Ўзбек
Chinese
Turkish
Tajik
Kyrgyz
Turkmen
Japanese
Arabic
English
French
Spanish
Русский
German
Ўзбек
Oʻzbek
Қазақ
Бир ойда 1575 та жиноят ҳисобга олинди
11:59 / 2025-12-19

Самарқанд вилоят прокурорининг биринчи ўринбосари Сарвар Бозоровнинг вилоятдаги криминоген вазият ва профилактика тадбирлари юзасидан аҳолига мурожаатида қайд этилишича, шу йилнинг ноябрь ойида вилоят бўйича 1575 та жиноят ҳисобга олинган. Бу ҳар 100 минг аҳоли сонига нисбатан 28 тадан тўғри келади. Ушбу жиноятларнинг 21 фоизи аниқланадиган, 28 фоизи олдини олиш мумкин бўлган ва 51 фоизи ахборот технологиялари соҳаси билан боғлиқ жиноятларни ташкил этди. Ноябрь ойида ҳисобга олинган жиноятларнинг 343 таси (22 фоизи) маҳалла ҳудудида содир қилинган.

– Маҳаллаларда криминоген вазиятнинг барқарорлигини таъминлаш мақсадида йил бошидан буён кенг жамоатчилик ўртасида мунтазам профилактик тадбирлар ўтказилиб, 19 мингга яқин камера ва домофон ўрнатилди, 5 мингдан ортиқ “намунавий хавфсиз йўлак” ва “намунавий хавфсиз кўча” ташкил этилди, 19948 та объект техник қўриқловга олиниб, 436 та ташвиш тугмалари ўрнатилди, – дейди С.Бозоров. – Кўрилган профилактик чоралар натижасида ноябрь ойида ўтган октябрь ойига нисбатан олдини олиш мумкин бўлган жиноятлар 11 фоизга, маҳалла ҳудудида содир қилинган жиноятлар 22 фоизга камайишига эришилди. Вилоятдаги маҳаллаларнинг деярли ярмида (42 фоизида) жиноят содир этилишининг олди олинди. 2024 йилда криминоген вазияти оғир бўлган 106 та маҳалла билан алоҳида ёндашув асосида иш олиб борилиши натижасида уларнинг 35 фоизида умуман жиноят содир этилмади, 50 фоизида криминоген вазият яхшиланди. Самарқанд шаҳри, Пастдарғом ва Самарқанд туманларидаги сўнгги 5 йилда криминоген вазияти мураккаб бўлган маҳаллаларнинг 5 таси қизил тоифадан чиқарилди.  

Содир этилган жиноятларнинг деярли ярмини ҳали ҳануз ахборот технологиялари соҳаси билан боғлиқ жиноятлар ташкил этмоқда. Олдини олиш мумкин бўлган жиноятларнинг салмоқли қисми эса ўғрилик ва фирибгарлик жиноятларидан иборат бўлмоқда. Шу боис юртдошларимизнинг жиноят қурбони бўлиб қолмасликлари учун аввало нотаниш шахсларнинг текширилмаган ва ишончсиз ваъдаларига ишонмасликка, банк карталари ва шахсий ҳисоблари ҳақидаги маълумотларни бошқаларга бермасликка даъват этамиз.

Ғ.Ҳасанов, ЎзА мухбири