Қазақ
Chinese
Turkish
Tajik
Kyrgyz
Turkmen
Japanese
Arabic
English
French
Spanish
Русский
German
Ўзбек
Oʻzbek
Қазақ
“Бир макон, бир йўл” лойиҳаси “Global Times” ва ўзбекистонлик эксперт талқинида
09:38 / 2023-10-02

Бу йил Хитой Халқ Республикаси томонидан илгари сурилган йирик халқаро ташаббус – “Бир макон, бир йўл” лойиҳаси илгари сурилганига 10 йил тўлади. Мазкур санага бағишланган асосий анжуман – олий даражадаги 3-халкаро саммит октябрь ойи ўрталарида Хитойда ўтказилиши режалаштирилган.

Осиё, Африка, Европанинг жами аҳолиси 5 миллиардга яқин 70 дан зиёд давлатлари раҳбарлари қатнашиши кутилаётган улкан анжуман олдидан Хитойда инглиз тилида 1,5 миллион нусхада чоп этилиб, бутун дунёга тарқатиладиган машҳур “Global Times” кундалик газетаси мухбири ўзбекистонлик таниқли давлат ва жамоат арбоби, дипломат, атоқли олим, профессор Саидмухтор Саидқосимов билан суҳбатлашди.

– Умуман, Ипак йўли иқтисодий занжири ҳисобланган “Бир макон, бир йўл” концепсиясини илк бор эшитганингизда сизда қандай таассурот пайдо бўлган? Ўзбекистон бу ташаббусга қандай қарайди?

– Ўн йил аввал, 2013 йил сентябрда Хитой раиси Си Цзиньпин томонидан билдирилган “Бир макон, бир йўл” ташаббуси аввал бошданоқ бутун дунёда жиддий қизиқиш уйғотди, десак муболаға бўлмайди. Энг аввало, нафақат жуда дадил, балки шу вақтгача мисли кўрилмаган кенг кўламли минтақалараро мазкур лойиҳа ўнлаб мамлакатлар, халқларнинг бевосита иқтисодий манфаати, фойдаси қамраб олингани, ҳаётийлиги, амалиётга йўналтирилгани эътиборни тортади. Тарихда илк бор бутун Евросиё қитъасида ўзаро боғланган транспорт инфратузилмасини шакллантириш ва ривожлантиришга хизмат қилувчи кенг кўламдаги режа тақдим этилган. Бу мақсаднинг амалга оширилиши, шубҳасиз, сайёрамизнинг ғоят катта маконида тубдан янги транспорт конфигурацияси яратиш учун кенг истиқбол очади.

Глобал миқёсдаги бундай ташаббус эътибордан четда қолмаслиги аниқ эди. Дарҳақиқат, ўтган ўн йил ичида кўплаб давлатлар Осиё Европа ва Африка мамлакатларини чамбарчас боғлайдиган янги савдо йўллари, транспорт ва иқтисодий йўлаклар яратиш бўйича ушбу азим лойиҳада иштирок этишга қизиқиш билдирди.

Яна бир муҳим мақсад шундан иборатки, “Бир макон, бир йўл” ташаббуси пировардида халқаро терроризм, экстремизм, ноқонуний миграция учун шароит яратиб берадиган кўплаб мамлакатлар, ҳудудларда қашшоқлик, ижтимоий тартибсизлик, ривожланиш даражасидаги улкан тафовутни бартараф этишга йўналтирилган. Буларнинг бари глобал иқтисодий ривожланишда тенгсизлик, миллат ажратиш, турғунлик ҳолатини бартараф этишни тақозо этади.

Ўзбекистон аввал бошдан “Бир макон, бир йўл” ташаббусини кўплаб сабаблар, жумладан, тарихий сабабга кўра юқори баҳолади ва қўллаб-қувватлади. Фаол савдо ғояси ўлкамизнинг кўп асрлик тарихига сингиб кетган. Ўзбекистон, қадим-қадимдан бутун Евросиё ҳудудида савдо алоқаларини амалда боғлаган. Географик жиҳатдан Марказий Осиё асрлар давомида афсонавий Ипак йўлининг асосий йўналиши, стратегик муҳим савдо нуқтаси бўлиб келган. Эътиборлиси, Евросиёнинг юзлаб халқлари ва давлатларини ўзаро манфаатли ҳамкорликнинг ягона занжири орқали яна бирлаштириш ғояси, тарихан,Ипак йўли бошида жойлашган Хитой томонидан эълон қилинди. Зеро, айнан ХХР муваффақиятли ижтимоий тарққиётнинг ажойиб намунасини жаҳонга намойиш этмоқда.

– Сўнгги ўн йил ичида айни жараён Ўзбекистон тараққиётига қандай таъсир кўрсатди?

– Ўзбекистон турли соҳаларни ривожлантириш мақсадида Хитой билан ҳамкорликни мустаҳкамлашга устувор аҳамият беради ва ўз режаларини “Бир макон, бир йўл” ташаббуси имконияти билан доим қиёслайди. Кўплаб мисоллар “Макон ва йўл” ғояси асосида Ўзбекистон ва Хитой ўртасидаги кенг кўламли, кўп қиррали ва мунтазам ўсиб бораётган ҳамкорликнинг бунёдкорона куч-қудратини ишончли тарзда намоён қилиб, халқларимиз дўстлигини янада мустаҳкамлаш йўлидаги ёрқин истиқбол умиди ҳақиқийлиги, асосланганини тасдиқлайди.

Хитой кўп йиллардан бери Ўзбекистоннинг асосий иқтисодий шериги сифатида эътироф этилади. Давлатлараро, ҳукуматлараро, идоралараро қатор келишув, битимлар ўсиб бораётган сармоявий ҳамкорлик учун зарур ҳуқуқий асос яратмоқда. Икки давлат компаниялари иштирокида юқори технологияли қўшма саноат парклари яратиш, саноат кооперацияси, инфратузилмани модернизация қилиш, транспорт, фармацевтика, телекоммуникация соҳаларидаги лойиҳалар муваффақиятли амалга оширилмоқда. Хитой инвестициясининг Ўзбекистон иқтисодиётидаги миқдори сўнгги йилларда 10 миллиард доллардан ошди.

“Хитой – Марказий Осиё” газ қувурининг барча 4 чизиғи Ўзбекистон ҳудудидан ўтади. Қамчиқ довони орқали ҳудудимиздаги энг узун темир йўл тоннели фойдаланишга топширилди. Хитой – Қирғизистон –Ўзбекистон автомобиль йўлаги ва Хитой –Қирғизистон – Ўзбекистон темир йўли ўтказувчанлик қобилиятининг аҳамияти тобора ошмоқда. Хитойдан бизнинг юртимиз орқали Европа, Жанубий йўлак орқали Форс кўрфази давлатлари билан савдо, юк ташиш географияси, кўлами кенгайиб, Ўзбекистонни ички континентал давлатдан минтақадаги муҳим коммуникация марказига айлантирадиган “Ўзбекистон – Қирғизистон – Хитой” темир йўли қурилиши бўйича ҳамкорлик тарихий аҳамиятга эга воқеадир. Ўзбекистон Хитой ёрдамида экспорт йўналишларини жиддий равишда диверсификация қилади, инфратузилмани модернизациялаб, сармоя оқимида янги йўллар очиб, мавжуд имкониятларини оширади.

– Ўзбекистон Президенти Шавкат Мирзиёев октябрь ойида бўлиб ўтадиган “Бир макон, бир йўл” халқаро ҳамкорлигининг учинчи форумида иштирок этиш учун Хитойга ташриф буюриши кутилмоқда. Ушбу ташрифдан нималарни кутяпсиз?

– Муҳимвоқелик – “Бир макон, бирйўл” навбатдаги форуми дунё миқёсида кучли резонанс уйғотиши шубҳасиз, чунки гап минтақавий ва глобал савдо-иқтисодий ҳамкорлик учун транспорт имкониятини янада кенгайтириш режасибилан боғлиқ. Бундан Ўзбекистон ҳам манфаатдорлиги шубҳасиз. 2017 йилдаги биринчи, 2019 йилнинг апрель ойида бўлиб ўтган иккинчи форумларда Президент Мирзиёев фаол иштирок этди, қатор янги, ҳаётий ташаббусларни илгари сурган. Хитойга бўлажак бу галги ташриф ҳам ҳар томонлама стратегик шерикликни барқарор, изчил ривожлантиришга салмоқли ҳисса бўлиб қўшилиши, Ўзбекистон ва Хитой ўртасидаги ҳамкорликни янада кенгайтириш ва чуқурлаштиришга кучли туртки бериши шубҳасиз.

ЎзА