Ўзбек
Chinese
Turkish
Tajik
Kyrgyz
Turkmen
Japanese
Arabic
English
French
Spanish
Русский
German
Ўзбек
Oʻzbek
Қазақ
Бир маҳалла – бир маҳсулот
21:29 / 2024-03-26

Қарор ва ижро

Тошкент вилоятидаги ҳоким ёрдамчиларининг саъй-ҳаракати билан 679,1 минг нафар фуқаронинг бандлиги таъминланди. 
Жорий йилда эса “Бир маҳалла – бир маҳсулот” тамойили бўйича ҳар бир маҳаллада маълум бир экин турларини жойлаштириш мақсад қилинмоқда. 

Бунда маҳалладаги аҳоли томорқаларидаги маҳсулотлар тури ва навини бир тоифага ўтказиш кўзда тутилмоқда. Бу эса ўз навбатида маҳаллаларга экспортёрларни жалб қилиш имкониятини оширади. Жумладан, Президентимизнинг 2024 йил 5 мартдаги “Аҳоли хонадонларида саноат усулида маҳсулот ишлаб чиқаришни қўллаб-қувватлаш ҳамда томорқа ва деҳқон хўжаликларида янги захираларни ишга солишга доир чора-тадбирлар тўғрисида”ги қарорида ҳам бу борада муҳим вазифалар белгиланган. 

Шундан келиб чиқиб жойларда тажрибали томорқачилар фаолияти оммалашмоқда. Ўрта Чирчиқ тумани “Янгийўл” маҳалла фуқаролар йиғинида яшовчи Санжар Ҳайдаров ҳали ёш бўлишига қарамай 1 гектар майдонда манзарали дарахт кўчатларини қаламча усулида етиштиради. Маҳаллий қаламчаларга хорижий нав пайвандланиб, иқлимга мослаштирилмоқда. Унинг маҳаллада шогирдлари ҳам кўпайган. Ҳозир оилавий тадбиркорликнинг бу йўналиши туманда секин-аста оммалашмоқда. 

– Ҳозир иссиқхонамизда 60 мингдан зиёд кўчат бор, – дейди оилавий тадбиркор Санжар Ҳайдаров. – Парваришлаётган кўчатлар нави ва ёшига қараб 20 минг сўмдан 6 миллион сўмгача сотилади. Даромадимиз ҳам шунга яраша бўлмоқда. Бу касб кишини сабрли ва масъулиятли бўлишга ўргатаркан. 

Қибрай туманидаги аҳоли томорқа ерларида лимон ва қулупнай етиштириш анча ривожланган. Бугун кўпчилик қибрайликлар шу орқали оилавий даромадларини оширмоқда. Улардан бири “Шодлик” МФЙда яшовчи Нормат Юсуповдир. У ўз хонадонидаги икки сотих ер майдонида иссиқхона барпо этиб, 25 туп лимон кўчатини парваришлайди. Йилига 2 тонна ҳосил етиштириб, 40 миллион сўм даромад олмоқда. Нормат аканинг фаолиятини кенгайтириш учун маҳалла раиси ва ҳоким ёрдамчиси томонидан 33 миллион сўм имтиёзли кредит ажратишда амалий ёрдам кўрсатиш белгиланди. Шу кунларда Қибрай туманида томорқачилар билан учрашувлар ўтказилиб, уларнинг таклифлари ва ташаббусларини амалга ошириш чоралари кўрилмоқда. 

Чиноз туманида аҳоли билан тадбиркорлар ўртасида ҳамкорлик йўлга қўйилиб, кооперациялар ташкил этилган. Томорқасидаги бўш ерда балиқ боқиш учун ҳовузлар ташкил этган уй эгалари 30 нафарга етган. Улар “Чиноз Шуҳрат тайёрлов савдо” МЧЖ билан ҳамкорликда кооперация усулида маҳсулот етиштирмоқда. Бунда ҳар бир сунъий сув ҳавзаларида боқилган балиқ маҳсулотларидан йилига ўртача 30 миллион сўм миқдорида соф фойда олиш режалаштирилган. Бундан ташқари, хонадон эгасига ҳар ой 1,2 миллион сўм миқдорида иш ҳақи тўлаб берилади. 

Мутахассислар билан суҳбат ўтказганда яна 100 нафар хонадон эгаси бу лойиҳага қизиқиш билдирди. Эндиликда бу фуқаролар соҳага ўқитилиб, кооперацияга жалб этилади. Натижада маҳаллада ихтисослашув кенгаяди. 

Шу билан бирга, Тошкент вилоятида ер майдонларидан самарали фойдаланиш бўйича “Бир контур – бир маҳсулот” тамойили асосида маҳсулот етиштириш йўлга қўйилмоқда. Унга кўра, ишсиз ёшларга ер майдонлари ажратилиб, улар тажрибали фермерлар, экспортёрларга кооперация асосида бириктирилади. 

А.Мусаев, ЎзА мухбири