Chinese
Chinese
Turkish
Tajik
Kyrgyz
Turkmen
Japanese
Arabic
English
French
Spanish
Русский
German
Ўзбек
Oʻzbek
Қазақ
Бир сўз тарихи: “Байроқ” сўзи ортида яширинган қадимий маъноларни биласизми?
14:46 / 2025-11-18

Давлатчиликнинг энг асосий рамзларидан бири бўлган байроқ ҳар бир халқ учун муқаддас саналиб, унинг мустақиллиги, ор-номуси ва шон-шуҳратини ифодалайди. Бугун биз юксакларда ҳилпираётган миллий байроғимизга ғурур билан боқар эканмиз, уни ифода этувчи “байроқ” сўзининг ўзи ҳам асрлар қаъридан, аждодларимизнинг турмуш тарзи, дунёқараши ва давлатчилик анъаналаридан сўзловчи тарихий ёдгорлик эканини ҳар доим ҳам ўйлайвермаймиз. Аслида, бу сўз ва унинг маънодошлари замирида қадимги туркий халқлар фалсафаси мужассам.

Тилшунослик таҳлиллари шуни кўрсатадики, “байроқ” сўзининг ўзаги қадимги туркий тилдаги “ёйилмоқ” маъносини англатган “бадз-” феълининг “бай-” шаклига бориб тақалади. Таниқли тилшунос олим Шавкат Раҳматуллаевнинг илмий қайдларига кўра, ушбу феъл негизига аввал “-(ы)р”, сўнгра кучайтириш маъносини берувчи “-а” ва ниҳоят “-қ” қўшимчаларининг изчил қўшилиши натижасида “байырақ” сўзи ҳосил бўлган. Вақт ўтиши билан тилдаги товуш ўзгаришлари сабабли бу сўз қисқариб, бугунги “байроқ” шаклига келган. Демак, сўзнинг илк маъноси шамолда кенг ёйилиб, ҳилпировчи матони англатган. Бу – рамзнинг номи унинг жисмоний хусусиятидан келиб чиққанини кўрсатадиган ёрқин мисолдир.

Бу лингвистик талқин ўзининг тарихий тасдиғини милодий XI асрдаёқ топади. Буюк қомусий олим Маҳмуд Қошғарий ўзининг машҳур “Девону луғотит турк” асарида “байроқ” сўзини “байрақ”, “батрақ” шаклларида қайд этиб, унинг қўлланишига доир жонли мисол келтиради: “баïрақ қамуғ талпïмдï”, яъни “байроқлар бари ҳилпиради”. Бу иқтибос нафақат сўзнинг қадимийлигини, балки унинг айнан ҳилпираш, ҳаракат билан боғлиқ ҳолда идрок этилганини яна бир бор исботлайди.

Туркий давлатчиликда байроқ вазифасини бажарган рамзлар фақат бу сўз билан чекланмаган. “Туғ” атамаси ҳам ҳокимият ва юксак мартаба тимсоли сифатида алоҳида ўрин тутган. Маҳмуд Қошғарий хон ёки хоқоннинг олий мақоми “тоқуз туғлуғ хан” ибораси орқали ифодаланганини ёзади. Туғлар сонининг тўққизтадан оширилмаслиги бу рақамнинг қадимги туркий халқлар учун хосиятли ва муқаддас саналгани билан изоҳланади. Ҳукмдорнинг туғлари, одатда, хайрли белги сифатида тўқ сариқ рангли шоҳи ёки ипак матодан тайёрланган. Бу эса, рамзларнинг нафақат сиёсий, балки чуқур маданий ва ирфоний маъноларга ҳам эга бўлганидан далолат беради.

“Байроқ” сўзининг яна бир қадимий ва диққатга сазовор маънодоши “ялов”дир. Бу сўзнинг этимологияси ҳам унинг дастлабки вазифаси ҳақида маълумот беради. У қадимги туркий тилдаги “зичлаш”, “бирлаштириш”, “боғлаш” маъноларини англатган “йала-” феълидан “-в” қўшимчаси ёрдамида ясалган. Дастлаб, “ялов” бирор нарсанинг белгиси сифатида таёқ ёки найза учига боғланган ҳар қандай буюмни (масалан, мато парчаси, от думи) англатган. Кейинчалик бу маъно кенгайиб, бевосита байроқ тушунчасига ўтган. Тарихий тил қатламларида сақланиб қолган “яловбардор” (байроқ кўтарувчи) каби сўзлар эса, ўзбек тилининг тожик тили билан ўзаро муносабатлари натижасида пайдо бўлиб, “ялов” сўзининг тарихан кенг истеъмолда бўлганини кўрсатади.

Шундай қилиб, “байроқ”, “туғ”, “ялов”, “алам” каби сўзларнинг ҳар бири шунчаки оддий лисоний бирлик эмас, балки тарихнинг тилдаги инъикосидир. Уларнинг ўзагида аждодларимизнинг давлатчилик тафаккури, ҳарбий юришлари, маданий қарашлари ва оламни англаш фалсафаси яширин. Бу сўзларнинг тарихини ўрганиш – ўз ўтмишимизни, миллий давлатчилигимиз илдизларини чуқурроқ англаш, бугунги мустақиллик рамзи бўлган байроғимизнинг маъно қатламларини теранроқ ҳис этиш демакдир.

Алишер Эгамбердиев тайёрлади, ЎзА