Маълумки, бу йил Хитой халқ Республикаси томонидан илгари сурилган йирик халқаро ташаббус – “Бир макон, бир йўл” ғояси ҳаётга татбиқ этилганига 10 йил тўлади. Тинчликсевар, инсонпарвар дунё жамоатчилиги – мазкур глобал лойиҳа иштирокчилари бўлган давлатлар ушбу санани кенг нишонламоқдалар. Жумладан, Ўзбекистонда ҳам шу муносабат билан кўплаб тадбирлар уюштирилмоқда.
“Бир макон, бир йўл” лойиҳасининг 10 йиллиги бағишланган асосий анжуман – олий даражадаги 3-халкаро саммит октябрь ойи ўрталарида Хитойда ўтказилиши режалаштирилган.
Осиё, Африка, Европанинг жами аҳолиси 5 миллиардга яқин 70 дан зиёд давлатлари раҳбарлари қатнашиши кутилаётган мазкур улкан анжуман ҳамжамиятнинг дунёда тинчлик ва барқарорликни мустаҳкамлашга қаратилган саъй-ҳаракатлари ёрқин ифодасидир.
Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев 2019 йил 25-27 апрель кунлари Пекинда бўлиб ўтган "Бир макон, бир йўл" иккинчи халқаро форумида фаол иштирок этиб, қатор конструктив ташаббусларни илгари сурган эди. Ўшанда ХХР раиси Си Цзиньпин давлатимиз раҳбарини "Бир макон, бир йўл" ғояси асосчиларидан бири сифатида эътироф этгани бежиз эмас.
Марказий Осиё, Европа ва Африка минтақасида жойлашган 70 дан ортиқ мамлакатни ўзаро боғловчи мавжуд иқтисодий йўлакларни янада такомиллаштириш, янги транспорт ва савдо йўлларини яратишни кўзлаган Хитойнинг бу халқаро ташаббуси мамлакатимизнинг барча мамлакатлар ва минтақалар билан ўзаро манфаатли, тенг ҳуқуқли ҳамкорликни ривожлантириш мақсадларига тўла мос келади.
Ғ.Хонназаров,
ЎзА