Бир миллиард сўм хайрия ёрдами
Маҳалла ва оилани қўллаб-қувватлаш вазирлиги қошида ташкил этилган Ҳомийлик хайрияларини мувофиқлаштириш марказларига кўплаб фуқаролар мурожаат қилиб, хайрия қилиш истагини билдиришмоқда.
Маҳалла ва оилани қўллаб-қувватлаш вазирлиги қошида ташкил этилган Ҳомийлик хайрияларини мувофиқлаштириш марказларига кўплаб фуқаролар мурожаат қилиб, хайрия қилиш истагини билдиришмоқда. Бу борада нафақат озиқ-овқат маҳсулотлари, балки аҳоли саломатлигини асраш мақсадида зарур дори-дармон воситаларини харид қилиш ва уларни эҳтиёжманд аҳоли қатламига етказиш учун ҳам кўпгина ташкилотлар хайрия маблағлари билан ёрдам қўлларини чўзишмоқда.
Президентимизнинг 2019 йил 20 майдаги “Ўзбекистон – Амирликлар инвестиция компанияси фаолиятини ташкил этиш чора-тадбирлари тўғрисида”ги ПФ–5722-сонли Фармони асосида ташкил этилган “Ўзбек Омон Инвестиция компанияси” масъулияти чекланган жамияти ҳозирги вақтда юртимизнинг халқаро доирадаги инвестиция бозорида катта ўрин тутади. Кўплаб саховатпеша ташкилотлар қаторида мазкур МЧЖ ҳам мамлакатимизда коронавирус инфекциясини тарқалишини олдини олиш ва халқимизнинг эҳтиёжманд қатламини ижтимоий қўллаб-қувватлаш борасида олиб борилаётган хайрия тадбирларига ўз ҳиссасини қўшиш мақсадида Ўзбекистон “Маҳалла“ хайрия жамоат фондига қарийб 1 000 000 000 (бир миллиард) сўм миқдорида хайрия ёрдами ўтказиб берди.
Албатта, чинакам инсонийлик сабоғига айланиб бораётган бу каби хайрли ишлар ортида юртимиз аҳолисининг турмуш тарзи янада яхшиланиб бориши баробарида эртанги кунга бўлган ишончи ва интилиши юксалиб боради. “Ўзбек Омон Инвестиция компанияси” МЧЖ томонидан ажратилган бу хайрия маблағлари ҳам кўплаб оилаларга қувонч, дастурхонларига тўкинлик бағишлайди.
Маҳалла ва оилани қўллаб-қувватлаш вазирлиги
матбуот хизмати