Бугун Самарқанд вилоятидаги 1267 умумий ўрта таълим муассасаларида 2023/2024 ўқув йили бошланиб, “Янги ҳаёт учун, янги Ўзбекистон учун!” шиори остида “Биринчи қўнғироқ” тадбирлари ўтказилди.
Ушбу тадбирларда вилоят ва туман, шаҳар сектор раҳбарлари, бошқарма ва идоралар бошлиқлари, эл эъзозидаги таниқли кишилар иштирок этиб, ўқитувчи ва ўқувчиларни янги ўқув йили билан табриклади.

Жумладан, Самарқанд шаҳридаги 81-умумий ўрта таълим мактабидаги “Биринчи қўнғироқ” тадбирида вилоят ҳокими ўринбосари Рустам Қобилов иштирок этди ва мактаб жамоаси ҳамда ўқувчиларни қутлади.
– Вилоятимизда энг катта мактаблардан бири бўлган ушбу таълим муассасаси жойлашган Қорасув массивида қарийб 45 минг нафарга яқин аҳоли истиқомат қилади, – деди Р.Қобилов. – Шаҳарчада ёш оилалар кўп. Шунинг учун ҳам янги ўқув йилида бу мактабга 631 нафар бола биринчи синфга қабул қилинган.

Вилоят мактабгача ва мактаб таълими бошқармасининг маълумотига кўра, жорий ўқув йилида умумий ўрта таълим муассасаларида 780 минг 340 нафар ўқувчи таълим-тарбия олади. Жумладан, бу йил 1-синфга 82 минг 435 нафар бола қабул қилинди. Уларга 12 турдаги дарслик ва ўқув қуролларидан иборат “Президент совғалари” берилди. Айни пайтда вилоятдаги мактабларда 60 минг нафар ўқитувчи меҳнат қилмоқда. Уларнинг 9,5 фоизи олий тоифали, 19,9 фоизи биринчи тоифали ва 25,7 фоизи иккинчи тоифалидир. Бу йил вилоятда иккита янги мактаб, 32 та мактабда қўшимча ўқув бинолари қуриш режалаштирилган бўлиб, айни пайтда қурилиш ишлари давом этмоқда. Бунинг ҳисобига 10 минг 200 ўқувчи ўрни яратилиши кўзда тутилган.



Ғ.ҲАСАНОВ, А.ИСРОИЛОВ (сурат), ЎзА