Навоий шаҳридаги 8-умумтаълим мактаби вилоятдаги энг намунали ўқув даргоҳларидан биридир. Мактаб ўқувчилари ҳар йили олий таълим муассасаларига кириш бўйича юқори ўринларни эгаллаб келади.
Гарчи жорий ўқув йили ҳали якунланмасдан ҳозирги кунга қадар юқори синф ўқувчилари Билим ва малакаларни баҳолаш агентлиги томонидан фанлар кесимида ўтказилган тест синовларида фаол иштирок этиб, жами 714 та сертификат жамғаришга улгурди. Бу мактабда билим бериш жараёни тизимли ва мақсадли ташкил этилганидан далолат беради.
– Мазкур натижа фақат алоҳида иқтидорли ўқувчилар ҳисобига эмас, балки умумий билим даражасининг ошгани билан аҳамиятлидир, – дейди мактаб директори Фозилжон Бўриев. – Шу кунга қадар мактабимизнинг 10 нафар 11-синф ўқувчиси 189 балл тўплаб, муддатидан олдин талаба бўлди. Бу натижа давлат тест синовларига пухта тайёргарлик йўлга қўйилганини, ўқувчиларда мақсадга интилиш ва ишонч юқори эканини кўрсатади. Шу билан бирга, мактабнинг икки нафар битирувчиси нуфузли хорижий олий таълим муассасалари талабасига айлангани таълим сифати халқаро талабларга ҳам мослашаётганидан дарак беради.
Албатта, бу каби муваффақиятлар замирида фидойи ва ўз касбининг билимдонлари бўлмиш устозлар меҳнати ётади. Айни пайтда мактабда фаолият олиб бораётган педагогларнинг 80,1 фоизи турли тоифага эга. Бу кўрсаткич ўқитувчиларнинг малакаси мунтазам ошириб борилаётгани, замонавий педагогик технологиялардан самарали фойдаланилаётгани ва фанларни чуқур ўқитишга алоҳида эътибор қаратилаётганининг амалий ифодасидир.
А.Бўриев, ЎзА мухбири