English
Chinese
Turkish
Tajik
Kyrgyz
Turkmen
Japanese
Arabic
English
French
Spanish
Русский
German
Ўзбек
Oʻzbek
Қазақ
“Бир суд – бир инстанция” тизими ўзгаради
18:49 / 2023-10-10

Ўзбекистон Республикасининг 2023 йил 27 сентябрдаги “Суд қарорларининг қонунийлиги, асослилиги ва адолатлилигини текшириш институти такомиллаштирилиши муносабати билан Ўзбекистон Республикасининг Жиноят-процессуал кодексига ўзгартириш ва қўшимчалар киритиш тўғрисида»ги қонунига асосан 2024 йил 1 январдан бошлаб, суд тизимида апелляция, кассация ва тафтиш инстанциялари жорий қилинади.

Эндиликда биринчи инстанция судининг ҳукмлари, ажримлари устидан дастлаб апелляция тартибида, агар апелляция тартибида кўрилмаган бўлса, қонуний кучга кирган ҳукмлар, ажримлар устидан кассация тартибида шикоят ё протест бериш мумкин. Апелляция ёки кассация тартибида кўриб чиқилган жиноят ишлари бўйича чиқарилган ҳукмлар, ажримлар устидан эса, тафтиш тартибида шикоят ё протест бериш, шунингдек, тафтиш тартибида такроран шикоят ё протест билдириш юзасидан илтимоснома билан мурожаат қилиш имкони яратилади.  

Бундан ташқари, ҳукм устидан апелляция тартибида шикоят ёки протест бериш муддати йигирма суткадан ўн суткага қисқартирилади.  

Жиноят ишини кассация ва тафтиш тартибида кўриш натижалари юзасидан янги оқлов ёки айблов ҳукми чиқариш ваколатлари берилади.  

Киритилаётган ўзгартириш суд қарорларини бекор қилиб, янгидан кўриш учун қуйи инстанция судларига қайтариш амалиётига чек қўяди ва фуқароларнинг сарсон бўлиши олди олинади.  

Айбловни тўлдириш ва судланувчига нисбатан айбловни оғирроғи билан алмаштириш, шунингдек, жавобгарликка тортилмаган шахс томонидан жиноят содир этилганлиги аниқланган ҳолатлар бундан мустасно.  

Эндиликда қонунга кўра судда ҳар бир иш бўйича якуний хулосага келинади. Ташкил этилаётган янги инстанция, яъни тафтиш тартибидаги шикоят ёки протест туман (шаҳар) судларида апелляция ёки кассация тартибида кўриб чиқилган ҳукмлар, ажримлар устидан, шунингдек, туман (шаҳар) судлари томонидан кўрилган иш бўйича Қорақалпоғистон Республикаси суди, вилоятлар, Тошкент шаҳар судларининг апелляция ёки кассация тартибида чиқарилган ҳукмлари, ажримлари устидан Қорақалпоғистон Республикаси суди, вилоятлар, Тошкент шаҳар судларига берилади.  

Туман (шаҳар) судларининг апелляция, кассация ёки тафтиш тартибида кўриб чиқилган ҳукмлари, ажримлари устидан ҳамда Ўзбекистон Республикаси Олий суди, Қорақалпоғистон Республикаси суди, вилоятлар, Тошкент шаҳар судлари томонидан биринчи инстанция бўйича чиқарилган ҳукмлар, ажримлар ва улар юзасидан чиқарилган апелляция ёки кассация инстанциясининг ҳукмлари, ажримлари устидан эса, Олий суднинг Жиноят ишлари бўйича судлов ҳайъатига берилади.  

Олий суд раиси ва Бош прокурор Олий суд Жиноят ишлари бўйича судлов ҳайъатининг тафтиш тартибида чиқарилган ҳукмлари, ажримлари устидан Олий суднинг раёсатига тафтиш тартибида такроран кўриб чиқиш учун протест билдириши мумкин.  

Янги киритилаётган ўзгартириш фуқароларнинг конституциявий ҳуқуқларини тўлиқ таъминлаган ҳолда, шикоят қилиш ҳуқуқидан фойдаланиш имкониятини кенгайтиради.  

 

Ҳусанбой Омонов,  

Жиноят ишлари бўйича Марғилон шаҳар судининг судья ёрдамчиси