Коррупцияга қарши курашиш агентлиги томонидан “Бир миллион дастурчи” лойиҳасига ажратилган бюджет маблағларининг ҳудудларда мақсадли сарфланиши ҳолати ўрганилди.
Агентлик ахборот хизматидан хабар беришларича, 2023 йил давомида Мактабгача ва мактаб таълими вазирлиги ҳузуридаги “Ўқув таълим-таъминот” давлат муассасаси томонидан “Бир миллион дастурчи” лойиҳаси доирасида республика бюджети ҳисобидан харид қилинган компьютер ва бошқа воситаларнинг тавсия этилган техник топшириқларга мувофиқлиги ҳамда молиявий маблағлардан фойдаланишнинг оқилоналиги, тежамкорлиги ва самарадорлиги Фарғона, Наманган, Тошкент, Сирдарё ва Жиззах вилоятларида жойига чиққан ҳолда ўрганилди.
Етказиб берилган компьютерларнинг техник хусусиятлари ўрганилганида шартномада кўрсатилган талаблар тўлиқ бажарилмагани аниқланган.
Ўрганиш якунлари бўйича тўпланган ҳужжатлар масъул шахсларнинг хатти-ҳаракатларига ҳуқуқий баҳо бериш учун Бош прокуратура ҳузуридаги Иқтисодий жиноятларга қарши курашиш департаментига юборилди.
Мазкур ҳолат юзасидан Департаментнинг Тошкент шаҳар бўлими томонидан терговга қадар текширув ҳаракатлари олиб борилиб, “Ўқув таълим-таъминот” давлат муассасаси ва “Smart Sales Leader” масъулияти чекланган жамияти ўртасида тузилган шартномага асосан, жамият томонидан етказиб берилиши лозим бўлган қўшимча электрон воситалар етказиб берилмасдан, жами 919 миллион 360 минг сўм миқдордаги бюджет маблағлари ўзлаштириш йўли билан талон-торож қилингани аниқланган.
Ҳолат юзасидан масъул мансабдор шахсларга нисбатан Жиноят кодексининг 167-моддаси 3-қисми «а» банди ҳамда 205-моддаси 2-қисми «а» банди билан жиноят иши қўзғатилиб, дастлабки тергов ҳаракатлари олиб борилмоқда.
Н.Абдураимова,
ЎзА