English
Chinese
Turkish
Tajik
Kyrgyz
Turkmen
Japanese
Arabic
English
French
Spanish
Русский
German
Ўзбек
Oʻzbek
Қазақ
Бир мавсумда 2 минг 160 тонна асал
18:03 / 2018-11-21

Андижон вилоятида асал етиштириш билан шуғулланувчи фермер ва деҳқон хўжаликлари, якка тартибдаги тадбиркорлар томонидан 2017 йилда 1 минг 900 тонна асал етиштирилган бўлса, жорий йилда бу кўрсаткич 2 минг 160 тоннага етди.

Андижон вилоятида асал етиштириш билан шуғулланувчи фермер ва деҳқон хўжаликлари, якка тартибдаги тадбиркорлар томонидан 2017 йилда 1 минг 900 тонна асал етиштирилган бўлса, жорий йилда бу кўрсаткич 2 минг 160 тоннага етди.

Бу ҳақда Андижон шаҳридаги “Марказий деҳқон бозори“да ўтказилаётган “Асал байрами ва асал маҳсулотлари“ миллий кўргазма-ярмаркасида маълумот берилди.

– Ҳозирда асаларичиларимиз 32 минг 480 қути асалари уясини парваришламоқда, – дейди Асаларичилар уюшмаси Андижон вилояти бўлими раҳбари Содиқжон Мўминов. – Авваллари бир қути асалари уясидан 5-6 килограмм асал олинган бўлса, илғор технология ва иш услубларини қўллаш ҳисобига бугун тажрибали асаларичилар ҳар қутидан 8-10 килограммгача маҳсулот олишга эришмоқда.

Қарийб 700 нафар асаларичини бирлаштирган Асаларичилар уюшмаси вилоят бўлими ташаббуси билан вилоят ҳокимлиги, қишлоқ хўжалиги бошқармаси ҳамда “Алоқабанк” АТБ вилоят филиали ҳамкорлигида Андижон шаҳрида ўтказилаётган кўргазма-ярмаркада эллик нафарга яқин асал етиштирувчи аҳолига 15 турдан ортиқ сифатли ва шифобахш асал тақдим этмоқда.

Асаларичиликни ривожлантириш мақсадида биргина “Алоқабанк” АТБ вилоят филиали томонидан 23 асаларичига 1 миллиард 350 миллион сўм миқдорида кредит берилган.

4.JPG

– Асал нафақат шифобахш неъмат, балки яхшигина даромад манбаи ҳамдир, – дейди кўргазма иштирокчиси, Булоқбоши тумани Гулистон маҳалласида яшовчи Одилжон Ўринов. – Бир неча йилдан буён асаларичилик билан оилавий шуғулланиб келамиз. Банкдан кредит олиб, фаолиятимизни янада кенгайтирдик. Ҳозир 150 та асалари уясини парвариш қиламиз, йилига 1-1,5 тонна асал оламиз.

Ноябрь ойининг охирига қадар давом этадиган кўргазма-ярмарка доирасида асосий ва қатор номинациялар бўйича энг яхши асаларичилар аниқланиб, уларга “Асал байрами”нинг республика босқичида қатнашиш учун йўлланма берилади.