Юртимизда хотин-қизларни қўллаб-қувватлашга қаратилаётган эътибор ва ғамхўрликнинг амалий натижалари ҳар бир соҳада ўз аксини топмоқда. Бугун илму зиёли, маърифатли ўзбек аёл-қизлари ҳам оилада, ҳам жамиятда ўз ўрнига эга. Қай бир соҳа бўлмасин, албатта, хотин-қизларимизнинг фаоллиги, ташаббускорлиги кўзга ташланаётгани эътиборга молик.
Бу борада Олий Мажлис Қонунчилик палатаси депутати Шаҳноза Холмаҳаматова ўз фикр-мулоҳазаларини билдирди.
— Бугунги глобал дунёда барқарор ривожланишнинг энг асосий устунларидан бири хотин-қизларни қўллаб-қувватлаш, уларнинг таълим олиши, касб-ҳунар эгаллаши учун имкониятлар яратишдан иборат. Мамлакатимизда бу борада қатор ишлар амалга оширилмоқда. Хотин-қизларимизнинг таълим олиши учун алоҳида квоталар жорий этилгани, магистр босқичида таълим олаётган хотин-қизларнинг шартнома тўловлари тўлаб берилаётгани, бакалавр босқичидаги аёл-қизларимиз учун имтиёзли таълим кредитлари берилаётгани улар учун яхши имконият ва мотивация бўлмоқда.
Давлатимиз раҳбари доим таъкидлайдиларки, “бир қизни ўқитсак, бир оиланинг маърифатли бўлишига, оилаларнинг маърифатли бўлиши эса бутун жамиятнинг маърифатли бўлишига хизмат қилади”. Шу боис, қизларимизнинг олий таълим олиши учун шарт-шароитлар яратилмоқда. Олий таълимда таҳсил олаётган хотин-қизларимиз сафи кенгайиб, бугун улар умумий талабаларнинг 52 фоизини ташкил қилмоқда.
Бундан ташқари, 2017 йилда давлат бошқарувида хотин-қизларнинг улуши 20 фоизни ташкил этган бўлса, бугун уларнинг сафи 35 фоизга етди.
Ўтган 2025 йилда 330 мингга яқин хотин-қизларимиз ҳам касб-ҳунарга, ҳам тадбиркорликка ўқитилган. 430 мингдан ортиқ аёлларимизга 23 триллион сўм миқдорда имтиёзли кредитлар ажратилгани алоҳида аҳамиятга эга.
<iframe width="650" height="420" src="https://www.youtube.com/embed/4Gev7EmQ-gg" title="Bir qizni o`qitish — butun jamiyatning ma’rifatli bo`lishiga asos " frameborder="0" allow="accelerometer; autoplay; clipboard-write; encrypted-media; gyroscope; picture-in-picture; web-share" referrerpolicy="strict-origin-when-cross-origin" allowfullscreen></iframe>Муҳтарама Комилова, Ойбек Давронов, Улуғбек Тўхтаев (видео), ЎзА