French
Chinese
Turkish
Tajik
Kyrgyz
Turkmen
Japanese
Arabic
English
French
Spanish
Русский
German
Ўзбек
Oʻzbek
Қазақ
Бир олманинг икки юзи
17:43 / 2022-06-21

Бир хил тарихга, умумий кечмишга эга озарбойжон ва ўзбек халқлари орасидаги дўстлик, қардошлик илдизи узоқ мозийга тақалади.

Ўзбеклар доим Озарбайжон адабиёти, маданиятига кучли қизиқиш билан қараган. 

Низомий Ганжавий, Муҳаммад Фузулий, Имодидиддин Насимий сингари мутафаккирлар ҳар доим ўзбек маданий-адабий муҳитида, ижтимоий ҳаётида пухта ўрганилган ва тарғиб қилинган. Ўрта асрлардан бошлаб асарлари ўзбек тилига таржима қилинган буюк шоир Ганжавий ўзбек адабиёти ва адабиётшунослигида алоҳида ўрин тутган.

Ўзбекистон билан Озарбайжон ўртасидаги бу кун ўзининг юксак ривожланиш даражасига етган адабий-маданий алоқалар республикага умуммиллий етакчи Ҳайдар Алиев раҳбарлик қилган йиллари жадал ривожланган. Ўша давр ҳар икки мамлакатда кино, театр, маданият кунлари, санъат кўргазмалари ташкил этилган, қардош халқларимизни бир-бирига янада яқинлаштириш мақсадида муҳим тадбирлар ўтказилган. Низомий, Насимий, Фузулий, Саид Азим Ширвоний, Мирзо Алиакбар Собир, Бахтиёр Ваҳобзода, Наримон Ҳасанзода, Анор, Залимхон Ёқуб сингари шоир ва ёзувчилар асарлари ўзбек тилида нашр қилинган.

Ўтган асрнинг 70-80-йиллари адабиётида қардош ўзбек халқи билан боғлиқ бадиий адабиёт намуналари жуда кўп. Бахтиёр Ваҳобзоданинг “Салом Ўзбекистон” шеъри шу жиҳатдан ниҳоятда қадрли.

Муаллиф ушбу шеърида турк халқлари қардошлиги, тилимиз, илдизимиз бирлиги, Ватанимиз яхлитлигини куйлаган. Шоир фикрича, Озарбайжон ҳам, Ўзбекистон ҳам ҳар биримиз учун Ватан, буюк турк дунёсининг икки парчаси, бир тан-у бир жондир.

Ўзаро адабий-маданий алоқаларимиз ривожига вақти-вақти билан Ўзбекистонда яшаган, ўз тақдирини шу ўлка билан боғлаган озарбайжонлик зиёлилар ҳам муносиб ҳисса қўшишган. Бу сафда ўзбек адабиётининг забардаст вакили, шоир, драматург, таржимон, асли Қазах тумани Салоҳли қишлоғида туғилиб ўсган Мақсуд Шайхзода, таниқли журналист, педагог, адабиётшунос Саид Ризо Ализода, Ўзбекистон ва Озарбайжон халқ артисти Фирудин Сафаров, рассом Айнулла Фатҳуллаев номларини фахр билан тилга олиш жоиз.

Қардош мамлакатлар ўртасидаги алоқалар Озарбайжон Республикаси Президенти, умуммиллий етакчимизнинг муносиб давомчиси Илҳом Алиев раҳбарлик қилган йилларда янада чуқурлашди. Бу даврда сиёсий, дипломатик, иқтисодий, адабий-маданий алоқалар чўғ ривожланди. Ўзбекистонда буюк озар шоири Низомий Ганжавийга, Бокуда улуғ ўзбек мутафаккири Алишер Навоийга ҳайкал ўрнатилди. Атоқли озарбайжон ва ўзбек мумтоз адибларининг асарлари ўзаро таржима қилиниб, кўп минг нусхада нашр этилди. Айни жараён изчил давом этмоқда.

Кейинги йилларда Ўзбекистон ва Озарбайжон олий ўқув юртлари ҳамкорлигига алоҳида эътибор қаратилмоқда. Боку давлат университети Тошкент давлат юридик ҳамда Самарқанд давлат университетлари билан келишув имзолади. Ушбу ҳужжатлар илм-фан, зиё масканлари ўртасида академик, илмий ва маданий алмашинув имкониятини кенгайтириш, илмий-тадқиқот ишларини йўлга қўйишга қаратилган.

Бугунги кунда Озарбайжон ҳам Ўзбекистон ҳам ўз минтақаларининг етакчи давлатлари сифатида туркий дунёда юқори даражали кўп томонлама дипломатик алоқани ривожлантириш борасида муҳим ташаббуслар билан чиқмоқда. Мамлакатларимиз турк ҳамжамияти тараққиётига улкан ҳисса қўшмоқда.

Турли халқаро ва минтақавий тузилмалар доирасида ўзаро муносабатларимиз кундан-кун равнақ топяпти.

Ишончимиз комилки, қардош давлатларимиз, биродар халқларимизнинг кўп асрлик дўстона муносабати бундан буён ҳам ривожланиб, икки юрт фаровонлигини юксалтиришга хизмат қилаверади.

Элчин Бобоев,

Боку давлат университети ректори