Бугун ҳар бир соҳа ва тармоқда “Инсон қадри учун” тамойили асосида ишлар ташкил этилмоқда.
Хусусан, Давлат хизматлари агентлиги соҳасида фуқароларни қийнаб келаётган муаммолар ҳал этилиб, уларнинг мурожаатлари тез фурсатларда кўриб чиқилмоқда.
Наманган вилоятининг Мингбулоқ туманида яшовчи Рўзимат Саримсоқов мана бир неча йилдирки, фуқаролик паспорти йўқлиги учун турли қийинчиликларга дуч келади. У биринчи турмуши ўхшамай, иккинчи бор уйланганда қонуний никоҳдан ўтмагани боис, икки фарзандига туғилганликни қайд этиш имкони бўлмади. Орадан йиллар ўтиб, болалари улғайиб мактаб ёшига етганида фарзандларининг ҳужжатларини тўғрилашга киришди. У дастлаб, туман фуқаролик ҳолати далолатномаларини ёзиш бўлимига мурожаат қилди. Мазкур мурожаат батафсил ўрганилиб, фуқаронинг фарзандларига туғилганлик гувоҳномаси расмийлаштиришга киришилди.
Фуқаролик ҳолати далолатномаларини ёзиш бўлими архивида сақланаётган далолатнома ёзувларининг рақамлаштирилгани фуқароларнинг узоғини яқин, мушкулини осон бўлишига хизмат қилмоқда. Аҳоли учун яратилган қулай шароитдан фойдаланган фуқаро фарзандларини туғилганлигини қайд этишда ортиқча сарсон бўлмай шу жойнинг ўзида хизматдан фойдаланди.
Мингбулоқ тумани фуқаролик ҳолати далолатномаларини ёзиш бўлими томонидан бир оиланинг икки нафар аъзосига муддати ўтган туғилганлик гувоҳномаси ёзиб берилди. Энди, Беҳрузбек ва Бекзод юртимизда яратилган кенг имконият ва қулайликлардан фойдалана олади. Агарда уларнинг ота-онаси ўз вақтида турли юмушлар билан андармон бўлиб, ҳужжат ишларига бепарволик қилмаганларида эди бундай қийинчиликларга дуч келишмасди. Энди оила боши фуқаролик паспортини олгач, икки фуқаро қонуний никоҳдан ўтади.
Бир оиланинг икки фарзанди, каттаси 10 ёшда, кичиги эса 6 ёшга тўлганда туғилганлик гувоҳномасини олди. Оила бошлиғи эса ҳозиргача фуқаролигини белгиловичи бош ҳужжатга эга эмас эди.
Шунча вақтгача маҳалла фуқаролар йиғини, профилактика инспектори ва бошқа мутасаддилар нима сабабдан бунга эътибор бермаган?
Бу савол очиқлигича қолмоқда.
Оқилхон Дадабоев, ЎзА