Ўзбек
Chinese
Turkish
Tajik
Kyrgyz
Turkmen
Japanese
Arabic
English
French
Spanish
Русский
German
Ўзбек
Oʻzbek
Қазақ
Бир нафар боксчимизда бронза, 12 нафари эса олтин йўлидаги курашларни давом эттиради
11:42 / 2022-11-10

Иордания пойтахти Амманда бокс бўйича ўз якунига етиб бораётган Осиё чемпионатининг аёллар ўртасидаги ярим финал жанглари якунига кўра, мамлакатимиз боксчиларининг икки нафари финалга йўл олган бўлса, 1 нафари бронза медали соҳиби бўлди.

Мусобақада 48 кг вазн тоифасида юртимиз шарафини ҳимоя қилган Фарзона Фозилова ярим финалда ҳакамлар қарорига кўра, ғолибликни қозоғистонлик Алуа Балкибековага тақдим этди. Бу эса ҳамюртимиз Осиё чемпионатининг бронза медалига мушарраф бўлганини англатди.  

75 килограмм вазнда баҳс олиб борган Соҳиба Рўзметова ярим финалда филиппинлик Байцадан Хергини 3:2 ҳисобида мағлуб этди. Шунингдек, 66 кило оғирликда жанг олиб борган самарқандлик Навбаҳор Ҳамидова финал остонасида ҳиндистонлик Боро Анкушитани бронза медаль билан кифоялантирди. Энди Навбаҳор Жанубий Корея боксчиси билан олтин медаль масаласини ҳал этса, Соҳиба ҳиндистонлик Ловлина Борго билан финалда рўбарў келади.

  

Хабар берганимиздек, бугун 10 ноябрь куни чемпионатнинг эркаклар ўртасидаги ярим финал жанглари ташкил этилади.  

Унда 10 нафар боксчимиз ғолиблик йўлидаги одимларини ташлашади. Жумладан, Рио олимпиадаси ғолиби Ҳасанбой Дўсматов мўғулистонлик Кҳаркҳуу Энкҳмандакҳ билан, Ўзбекистоннинг 2021 йилдаги энг яхши боксчиси сифатида эътироф этилган Руслан Абдуллаев Хитой тайпейилик Чу Эн Лаи билан, ҳарбийлар ўртасида жаҳон чемпиони Лазизбек Муллажонов Ҳиндистон вакили Нареэндар билан куч синашади.  

Шунингдек, Шаҳзод Музаффаров — Маҳмуд Сабирхан (Қозоғистон),  Абдумалик Халаков — Гантумур Лунда (Мўғулистон),  Адҳамжон Муҳиддинов — Баярҳуу Буяндалаи (Мўғулистон), Асадхўжа Мўйдинхўжаев — Дулат Бекбауров (Қозоғистон),  Саиджамшид Жафаров — Сумит (Ҳиндистон),  Одилжон Аслонов — Бекжигит улу Омурбек (Қирғизистон),  Мадиёр Саидраҳимов — Аҳмат Сулайман Ал-Теимат (Иордания) ўртасида ярим финал баҳслари ўтказилади.  

Эртага 11 ноябрь куни хотин-қизлар ўртасида, 12 ноябрда эса эркаклар ўртасидаги финал жанглари бўлиб ўтади.    

Эслатиб ўтамиз, мусобақа низомига мувофиқ қитъа чемпионатида биринчи ўринни эгаллаган боксчилар жаҳон рейтинги учун 1200, кумуш ва бронза медаль соҳиблари 900 ва 700  рейтинг очко жамғаришади. Шунингдек, 5-ўрин 400, 7-ўрин 300, 1/16 финал қатнашчилари 150, 1/32 иштирокчилари 50 очколи бўлишади.  

 

Т.Рўзиев,  

ЎзА