Русский
Chinese
Turkish
Tajik
Kyrgyz
Turkmen
Japanese
Arabic
English
French
Spanish
Русский
German
Ўзбек
Oʻzbek
Қазақ
Бир ойда 22 та коррупцияга оид жиноят содир этилган
10:28 / 2022-06-09

Навоий вилояти ҳокимлигида Коррупцияга қарши курашиш ҳудудий Кенгашининг навбатдаги йиғилиши бўлиб ўтди.

Унда вилоят ҳокими вазифасини бажарувчи Нормат Турсунов, Коррупцияга қарши курашиш агентлиги директори Акмал Бурхонов, Ўзбекистон Республикаси Президенти ҳузуридаги Давлат бошқаруви академияси биринчи проректори Худойқул Азизов, Ўзбекистон Республикаси Ҳисоб палатаси бош инспектори Шавкат Ғаффоров ҳамда Навоий вилояти Коррупцияга қарши курашиш ҳудудий Кенгаш аъзолари иштирок этди.

Таъкидланганидек, мамлакатимизда коррупцияга қарши муросасиз кураш олиб борилиб, бир қатор қонун ҳужжатлари қабул қилинди. Давлат хизмати тизими тубдан такомиллаштирилиб, инсон омилини камайтириш мақсадида ахборот технологиялари кенг жорий қилинмоқда, коррупция кенг тарқалган таълим ва қурилиш соҳаларида “Коррупциясиз соҳа” лойиҳаси амалга оширилиб, “Комплеанс назорат” тизими йўлга қўйилди.

Маълумотларга кўра, биргина 2022 йилнинг апрель ойида Навоий вилоятида 22 та коррупцияга оид жиноят содир этилиб, энг кўп коррупциявий жиноятлар содир этилган 5 та ҳудуддан бири сифатида қайд этилди.

2022 йилнинг 1-чорагида ваколатли органлар томонидан 72 та ташкилотда ўтказилган текширувларнинг 44 тасида 1 миллиард 854 миллион сўмлик бюджет маблағларининг ноқонуний сарфланиши билан боғлиқ ҳолатлар аниқланган.

Йиғилишда Коррупцияга қарши курашиш вилоят ҳудудий Кенгашининг иш режасига асосан “Ҳудудгаз Навоий” газ таъминоти филиали ва унинг қуйи тизимларида коррупциявий ҳолатларнинг юзага келиш сабаблари ва унга имкон яратиб берган шарт-шароитлар муҳокама этилди.

Маълум бўлишича, 2021 йилда “Ҳудудгазтаъминот” тизимида фаолият юритган 11 нафар шахсга нисбатан 7 та жиноят иши судда кўриб чиқилган. Улар томонидан ўзлаштириш ёки растрата йўли билан талон-торож қилиш ҳамда фирибгарлик жиноятлари содир этилган.

Якунда Ҳудудий кенгаш фаолияти самарадорлигини янада ошириш, мониторинг ва назорат тадбирларини ўтказиш, эшитувлар ташкил этиш, нодавлат нотижорат ташкилотлари, оммавий ахборот воситалари билан ўзаро ҳамкорликни мустаҳкамлаш орқали коррупцияга қарши курашиш тўғрисида фикрлар билдирилиб, газ таъминоти тизимини коррупциядан холи тизимга айлантириш бўйича таклиф ва тавсиялар берилди.

Абдували Бўриев, ЎзА