Қашқадарёлик Ирода Сирожева илгари ишсиз ва камбағал оилалар рўйхатида турарди.
Давлатимиз раҳбарининг 2024 йил 23 сентябрдаги “Камбағалликдан фаровонлик сари” дастурини амалга ошириш бўйича биринчи навбатдаги чора-тадбирлар тўғрисида”ги қарори ва унинг ижроси доирасида ҳудудларда амалга оширилаётган ислоҳотлар Ироданинг ҳаётига ҳам ёруғлик олиб кирди.
Боиси мазкур қарор бугун камбағал, эҳтиёжманд оилаларнинг яшаш шароитини яхшилаш, турмуш фаровонлигини таъминлашда муҳим дастуриламал бўлиб хизмат қилмоқда.
Қарор асосида унинг оиласига ҳам раҳбар бириктирилди. Шундан сўнг у ишга жойлашди. 29 ёшга тўлган Ирода Сирожева 2024 йилнинг декабрь ойидан буён Қашқадарё вилояти Қарши туманининг Гулистон маҳалласида ижтимоий ходим сифатида фаолият юритмоқда.
Бир пайтлар эҳтиёжманд фуқаролар сафида турган Ирода бугунги кунда ўзини тиклаб, ижтимоий ҳимояга муҳтож инсонларга эзгулик улашмоқда.
Гулистон маҳалласида қарийб 9 минг нафарга яқин аҳоли яшайди. Ижтимоий ходим томонидан шу вақтга қадар 30 га яқин оилаларга ижтимоий хизмат ва ёрдамлар кўрсатилган.
[gallery-24875]
Мисол учун, шу маҳаллалик Тоштемир Маматов 70 ёшда. Фарзандлари, набираларининг бағрида умргузаронлик қилмоқда. Хасталик сабаб оёғидан ажралган отанинг дардига малҳам бўлганларнинг қаторида ижтимоий ходимнинг ҳам хизматлари беқиёс. Чунки унга ногиронлик аравачаси олиб берилди. Бундан ташқари, келини Гулинур Сатторова қаровчи сифатида бириктирилди. Эндиликда протез олиб беришга ҳаракатлар олиб борилмоқда.
Қатъият ва иродаси ҳаёт йўлининг не-не машаққатларида тобланган Ирода ҳимояга муҳтож инсонлар мушкулини осон қилишни мақсад қилган ва бу йўлда собитқадам кетмоқда.
Ўлмас Баротов, ЎзА мухбири