Ўзбек
Chinese
Turkish
Tajik
Kyrgyz
Turkmen
Japanese
Arabic
English
French
Spanish
Русский
German
Ўзбек
Oʻzbek
Қазақ
Бир суд – бир инстанция тамойили: амалиёт ва самара
15:58 / 2021-09-19

Президентимиз раислигида ўтказилган 2020 йил 30 июнда “Одил судловни таъминлаш ва коррупцияга қарши курашиш борасидаги вазифалар муҳокамасига бағишланган” видеоселектор йиғилишда суд ҳуқуқ тизимида кейингги 3 йилда 20 дан ортиқ қонун, фармон ва қарорлар қабул қилингани, ислоҳотлар натижасида судлар томонидан илк маротаба 2 минг 273 нафар фуқарога нисбатан оқлов ҳукми чиқарилгани, шунингдек, жиноят йўлига билиб-билмай кирган 3 минг 500нафардан ортиқ ёшлар ва хотин-қизларга нисбатан озодликдан маҳрум қилиш жазоси қўлланмасдан, улар маҳалла ва жамоатчилик кафиллигига олингани, инсон ҳуқуқларини бузганлиги учун 60 нафар ҳуқуқ-тартибот идоралари ходимлари жиноий жавобгарликка тортилгани қайд этилди. Президентимиз таъкидлаганидек, мазкур ўзгаришлар одамларда ҳақиқат ва адолатга бўлган ишончни мустаҳкамламоқда.

Мазкур йиғилишда белгилаб берилган вазифалар ижроси суд-ҳуқуқ тизимидаги ислоҳотларни янги босқичга олиб чиқишга хизмат қилаётир. Хусусан, илғор тажриба ва халқаро стандартлар асосида суд тизимини “бир суд – бир инстанция” тамойили асосида қайта кўриб чиқиш масаласи илгари сурилди. Бу ислоҳотларнинг фақат инсон ва унинг ҳақ-ҳуқуқлари ҳимояси учун эканлигини тасдиқловчи яна бир муҳим омил бўлди.

Шу маънода бир-бирини такрорловчи ҳамда ўз номи билан суднинг мазмун-моҳиятига тўғри келмайдиган “назорат тартибида ишларни кўриш” амалиётидан тўлиқ воз кечилди. Ўзбекистон Республикасининг Фуқаролик процессуал кодексига киритилган ўзгартиришларга кўра, назорат инстанцияси тугатилиб, бир инстанция – бир суд тамойили асосида апелляция ва кассация инстанция судлари қолдирилди.

Ўзгаришларга кўра, туманлараро, туман (шаҳар) судларида ишлар фақатгина биринчи инстанция судида кўрилиб, вилоят судлари ишларни апелляция тартибида, Ўзбекистон Республикаси Олий судида эса ишлар кассация тартибида кўриладиган бўлди. Эътиборлиси вилоят судининг ваколати доирасида биринчи инстанцияда кўрилган ишлар бўйича берилган апелляция шикоятлари Ўзбекистон Республикаси Олий суди томонидан кўриладиган бўлди.

Шунингдек, суд процессида прокурорнинг иштирокида муҳим ўзгартиришлар амалга оширилиб, прокурор фақат қонунда назарда тутилган ҳолларда, шунингдек прокурорнинг аризасига кўра қўзғатилган ишлар бўйича фуқаролик ишининг муҳокамасида иштирок этишга ҳақли. Прокурор бошқа шахсларнинг аризалари билан қўзғатилган ишнинг муҳокамасида ўз ташаббуси билан иштирок этиши мумкин эмас.  

Илгари ФПКда ушбу норма прокурор бошқа шахслар ташаббуси билан қўзғатилган иш муҳокамасининг бошидан иштирок этиш ҳуқуқига эга кўринишида бўлиб, эндиликда прокурор қонунда иштироки назарда тутилган ишлар ҳамда ўзининг аризаси бўйича қўзғатилган ишлар бўйича фуқаролик ишларида иштирок этиши мумкин бўлади.

Фуқаролик процессуал кодексининг 439-моддасига кўра, янги очилган ҳолатлар бўйича ҳал қилув қарорини, ажрим ёки қарорни қайта кўриш ҳақидаги ариза ҳал қилув қарорини ажримни ёхуд қарорни чиқарган судга ишда иштирок этган шахслар томонидан берилади.

Ушбу қонун нормасига ўзгартириш киритилгунга қадар прокурор суд ҳужжатларини янги очилган ҳолатлар бўйича қайта кўриш ҳақида судга мурожаат қилиши мумкин бўлган, эндиликда прокурорнинг суд ҳужжатларини янги очилган ҳолатлар бўйича қайта кўриш ҳақидаги ваколати тугатилмоқда. Шу билан бирга прокурор суддан муайян ишни ўрганиш учун талаб қилиб олишига ишга алоқадор шахсларнинг прокуратура органига мурожаати мавжуд бўлгандагина йўл қўйилади.

Президентимизнинг 2020 йил 24 июлдаги “Судлар фаолиятини янада такомиллаштириш ва одил судлов самарадорлигини оширишга доир қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида” фармонига мувофиқ, 2021 йил 1 январдан бошлаб:

вилоят ва унга тенглаштирилган фуқаролик ишлари бўйича, жиноят ишлари бўйича судлар ва иқтисодий судлар негизида судьяларнинг қатъий ихтисослашувини сақлаб қолган ва суд ишларини юритиш турлари бўйича алоҳида судлов ҳайъатларини ташкил этган ҳолда Қорақалпоғистон Республикаси, вилоятлар ва Тошкент шаҳар умумюрисдикция судлари ташкил этилди;

маъмурий ҳуқуқбузарликлар тўғрисидаги ишларни кўриб чиқиш ваколатини маъмурий судлардан жиноят ишлари бўйича судларга ўтказилди;

маъмурий ва бошқа оммавий ҳуқуқий муносабатлардан келиб чиқадиган ишларни кўришга ихтисослаштирилган Қорақалпоғистон Республикаси, вилоятлар марказлари ва Тошкент шаҳрида туманлараро маъмурий судлари ташкил этилди.

Ушбу фармон асосида Қорақалпоғистон Республикаси, вилоятлар ва Тошкент шаҳар судлари ҳамда маъмурий судлар ташкил этилиб, уларга суд қарорлари юзасидан бериладиган апелляция шикояти (протести)ни кўриш ваколати берилди.

Қонунга мувофиқ, суднинг ҳал қилув қарори қабул қилинган кундан эътиборан апелляция шикояти ва протест бериш муддатлари 20 кундан бир ойга узайтирилди.

Апелляция инстанцияси судининг ваколатлари бирмунча кенгайтирилиб, эндиликда апелляция инстанцияси ФПКнинг 399-3-моддаси иккинчи қисмининг 2 ва 4-бандларида назарда тутилган асослар мавжуд бўлган тақдирда ҳал қилув қарорини бекор қилишга ва ишни янгидан кўриш учун юборишга ҳақли эканлиги белгиланди.

Бунда агар иш суд муҳокамасида иштирок этиш ҳуқуқига эга бўлган, аммо суд мажлисининг вақти ва жойи тўғрисида хабардор қилинмаган шахслардан бирор-бири йўқлигида кўрилган ёхуд суд ишида иштирок этишга жалб қилинмаган шахсларнинг ҳуқуқ ва мажбуриятлари тўғрисидаги масалани ҳал қилган бўлса апелляция инстанция ҳал қилув қарорини бекор қилиб, ишни янгидан кўришга юборишга ҳақли бўлади.

Биринчи инстанция судининг ажримлари устидан суд томонидан ажрим топширилган ёки юборилган кундан эътиборан йигирма кун ичида апелляция инстанцияси судига хусусий шикоят берилиши ва прокурор протест келтириши мумкин.

Апелляция инстанцияси ишни кўриш натижаси бўйича ажрим чиқаради, ушбу ажримга нисбатан кассация шикояти (протести) билан бевосита Ўзбекистон Республикаси Олий судининг Фуқаролик ишлари бўйича судлов ҳайъатига мурожаат қилинади.

Фуқаролик процессуал кодексининг 403-моддасига мувофиқ, тарафлар ва ишда иштирок этувчи бошқа шахслар, ишда иштирок этишга жалб қилинмаган, аммо ҳуқуқ ва мажбуриятлари ҳақидаги масала суд томонидан ҳал этилган шахслар, шунингдек Ўзбекистон Республикаси Президенти ҳузуридаги Тадбиркорлик субъектларининг ҳуқуқлари ва қонуний манфаатларини ҳимоя қилиш бўйича вакил биринчи инстанция судининг апелляция тартибида кўрилган ҳал қилув қарори, ажрими, қарори ҳамда апелляция инстанцияси судининг ажрими устидан кассация шикояти бериши, бундан тадбиркорлик фаолияти билан боғлиқ бўлмаган низолар мустасно, прокурор эса ушбу Кодексда белгиланган ҳолларда кассация протести келтириши мумкин.

Судья томонидан зарур ҳолларда кассация шикояти берган шахс ёки протест келтирган прокурор зиммасига кассация шикоятига (протестига) илова қилинган ёзма материалларнинг кўчирма нусхаларини ишда иштирок этувчи шахсларнинг сонига қараб тақдим этиш мажбурияти юклатилиши мумкин.

Ходим билан тузилган меҳнат шартномаси ғайриқонуний равишда бекор қилинганда ёки ходим бир ишдан бошқа ишга ғайриқонуний равишда ўтказилганида уни илгариги ишига тиклаш тўғрисида суд чиқарган ҳал қилув қарори устидан кассация шикояти (протести) ушбу қарорнинг ижросига доир ҳужжат илова қилинган тақдирдагина қабул қилинади.

Кассация шикояти (протести) апелляция инстанцияси судининг ажрими қабул қилинган кундан эътиборан бир йил ичида берилиши мумкин.

Қонунчиликда киритилган ушбу ўзгаришлар фуқароларнинг ҳуқуқлари ва қонуний манфаатларини ҳар томонлама ҳимоя қилишга хизмат қилиши билан аҳамиятлидир.

Ўткир Разиков,

Фуқаролик ишлари бўйича

Пешку туманлараро суди раиси.

Нурбек Рахимов,

Бухоро вилоят суди бош консультанти