Қазақ
Chinese
Turkish
Tajik
Kyrgyz
Turkmen
Japanese
Arabic
English
French
Spanish
Русский
German
Ўзбек
Oʻzbek
Қазақ
Бир қатор соҳа ва тармоқларда рақамли технологиялар жорий этилади
18:18 / 2025-09-17

“Республиканинг ҳудуд, соҳа ва тармоқларида рақамли технологиялар жорий этилишини янада жадаллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги Президент қарори (ПҚ-286-сон) қабул қилинди.

Қарорга кўра, қуйидагилар "Рақамли ҳукумат" тизимини 2025–2026 йилларда ривожлантиришнинг устувор йўналишлари этиб белгиланди, жумладан:

— "Рақамли ҳукумат" дастури доирасида 41 та устувор лойиҳани ишга тушириш, электрон давлат хизматлари улушини 70 фоизга етказиш ҳамда маҳаллаларда 30 турдан ортиқ давлат хизматларини кўрсатиш;

— ҳудудларда телекоммуникация инфратузилмасини ривожлантириш, жумладан 66 минг км оптик толали алоқа линиясини ўтказиш, 2 минг 284 та таянч станцияни ишга тушириш, 100 дан ортиқ ахборот тизимини жорий этиш;

—  аҳоли ва тадбиркорлар учун 100 дан ортиқ турдаги электрон хизматларни жорий этиш, шу жумладан 10 турдаги давлат хизматини проактив ва композит шаклга ўтказиш, 19 та ҳаётий вазиятда фуқароларга автоматик тарзда хабар юбориш.

Ҳудудларда аҳолига электрон хизматлар кўрсатиш сифатини ошириш мақсадида қуйидагилар амалга оширилади:

— 2025 йил 1 ноябрдан бошлаб киберхавфсизлик талабларига риоя этган ҳолда мобил алоқа операторлари, тижорат банклари, тўлов ташкилотларига мобил иловалар орқали Ягона интерактив давлат хизматлари портали(my.gov.uz)даги пулли электрон давлат хизматларини кўрсатиш имконияти яратилади;

— 2025 йил 1 декабрдан бошлаб нодавлат нотижорат ташкилотларига "Рақамли ҳукумат" тизимининг Идоралараро интеграциялашув платформаси орқали белгиланган тартибда электрон идоралараро ҳамкорликни амалга оширишга рухсат берилади;

— 2026 йил 1 январдан бошлаб фуқароларнинг ижтимоий ёрдам кўрсатиш бўйича мурожаати, маҳаллалардаги оилалар ва аҳоли маълумотларини юритиш ҳамда маҳаллаларда аҳоли билан ишлаш жараёнлари "Рақамли маҳалла" платформаси орқали амалга оширилади.

Қарорга кўра, ҳудудларда маҳалла ва манзиллар бўйича маълумотларни юритишда ягона ёндашувни йўлга қўйиш мақсадида:

— 2025 йил 15 октябрга қадар маҳалла фуқаролари йиғинининг ягона идентификатори сифатида кадастр рақамини қўллаган ҳолда "Рақамли ҳукумат" тизимининг Маҳаллаларнинг марказлашган реестри ишга туширилади;

— 2025 йил 1 ноябрдан бошлаб Маҳаллаларнинг марказлашган реестри давлат органлари ва ташкилотларининг "Рақамли ҳукумат" тизими билан интеграциялашган ахборот тизимлари ва ресурсларида мажбурий тарзда қўлланилади;

— 2026 йил 31 декабрга қадар кўчмас мулк объектларининг барча маълумотлари "UZKAD" ахборот тизимига ўтказилади, шунингдек, Бутунжаҳон геодезия координаталари тизимига (WGS-84) боғланган ягона давлат манзил реестри шакллантирилади.

Қарорга кўра, қуйдаги бир қатор соҳа ва тармоқлар рақамлаштирилади, жумладан ижтимоий ҳимоя ва соғлиқни сақлаш соҳаларида:

— 2026 йил 1 майдан бошлаб ногиронликни белгилаш (болаликдан ногиронлиги бўлган, І ва II гуруҳ ногиронлари) бўйича давлат хизматини кўрсатишда фуқароларга тиббиёт муассасаларига имтиёзли даволаниш учун бериладиган йўлланмани шакллантириш ва электрон навбатга қўйиш композит шаклда амалга оширилади;

— 2026 йил якунига қадар "Рақамли сoғлиқни сақлаш" платформасига интеграциялашган, тиббий кўрик жараёнида шифокор нутқини автоматик равишда баёнлаштирувчи овозли ёрдамчи ҳамда беморларга ташхис қўйишда шифокорга кўмаклашувчи сунъий интеллект технологияларига асосланган "Шифокорнинг рақамли ёрдамчиси" дастури ишга туширилади.

Шунингдек, таълим соҳасида:

—  2025 йил 1 ноябрдан бошлаб давлат олий таълим муассасалари талабаларига ойлик ижара тўловининг бир қисмини қайтариш бўйича Ягона интерактив давлат хизматлари портали (my.gov.uz) орқали мурожаат қилиш имконияти яратилади;

— 2026 йил 1 январдан бошлаб ўрта махсус, касбий ва олий таълим ташкилотларида таълим жараёни билан боғлиқ давлат хизматларини my.gov.uz орқали кўрсатиш йўлга қўйилади.

Бундан ташқари, сув хўжалиги соҳасида 2025 йил 1 ноябрдан бошлаб фермер ва деҳқон хўжалиги ҳамда тадбиркорлик субъектларига сув тақсимлаш билан боғлиқ барча маъмурий тартиб-таомиллар "Сув ҳисоби" сув ресурсларини бошқариш ягона тизими орқали фақат электрон шаклда амалга оширилади.

2025 йил 1 ноябрдан бошлаб транспорт воситасига газ балони ўрнатилганлигига оид маълумотларни электрон шаклда юритиш орқали транспорт воситасини рўйхатдан ўтказиш гувоҳномасини қайта расмийлаштириш тартиби бекор қилинади.

 2026 йил 1 январдан бошлаб my.gov.uz орқали чет эл фуқаролари ва фуқаролиги бўлмаган шахсларни яшаш жойи бўйича бир йилгача бўлган муддатга вақтинча рўйхатга олиш амалиёти жорий этилади.

2026 йил 1 декабрга қадар "Рақамли ҳукумат" тизимининг "OASIS" (Ўзбекистон ахборот системаларининг интеграцион сервиси) ягона рақамли платформаси ишлаб чиқилади. "Рақамли ҳукумат лойиҳаларини бошқариш маркази" давлат муассасаси ушбу платформанинг оператори ҳисобланади.

2025 йил 1 ноябрдан бошлаб:

—  "Рақамли стартаплар" дастури ва (ёки) Марказий банкнинг "тартибга солиш қумдони"да иштирок этувчи стартап лойиҳаларга "Рақамли ҳукумат" тизимининг Рақамли маълумотлар платформасидан ахборот хавфсизлиги талаблари ва белгиланган тартибга риоя қилган ҳолда бир йил муддатга қадар бепул фойдаланиш имконияти тақдим этилади;

— Ўзбекистон Республикасининг хориждаги дипломатик ваколатхоналари (консуллик муассасалари) орқали жисмоний шахснинг шахсий идентификация рақамини олган ІТ-парк резидентларининг хорижий мутахассислари учун масофадан туриб банк ҳисобварақлари ҳамда виртуал банк карталарини очишга рухсат берилади.

2026 йил 1 январдан бошлаб ІТ-парк резидентларига реклама хизматлари ва дастурий таъминотдан фойдаланишга бўлган обуналар учун корпоратив банк карталари орқали тўловларни календарь йил давомида экспорт тушумлари доирасида, бироқ 500 минг АҚШ долларидан кўп бўлмаган миқдорда амалга оширишга рухсат берилади.

Бунда:

— реклама Инвестицияларни жалб қилиш, саноатни ривожлантириш ва савдони тартибга солиш масалалари бўйича Ҳукумат комиссияси томонидан тасдиқланган рўйхатга киритилган 100 миллиондан ортиқ аудиторияга эга ахборот ресурслари ва тизимлари (шу жумладан, веб-сайтлар, платформалараро ресурслар, мессенджерлар ва ижтимоий тармоқлар) да жойлаштирилиши талаб этилади;

— реклама хизматлари ва дастурий таъминотдан фойдаланиш обунаси бўйича оммавий оферта ва инвойслар, шунингдек, тўловлар тўғрисидаги маълумотлар "E-contract" ташқи савдо ахборот тизимига киритилади;

— умумий суммаси 5 минг АҚШ долларигача бўлган оммавий оферта, инвойс ва тўловлар тўғрисидаги маълумотлар "E-contract" ташқи савдо ахборот тизимига киритилиши талаб этилмайди ҳамда ушбу харажатлар дебиторлик қарз сифатида ҳисобга олинмайди.

Шу билан бирга, 2026 йил 1 январдан ІТ-парк резидентларига яратган дастурий маҳсулоти обунаси учун хорижий давлатлардан келиб тушадиган тўловларни "E-contract" ташқи савдо ахборот тизимига киритмаган ҳолда оммавий оферта орқали қабул қилишга рухсат берилади.

У.Қурбонов, ЎзА