақат тадбиркор Ф.Қ. таъсисчилигидаги 4 та корхона қатнашиб, уларнинг биттаси ғолиб, деб топилган.
Пойтахтдаги Гимнастика спорт мактаби биносини таъмирлаш учун ўтказилган тендерда қатнашган “F.T” масъулияти чекланган жамияти таъсисчиси ва тендер ғолиби “S” масъулияти чекланган жамияти раҳбари бир шахс – Қ.Ф. эканлиги ҳамда у мактаб директорининг акаси эканлиги аниқланди.
Бу каби қонун бузилиши ҳолатлари Сурхондарёда 10 та, Қорақалпоғистонда 9 та, Навоий ва Қашқадарёда 8 тадан, Фарғона ва Наманганда 7 тадан, Самарқандда 5 та, Жиззах ва Хоразмда 4 тадан, Бухоро ва Сирдарёда 3 тадан, Тошкент шаҳрида 2 та ҳамда Андижон ва Тошкент вилоятларида 1 тадан кузатилган.
Аниқланган барча қонун бузилиши ҳолатлари бўйича айбдор шахсларнинг жавобгарлик масаласи қонунчиликда белгиланган тартибда ҳал этилди.
Назорат тадбирлари давом эттирилмоқда.
ЎзА