Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги Давлат тест маркази Жамоатчилик кенгашининг йиғилиши бўлиб ўтди.
Унда таъкидланганидек, мамлакатимизда таълим соҳаси ривожланган сари ёшларнинг олий маълумот олишга бўлган интилиши ҳам кучайиб бормоқда. Бу эса ёшларимизларга янада кенг имкониятлар, имтиёзлар яратиш эҳтиёжини келтириб чиқармоқда. Давлатимиз раҳбари томонидан бу борада қабул қилинаётган қарорлар, илгари сурилаётган ташаббуслар асосида манзилли имтиёзлар кенгаймоқда. Аввалги йилларда ечимини топмаган масалалар ҳал этилмоқда. Хотин-қизлар, ногиронлиги бўлган ёшлар, олис туманларда истиқомат қилаётган шахсларнинг олий таълим олиши учун кўплаб имкониятлар берилмоқда. Ёшларни олий таълим билан қамраб олиш кўрсаткичи йил сайин ортмоқда.

Мамлакатимизда хорижий тилларни ўргатишни оммалаштиришни янги босқичга олиб чиқиш ва соҳани ривожлантириш йўлида тизимли ишларни ташкил этиш, ёш авлодни ҳар томонлама баркамол инсонлар этиб тарбиялаш, бунинг учун барча шароитларни яратиш мақсадида Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2022 йил 19 январдаги “Хорижий тилларни ўрганишни такомиллаштириш бўйича қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида”ги қарори қабул қилинди. Унга кўра 2022/2023 ўқув йили қабулидан бошлаб хорижий тиллар бўйича мутахассисларни тайёрлашга ихтисослашган Ўзбекистон давлат жаҳон тиллари университети, Самарқанд давлат чет тиллар институти, Тошкент давлат шарқшунослик университетининг (фанлар мажмуасига чет тили биринчи фан сифатида киритилган) бакалавриат таълим йўналишларига ҳамда Тошкент давлат педагогика университети, Қўқон давлат педагогика ва Нукус давлат педагогика институтларининг хорижий тиллар бўйича педагогларни тайёрловчи бакалавриат таълим йўналишларига кириш имтиҳонларида фанлар мажмуасида чет тили фанидан тинглаб тушуниш, ўқиш, ёзиш ҳамда гапириш компетенцияларини аниқлаш ва баҳолашга қаратилган касбий (ижодий) имтиҳон ўтказиш белгиланган.
2022/2023 ўқув йилига олий таълим муассасаларига ўқишга кириш учун онлайн рўйхатдан ўтиш жараёнида юқорида кўрсатилган олий таълим муассасаларини танлаган абитуриентларга чет тили фанидан касбий ( ижодий) кириш имтиҳонларини топширишлари учун рўйхатдан ўтиш жараёни жорий йилнинг 20 июнидан 17 июлига қадар давом этди. Ҳозирги кунда юқорида номи келтирилган олий таълим даргоҳларини танлаган абитуриентларга чет тили фанидан касбий (ижодий) кириш имтиҳонларини топшириш учун республика бўйича 74 та аудитория белгиланган талаблар асосида тайёрланиб, 1 сменада 1957 нафар абитуриентнинг чет тили фанидан касбий(ижодий) имтиҳон топшириш имконияти пайдо бўлди.

Йиғилишда Давлат тест маркази Коррупцияга қарши ички назорат тузилмаси раҳбарининг ҳисоботи ҳам тингланди. Қайд этилганидек, мазкур ташкилотнинг коррупцияга қарши ички назорат тизимини жорий этувчи кўплаб ҳужжатлар ишлаб чиқилиб, амалиётга жорий этилмоқда. Тегишли тартибда кўплаб чора-тадбирлар, ишлар олиб борилмоқда. Буларнинг бари Давлат тест маркази фаолиятининг очиқлиги, холис ва шаффофлигини таъминлашда муҳим аҳамият касб этмоқда.
Йиғилишда шунингдек, 2022/2023 ўқув йилида олий таълим муассасалари бакалавриатига ўқишга қабул қилиш бўйича тест жараёнига тайёргарлик бўйича масалалар хусусида ҳам атрофлича маълумотлар берилди. Ушбу масъулиятли жараёнга тайёргарлик бўйича 58 та стадион ва хиёбоннинг режа-чизмалари ишлаб чиқилиб, ҳокимликлар томонидан тасдиқланди. Уларда тест синовларини ўтказиш Ўзбекистон Республикаси олий таълим муассасаларига ўқишга қабул қилиш жараёнларини мувофиқлаштириш бўйича Давлат комиссиясининг тегишли баёни билан тасдиқланди. Прогноз кўрсаткичлар бўйича онлайн рўйхатдан ўтувчи абитуриентлар сони бу йил 1 миллион нафардан ортиши кутилмоқда.
Тест синовларига жалб этиладиган назоратчилар сони 3494 нафарни ташкил этмоқда. Тест синовлари ўтказиладиган кунларда ҳар бир абитуриент ручка, ичимлик суви ва кепкалар билан таъминланиши режалаштирилган. Абитуриентларнинг 2022/2023 ўқув йилида олий таълим муассасалари бакалавриатига ўқишга қабул қилиш бўйича ДТМ my.dtm.uz ва ЯИДХПнинг my.gov.uz расмий сайтлари орқали онлайн тарзда рўйхатдан ўтишлари бўйича тегишли ишлар амалга оширилмоқда.
Йиғилишда кўрилган барча масалалар юзасидан тегишли таклиф ва тавсиялар ишлаб чиқилди.
Н.Усмонова, ЎзА мухбири