Бир мақсад йўлида бирлашган ёшлар
Бу каби тадбирлар барча шаҳар ва туманларда ўзига хос равишда ёшларни кенг қамровга олганлиги билан аҳамиятли.
Мамлакатимизда эълон қилинган карантин шароитида аҳолининг эҳтиёжманд қатлами, яъни кам таъминланган оилалар, ёлғиз кексалар, ногиронлиги бор шахслари ижтимоий қўллаб-қувватлашда Ўзбекистон ёшлар иттифоқи Қорақалпоғистон Республикаси кенгаши кўнгиллилари ҳар қачонгидан ҳам фаол меҳнат қилмоқда..
– Бугунги кунда Нукус шаҳри ва барча туманларда жами 217 нафар волонтёр эҳтиёжманд фуқаролар мурожаатларини “Call-марказ”ларда қабул қилиш ва уларга озиқ-овқат маҳсулотлари, дори-воситаларини етказиб бериш билан банд, –дейди Ўзбекистон ёшлар иттифоқи Қорақалпоғистон Республикаси кенгаши раиси, Олий Мажлис Сенати аъзоси Абатбой Данияров. – Давлатимиз раҳбарининг мурожаатида белгиланган долзарб вазифаларни ҳар бир ёш юксак масъулият билан ҳис қилмоқда. Мана шундай мураккаб вазиятда ҳам ўз тадбиркорлик фаолияти билан халқимизга елкадош бўлаётган ёш тадбиркорларимиз, далаларда меҳнат мавсумини бошлаб юборган ёш фермерларимиз ишсиз ёшларга ўрнак бўлмоқда. Карантин қоидаларига қатъий амал қилган ҳолда, оилавий томорқасида иссиқхоналар ташкил этиб, турли сабзавот маҳсулотларини етиштираётган ёшларимиз сафи кенгайиб бормоқда. Улар бугунги синовли кунларда ҳеч қандай ваҳимага тушмасдан, ҳамжиҳатлик билан вазиятни жиловлашга ўз ҳиссасини қўшиш мақсадида бирлашмоқда. Юртбошимизнинг ёшларга бўлган ишончига илм-маърифат ва ташаббуслари билан жавоб беришга астойдил бел боғлаган.

Бугунги кунга қадар Қорақалпоғистон Республикасида тадбиркорлар ва ҳомийлар томонидан ажратилган 906 миллион сўмлик озиқ-овқат маҳсулотлари барча шаҳар ва туманлардаги Ҳомийлик хайрияларини мувофиқлаштириш марказлари орқали 9440 та оилага айнан фаол ёшлар томонидан карантин қоидаларига тўлиқ амал қилган ҳолда етказиб берилди. Шунингдек, ёшларнинг бўш вақтини мазмунли ўтказиш мақсадида телеграм ижтимоий тармоғида қорақалпоқ эстрада хонандалари иштирокида “уйда қолинг, қўшиқ эшитинг” (#uyde_qalip_qosiq_esitiń) челленжининг биринчи босқичи ўтказилмоқда. “Карьера” ёш кадрларни тайёрлаш клуби томонидан “Мен ўқиган энг яхши китоб” (#Men_oqigʼan_enʼ_jaqsi_kitap) челленжи эълон қилиниб, иштирокчилар ўзлари ўқиган энг яхши асарларидан бир дақиқалик видеоролиги @BookTime_abc каналида эълон қилинаётган бўлса, Қорақалпоғистон Республикаси Сардорлар Кенгаши томонидан @KrSardorlari телеграм тармоғида бугунги кунга уч маротаба онлайн семинар ўтказилди. Ҳар куни волонтёрлар ва ёшлар иштирокида телеграм тармоғи орқали “Брейн-ринг” ва бошқа интеллектуал ўйинлар мунтазам бериб борилмоқда.
Ўзбекистон ёшлар иттифоқи Нукус шаҳар кенгаши томонидан “Ёш гитарачилар” онлайн танлови ташкил этилиб, ҳозирги кунда иштирокчиларнинг видеороликлари @jas_gitarashilar, #jas_gitarashilar каналлари орқали эълон қилинмоқда. Телеграмм, инстаграмм ижтимоий тармоғида “Сиз уйда қолинг!” акцияси, “Биз уйда ота-онамизга кўмакчимиз!”, “Биз коронавирусга қаршимиз!” расмлар танловида 5 минг нафарга яқин ёш иштирок этмоқда.

Ёшларнинг бўш вақтини мазмунли ўтказиш борасида Беруний туманида ҳам телеграм ижтимоий тармоғида 1500 нафарга яқин ўзбек ва жаҳон адабиёти намуналарини ўзида жамлаган аудиокитоблар канали (https://t.me/beruniy tuman akm) фаолияти йўлга қўйилди. Қораўзак туманида эса телеграм ижтимоий тармоғида @qaraozekjaslari, @qaraozekbilimdanlari канали фаолият олиб бормоқда. Амударё тумани ёшлари учун “Туманимиз ёшларининг бир куни” шиори остида online танлови, Тахиатош туманида Ахборот-кутубхона маркази билан биргаликда телеграм ижтимоий тармоғида 148 та ўзбек ва жаҳон адабиёти намунасини ўзида жамлаган аудиокитоблар канали (https://t.me/malimlemekitapxana2020) фаолиятини бошлади. Хўжайли тумани ёшларининг саводхонлигини ошириш борасида @Ilim7 телеграм канали ишга туширилиб, сардорларнинг билим ва кўникмаларини ошириш учун “онлайн семинар”лар, ёшлар етакчиларининг иш фаолиятини ошириш борасида “видео конференциялар” масофадан туриб амалга оширилмоқда
Бу каби тадбирлар барча шаҳар ва туманларда ўзига хос равишда ёшларни кенг қамровга олганлиги билан аҳамиятли. Бугунги карантин даврида мазкур тадбирлар ёшларга виртуал олам орқали илм-маърифатга тўғри йўл кўрсатиб, иқтидорларини қўллаб-қувватлашга замин яратмоқда.
