English
Chinese
Turkish
Tajik
Kyrgyz
Turkmen
Japanese
Arabic
English
French
Spanish
Русский
German
Ўзбек
Oʻzbek
Қазақ
Бир ойлик ҳарбий хизматга тўланган пул, академия имтиҳонлари ва аскарликдан қайтиш ҳақида янги маълумотлар
13:45 / 2020-04-20

АОКАда ўтказилган брифингда Мудофаа вазирлиги матбуот котиби Баҳром Зулфиқоров бу ва бошқа бир қатор саволларга жавоб берди.


Маълумки, юртимизда ҳарбий хизматни ўташ ёши 27 гача этиб белгиланган. Лекин ҳарбий хизматни ўташ пандемия туфайли вақтинча қолдирилса, шахс кейинчалик, яъни 27 ёшга тўлса ҳам ҳарбий хизматни ўташи мумкинми?

АОКАда ўтказилган брифингда Мудофаа вазирлиги матбуот котиби Баҳром Зулфиқоров бу ва бошқа бир қатор саволларга жавоб берди.

– Сафарбарлик чақируви резервидаги ҳарбий хизматнинг бир ойлик йиғинини апрель ойида ўташи белгиланган, – дейди Б.Зулфиқоров. –Бироқ карантини туфайли вақтинча қолдирилган бир ойлик йиғинларни, жумладан апрелда 27 ёшга тўладиган фуқаролар учун муддатни бир оз чўзиш ва улар учун бир ойлик хизматни ўташга имкон яратиш бўйича бугунги кунда белгиланган тартибда ишлар олиб борилмоқда. Бу масала кўриб чиқилиб, қарор қабул қилингандан сўнг унинг натижалари жойлардаги мудофаа ишлари бўлимлари ҳарбий хизматни ўташи керак бўлган шахсларга етказади.

Савол: Жиззах вилояти Бахмал туманида яшаймиз. Ўғлим Тошкент Қуролли кучлар академиясига ҳужжатларини туманимиз военкоматига топширган ва тиббий кўриклардан ўтган ҳужжатларини топшириш арафасида карантин бўлиб, тиббий кўрик ҳужжатлари қабул қилинмади. Энди имтиҳонлар нима бўлади?

– Вазирлар Маҳкамасининг 2014 йилдаги тегишли қарорига кўра, академияга танлашнинг биринчи босқичи ҳар йили 1 февралдан 31 мартгача туман мудофаа ишлари бўлимида, иккинчи босқичи 1 апрелдан 20 майгача Қорақалпоғистон Республикаси, вилоятлар ва Тошкент шаҳар Мудофаа ишлари бошқармаларида ўтказилиши белгиланган. Ҳозирда карантин муддати тугагандан сўнг туман ва вилоят мудофаа ишлари бўлим ва бошқармаларида фуқаролардан тиббий кўрик ҳужжатларини қабул қилиш вақтини бир оз муддатга чўздириш ҳамда олий ҳарбий таълим муассасаларига ўқишга кирмоқчи бўлган фуқаролар учун имкониятлар яратиш масаласи белгиланган тартибда кўриб чиқилмоқда.

Мудофаа, Ички ишлар ва Фавқулодда вазиятлар вазирликлари, Миллий гвардия ва Давлат хавфсизлик хизматининг қўшма қарор талабларига асосан функционал тиббий кўрик учун ўтказилган текширув ва лаборатория натижалари уч ой давомида ўз кучида қолади.

Олий ҳарбий таълим муассасаларида имтиҳонлар, яъни билим юртларида ўтказиладиган ҳарбий касбий танлов йилнинг 1 июнидан 25 июнигача ҳамда тест имтиҳонлари йилнинг 5 июль куни ўтказилиши белгиланган.

Савол: Карантин сабабли чақирувлар қолдирилган эди. Ҳарбий хизмат муддатини ўтаб бўлганлар нима бўлди? Уларни қайтишига рухсат бериладими?

– Мамлакатимизда коронавирус эпидемияси билан боғлиқ ҳолат яхшиланиши билан ҳарбий хизматга чақирув ишлари давом эттирилади. Муддатли ҳарбий хизматнинг белгиланган муддатини ўтаб бўлганларни резервга бўшатиш ишлари режага асосан амалга оширилмоқда ҳамда улар ортиқча муддат ҳарбий хизматда қолдирилмайди.

Савол. Бир ойлик хизматга пулини тўлаб қўйганлар нима қилишади? Карантин қачонгача чўзилиши номаълум бўлса, биз пулимизни қайтариб олсак бўладими?

– Коронавирус эпидемияси билан боғлиқ ҳолат яхши томонга ўзгариши билан ҳарбий хизматга чақирув ишлари давом эттирилади. Бир ойлик хизматга, яъни сафарбарлик чақируви резервидаги ҳарбий хизматни ўташ учун пул бадалини тўлаб қўйганлар фуқаролар 27 ёшга тўлгунга қадар СЧР бир ойлик хизмат йиғинини ўташлари мумкин. Шунинг учун карантин муддати тугагандан сўнг, албатта, бир ойлик хизматг йиғинига жалб қилинасиз, шунинг учун тўлов қилган пул бадалингиз қайтириб берилмайди.

Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2003 йил 22 февралдаги қарор билан киритилган низомда бу хизмат тури учун тўланган пул бадаллари қуйидаги ҳолатларда, яъни фуқаро ҳарбий хизматга яроқсиз деб топилганда ва унга тиббий-меҳнат экспертиза комиссияси 27 ёшгача I, II ёки III гуруҳ ногиронлиги берилган ҳолатда, шунингдек, сафарбарлик чақируви резерви хизматчиси вафот этганда ҳамда махсус ҳисоб рақамга янглишиб ёки ортиқча пул бадаллари ўтказилган ҳолатда пул бадаллари белгиланган тартибда қайтариб берилиши белгиланган.