English
Chinese
Turkish
Tajik
Kyrgyz
Turkmen
Japanese
Arabic
English
French
Spanish
Русский
German
Ўзбек
Oʻzbek
Қазақ
Бир оиланинг тўрт фарзандига туғилганлик гувоҳномаси берилди
15:44 / 2022-11-14

Ҳаётда турли юмушлар сабабли инсон учун зарур бўлган ҳужжатларни ўз вақтида қайд этилмаслик йиллар ўтиб турли оворагарчиликларга сабаб бўлиши мумкин.

Наманган вилояти адлия бошқармаси, Янги Наманган тумани адлия ҳамда ФҲДЁ бўлимлари томонидан маҳаллаларда ташкил этилган навбатдаги “Хонадонбай” ўрганишлар давомида ҳуқуқий тарғибот тадбирлари амалга оширилди. Бунинг натижаси ўлароқ, бир неча йиллардан бери туғилганлик гувоҳномаси йўқлигидан турли қийинчиликларга учраётган айрим оилалар борлиги аниқланиб, уларга ҳуқуқий ёрдам кўрсатилди.

Янги Наманган туманида истиқомат қилувчи Шоҳида Холмуродова икки фарзандининг туғилганлик гувоҳномаси йўқлиги боис туман ФҲДЁ бўлимига мурожаат қилди. Унинг мурожаати бўлим томонидан кўриб чиқилиб, фуқарога амалий ёрдам кўрсатилди. Маълум бўлишича, бу аёл 2007 ҳамда 2012 йилларда уй шароитида тиббий ёрдамсиз икки нафар ўғил фарзандни дунёга келтирган, аммо ҳозирга қадар фарзандларини туғилганлиги қонуний расмийлаштирилмаган.

Мурожаатчига туғилишни қайд этиш учун керакли маълумотларни тақдим этиш учун ФҲДЁ бўлими томонидан ташкилотларга алоқа хатлари билан мурожаат қилинди. Бунинг натижасида эса мурожаатчининг фарзандларини туғилганлик ҳақидаги ҳужжатлари қайд этилди.

– Ўрганишларимиз давомида тумандаги Гулистон маҳалласида истиқомат қилувчи Котиб Абдураҳмонов ва Дилфуза Шодмоноваларнинг тўрт нафар фарзанди - 2006, 2011 ва 2014 йилларда туғилган қизлари ҳамда 2015 йилда таваллуд топган ўғлига онанинг шахсини тасдиқловчи ҳужжати бўлмаганлиги сабабли туғилиш гувоҳномаси ололмаганлиги маълум бўлди, – дейди Янги Наманган тумани ФҲДЁ мудири Зулайҳо Отахонова. – Мазкур мурожаатни ижобий ҳал этиш мақсадида тегишли ташкилотларга алоқа хатлари билан мурожаат қилиб, туғилишни қайд этиш учун керак бўладиган маълумотлар олдик. Натижада, бир оиланинг тўрт фарзандига туғилганлик гувоҳномалари берилди.

 

Оқилхон Дадабоев,  

ЎзА.