Бир ойда 4 миллиард сўмдан зиёд компенсация ундириб берилди
Ўзбекистон Республикаси Уй-жой кодексининг 27-моддасига мувофиқ ер участкалари давлат ёки жамият эҳтиёжлари учун олиб қўйилиши муносабати билан фуқаролар мулкида бўлган уйлар (квартиралар) бузилган тақдирда мулкдорларга уларнинг танлови бўйича ва тарафлар келишувига кўра уй-жой майдонининг ижтимоий нормасидан кам бўлмаган саҳндаги, барча қулайликлари бўлган, аввалгисига тенг қимматли бошқа турар жой мулк қилиб берилади ҳамда дов-дарахтларнинг бозор қиймати тўланади ёхуд бузилаётган уй (квартира), бошқа иморатлар, иншоотлар ва дов-дарахтларнинг бозор қиймати, шунингдек, ер участкасига бўлган ҳуқуқнинг бозор қиймати тўлиқ ҳажмда тўланиши белгиланган.
Аммо баъзи маҳаллий ҳокимликлар томонидан юридик ва жисмоний шахсларга суд қарорига асосан тўланиши лозим бўлган компенсация пуллари турли сабабларга кўра кечиктирилади.
Мажбурий ижро бюроси Жиззах вилояти бошқармаси томонидан жорий йилнинг июнь ойида 16 та ижро ҳужжати бўйича 4 миллиард 273 миллион сўм компенсация пуллари жисмоний ва юридик шахслар фойдасига тўлиқ ундирилиб берилди.
Жумладан, Фуқаролик ишлари бўйича Жиззах туманлараро судининг Д.Мавлянова фойдасига Маҳаллий ҳокимликдан 793 миллион сўм компенсация ундириш тўғрисидаги ижро варақасига асосан пуллар ундирилди.
Ушбу пуллар ундирувчи фуқаро ва тадбиркорларнинг ўз эҳтиёжлари учун янги бино-иншоот қуришига хизмат қилса, ажаб эмас.
ЎзА