Бухорода “Бир бўлсак – ягона халқмиз, бирлашсак – Ватанмиз!” эзгу шиори остида “Бир нуроний –ўн ёшга масъул” деб номланган кўрик-танловнинг вилоят босқичи бўлиб ўтди.
Ушбу кўрик-танловдан кўзланган асосий мақсад кексаларнинг бой ҳаётий тажрибасидан ёшлар таълим-тарбиясида фойдаланишдир. Вилоятдаги 544 та маҳаллада айни пайтда минг нафардан зиёд отахону онахон 7 мингдан зиёд ўғил-қизга мураббийлик қилмоқда.
[gallery-18754]
–Бунда аввало ҳаётий тажрибамизга, билимимизга таянамиз, – дейди Жондор туманидаги “Навгади” маҳалла фуқаролар йиғинида яшовчи меҳнат фахрийси Феруза Раҳматова. –Шахсан ўзим қирқ йилдан зиёдроқ вақт давомида кутубхонада ишлаб келяпман. Умрим китобу ёшлар орасида ўтгани боис бўлса керак, тарбияси оғир болалар кўнглига тез йўл топаман. Ўтган икки йил давомида 22 нафар шундай ўғил-қизни тўғри йўлга бошладим.
“Бир нуроний–ўн ёшга масъул” деб номланган кўрик-танловнинг вилоят босқичида шаҳар ва туманлардаги маҳаллалардан келган нуронийларнинг чиқишлари ҳайъат кенгаши томонидан баҳолаб борилди. Улар учта шарт бўйича беллашди. Шу тариқа ўзаро тажриба алмашди.
Кўрик-танловнинг вилоят босқичи ғолиб ва совриндорлари ташкилотчилар томонидан тақдирланди.
Зариф Комилов, Тоҳиржон Истатов (сурат),
ЎзА мухбирлари