Arabic
Chinese
Turkish
Tajik
Kyrgyz
Turkmen
Japanese
Arabic
English
French
Spanish
Русский
German
Ўзбек
Oʻzbek
Қазақ
Бир оиланинг аҳил фарзандлари
15:44 / 2022-08-01

Давлатимиз раҳбари Шавкат Мирзиёевнинг 30 июль – Халқлар дўстлиги куни муносабати билан Ўзбекистон халқига байрам табриги мамлакатимизда миллатлараро тотувликни, ижтимоий барқарорликни асраб-авайлаш масаласига доим устувор аҳамият қаратилаётганининг яна бир амалий ифодасидир.

Мазкур табрик кўп миллатли Ўзбекистонда бир оила фарзандларидек иноқликда яшаётган ҳамюртларимизда катта эътибор уйғотди. Бу жиҳатлар уларнинг фикр-мулоҳазаларида ҳам ўз ифодасини топмоқда.

Раҳматилла ЖАББОРОВ, Ўзбекистон қирғиз миллий маданий маркази раиси:

– Кейинги пайтларда дунёда рўй бераётган воқеалар тинчлик ва тотувликнинг қадр-қиммати нечоғли баланд эканини яна бир карра кўрсатмоқда. Сўнгги беш-олти йилда мамлакатимизда миллатлар ўртасидаги тотувликни асраш, яқин қўшни давлатлар билан дўстона алоқаларни йўлга қўйиш борасида мисли кўрилмаган ташаббуслар ҳаётга жорий этилди.

Дарҳақиқат, мамлакатимизда истиқомат қилаётган турли миллат вакиллари ўз ҳаёти ва тақдирини шу азиз ва табаррук Ўзбекистон билан чамбарчас боғлаган. Президентимиз Шавкат Мирзиёевнинг 30 июль –Халқлар дўстлиги куни муносабати билан Ўзбекистон халқига байрам табриги барча миллий маданий марказлар каби бизнинг келгуси фаолиятимизда ҳам устувор ўрин эгаллаши шубҳасиз.

Фирдоуси ГУСЕЙНОВ, Республика озарбайжон миллий маданий маркази раиси:

– Бизнинг миллий маданий марказимиз филиаллари Ўзбекистоннинг олтита вилоятида самарали фаолият кўрсатмоқда. Илгарилари ишлаш учун офисимиз, ҳатто оддий йиғилишлар ўтказиш учун ҳам жойимиз йўқ эди. Ҳозирда миллий маданий марказлар фаолияти билан боғлиқ барча масалалар тўлиқ ҳал этилган. Миллий либослар учун ҳам муайян маблағлар ажратилмоқда. Президентимиз фармони асосида Ватанимизнинг юксак мукофотлари билан тақдирланганлар сафида озарбайжон миллатига мансуб инсонлар ҳам борлиги бизни жуда қувонтирди. Жумладан, Республика озарбайжон миллий маданий маркази бошқарув кенгаши аъзоси Элдар Мамедов, пойтахтнинг "Миробод" туманидаги "Темирйўлчилар" маҳалла фуқаролар йиғини раиси Меҳрибон Рагимова "Дўстлик" ордени билан тақдирлангани қалбимизни қувончга тўлдирди. Ўзбекистон ва Озарбайжон ўртасида дўстлик, ҳамкорлик, сиёсий, иқтисодий, маданий-маърифий алоқаларнинг янги саҳифаси очилгани ҳар икки давлат тараққиётига хизмат қилиши шубҳасиз.

Маметназар НАЗАРОВ, Ўзбекистон туркман миллий маданий маркази раиси ўринбосари:

– Дарҳақиқат, бугунги кунда миллий маданий марказлар фаолиятини замон руҳига монанд йўлга қўйиш учун барча шароит яратилди. Чиндан ҳам, кўп миллатли жонажон Ўзбекистонимизда аҳилликни асраб-авайлаш борасидаги ютуқлар иқтисодий, сиёсий, маданий-маърифий жабҳаларда қўлга киритилаётган натижаларнинг асосий омили саналади. "Ўзбекистон – умумий уйимиз" улуғвор шиори барча ҳамюртларимизни ўз атрофида бирлаштиргани, мамлакат ривожи йўлида самарали меҳнат қилишга ундагани муваффақиятларимизнинг муҳим асосидир. Куни кеча эълон қилинган фармон билан Ўзбекистон туркман миллий маданий марказининг Сурхондарё вилояти бўлими раиси Эргаш Авазов "Дўстлик" ордени билан тақдирланди. Бу эса жонажон Ўзбекистонимизда ҳар бир миллат ва элат вакилининг фидокорона меҳнати, эзгу интилишлари доимий эътиборда эканини амалда исботлайди.

ЎзА мухбири

Назокат УСМОНОВА

ёзиб олди.