English
Chinese
Turkish
Tajik
Kyrgyz
Turkmen
Japanese
Arabic
English
French
Spanish
Русский
German
Ўзбек
Oʻzbek
Қазақ
Бир суд – бир инстанция: суд-ҳуқуқ тизимида муҳим қадам
10:55 / 2021-04-22

Мамлакатимизда суд-ҳуқуқ тизимини такомиллаштириш, жисмоний ва юридик шахслар ва тадбиркорларнинг ҳуқуқ ва қонуний манфаатларини ишончли ҳимоя қилиш чораларини кучайтириш, одил судловни таъминлаш, судьялар ҳамжамияти ролини ошириш бўйича самарали ишлар олиб борилмоқда.

Ривожланган давлатлар қаторида Республикамизда ҳам судларда иш юритишнинг процессуал механизмларини такомиллаштириш, демократлаштириш, қонун устуворлигини таъминлаш ва фуқаролар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш чоралари кўрилмоқда.

Суд-ҳуқуқ соҳасини ислоҳ қилиш давлат сиёсатининг устувор йўналиши, деб белгиланган ва бевосита Президентимиз эътиборида.

Соҳасида бўлаётган изчил ўзгартиришлар аввало, халқ манфаатлари ва давлатимизнинг ривожи учун хизмат қилади.

Шу муносабат билан суд қарорларини қайта кўриш институтининг такомиллаштирилиши, Ўзбекистон Республикасининг айрим қонун ҳужжатларига ўзгартириш ва қўшимчалар киритилиши амалий ишларнинг натижасидир.

Жумладан, жорий йилнинг 12 январида Иқтисодий процессуал кодексига ҳам Президент томонидан имзоланган ЎРҚ-663-сонли қонуни билан бир нечта моддаларига ўзгартириш ва қўшимчалар киритилди ҳамда прим моддалар билан тўлдирилди.

Киритилган ўзгартиришларга кўра, ишларни назорат тартибида кўриш инстанцияси тугатилди.

Шунга асосан қонуннинг 1-моддасига кўра, кодексдаги «апелляция, кассация ва назорат» деган сўзлар «апелляция ва кассация» деган сўзлар билан алмаштирилган.

Илгари, апелляция ёки кассация тартибида кўрилган ишлар Олий суд Раёсати ва иқтисодий ишлар бўйича судлов ҳайъати томонидан назорат тартибида кўрилар эди.

Эндиликда кассация тартибида кўрилган ишлар умумий асосларда такроран кўрилиши мумкинлиги белгилаб қўйилди.

Инвестициявий низолар ва рақобатга оид ишларнинг иқтисодий судларга тааллуқли эканлиги белгиланди.

Инвестициявий низолар бўйича ишлар жумласига инвестиция шартномаларини тузиш, ўзгартириш ва бекор қилиш билан боғлиқ, инвестиция шартномаларини ҳақиқий эмас, деб топиш ҳақидаги, инвестиция шартномасининг бажарилишига оид, шартномадан келиб чиқадиган солиқ, божхона, ижтимоий, экологик ва бошқа мажбуриятларнинг инвестор томонидан бажарилиши билан боғлиқ низолар ҳамда инвестиция шартномаси бўйича инвесторга берилган мол-мулкни талаб қилиб олиш ёки бундай шартнома бўйича жарима (неустойка) ундириш ва (ёки) зарарлар ўрнини қоплаш тўғрисидаги низолар киритилиши назарда тутилди.

Бундан ташқари, юридик шахслар, шу жумладан, чет эл юридик шахслари, хўжалик бошқаруви органлари, якка тартибдаги тадбиркорлар ҳамда монополияга қарши орган ўртасида товар ва молия бозорларида рақобат соҳасидаги муносабатлардан келиб чиқадиган низолар рақобатга оид ишлар жумласига кириши қонун билан мустаҳкамланди.

Шу билан бирга, прокурорларнинг барча иқтисодий суд мажлисларида иштирок этиш ҳуқуқи бекор қилинди. Эндиликда прокурор фақат қонунда назарда тутилган ҳолларда ёки прокурорнинг даъво аризаси билан қўзғатилган ишлардагина иштирок этиши мумкинлиги белгилаб қўйилди.

Шунингдек, апелляция протестига ишда иштирок этувчи бошқа шахсларга апелляция протестининг ва унга илова қилинган, ушбу шахсларда мавжуд бўлмаган ҳужжатларнинг кўчирма нусхалари юборилганлигини ёки топширилганлигини тасдиқловчи ҳужжат, прокурор иштирокисиз кўрилган иш бўйича тараф мурожаатининг кўчирма нусхаси илова қилиниши ва прокурор иштирокисиз кўрилган иш бўйича келтирилган протестга тарафлар мурожаатининг кўчирма нусхаси илова қилинмаган бўлса, шикоятни қайтаришга асос бўлиши белгиланди.

Мазкур қонун билан бизнес омбудсман(тадбиркорлик субъектларини ҳимоя қилиш бўйича вакил)га ҳал қилув қарори устидан апелляция шикояти бериш ҳуқуқи берилди.

16-моддданинг иккинчи қисми янги таҳрирда баён қилиниб, «Ишларни апелляция ва кассация тартибида кўриш уч нафар судьядан иборат таркибда ҳайъатда амалга оширилиши ҳамда «Кассация тартибида кўриб чиқилган ишлар бўйича чиқарилган суд қарорларини кассация тартибида такроран кўриш беш нафар судьядан иборат таркибда амалга оширилади» деб учинчи қисм билан тўлдирилди.

Мазкур қонун билан инвестициявий низолар бўйича йирик инвесторнинг, рақобатга оид ишлар бўйича тарафларнинг хоҳишига кўра, ушбу тоифадаги ишлар бевосита Ўзбекистон Республикаси Олий суди томонидан, қолган инвестициявий низолар инвесторнинг хоҳишига кўра, Қорақалпоғистон Республикаси, вилоятлар ва Тошкент шаҳар суди томонидан биринчи инстанция суди сифатида кўрилиши, йирик инвестор бўлмаган инвесторнинг инвестиция фаолияти билан боғлиқ даъволар жавобгар жойлашган ердаги туман (шаҳар), туманлараро иқтисодий судга ёки Қорақалпоғистон Республикаси судига, вилоятлар ва Тошкент шаҳар судига тақдим этилиши мумкин. Йирик инвесторнинг инвестиция фаолияти билан боғлиқ даъволар, шунингдек, товар ва молия бозорларидаги рақобат соҳасидаги муносабатлардан келиб чиқадиган даъволар жавобгар жойлашган ердаги туман (шаҳар), туманлараро иқтисодий судига ёки Ўзбекистон Республикаси Олий судига тақдим этилиши мумкинлиги мустаҳкамлаб қўйилди.

Қонунга асосан, ишда иштирок этишга жалб қилинмаган, аммо ҳуқуқлари ва мажбуриятлари тўғрисида суд ҳал қилув қарори қабул қилган шахслар, шунингдек, суд мажлисининг вақти ва жойи тўғрисида тегишли тарзда хабардор қилинмаган ишда иштирок этувчи шахслар учун апелляция шикоятини бериш муддати уларга ҳал қилув қарори қабул қилинганлиги маълум бўлган кундан эътиборан ҳисобланиши белгиланди.

Шу билан бирга, Ўзбекистон Республикасининг 671-сонли қонуни билан Ўзбекистон Республикаси Конституциясининг айрим моддаларига ҳам ўзгартириш ва қўшимчалар киритилди.

Жумладан, 98-модда учинчи қисмининг ўзбекча матнидаги «қонун ҳужжатларига» деган сўзлар «қонунчиликка» деган сўз билан, 100-модда саккизинчи хатбошисининг ўзбекча матнидаги «қонунларига» деган сўз «қонунчилигига» деган сўз билан алмаштирилиб, 107-модданинг биринчи қисми вилоятлардаги судларнинг бирлаштирилиши муносабати билан «Ўзбекистон Республикасида суд тизими Ўзбекистон Республикаси Конституциявий суди, Ўзбекистон Республикаси Олий суди, ҳарбий судлар, Қорақалпоғистон Республикаси суди, вилоятлар ва Тошкент шаҳар судлари, Қорақалпоғистон Республикаси маъмурий суди, вилоятлар ва Тошкент шаҳар маъмурий судлари, фуқаролик ишлари бўйича туманлараро, туман, шаҳар судлари, жиноят ишлари бўйича туман, шаҳар судлари, туманлараро, туман, шаҳар иқтисодий судлари ва туманлараро маъмурий судлардан иборатдир» деб янги таҳрирда баён этилган.

Бундан ташқари, 117-модда саккизинчи қисмининг ўзбекча матнидаги «қонунларга» деган сўз «қонун ҳужжатларига» деган сўзлар билан алмаштирилди.

Шу муносабат билан, ҳукумат қарорларини ушбу Қонунга мувофиқлаштириш, давлат бошқаруви органлари ушбу Қонунга зид бўлган ўз норматив-ҳуқуқий ҳужжатларини қайта кўриб чиқиши ва бекор қилишларини таъминлаш, ушбу Қонуннинг ижросини, ижрочиларга етказилишини, моҳияти ва аҳамияти аҳоли ўртасида тушунтирилишини таъминлаш Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси томонидан амалга оширилиши қонун билан белгилаб қўйилди.

Умуман олганда, ушбу қонунларнинг қабул қилиниши билан бир-бирини такрорловчи ортиқча суд инстанциялари бекор қилиниб, бир суд – бир инстанция тамойили амалиётга жорий этилди. Бу фуқароларнинг ва тадбиркорлик субъектларининг ҳуқуқларини ҳимоя қилиш билан бир қаторда, судлар мустақиллигини мустаҳкамлаш йўлидаги муҳим қадамлардан яна бири бўлди.

Паризод Закирова,

Тошкент туманлараро иқтисодий

суди судьяси,

 

Шоира Эрметова,

Судьялар олий мактаби иқтисодий

гуруҳ тингловчиси.