Chinese
Chinese
Turkish
Tajik
Kyrgyz
Turkmen
Japanese
Arabic
English
French
Spanish
Русский
German
Ўзбек
Oʻzbek
Қазақ
Бир кунда ўртача 15-18 тонна халқаро почта ва курьерлик жўнатмалари божхона назоратидан ўтказилади
09:12 / 2021-10-15

Почта хизмати муҳим стратегик аҳамиятга эга бўлиб, ҳар қандай ижтимоий, сиёсий, иқтисодий, эпидемиологик вазиятларда ҳам почта хизматига бўлган талаб ва таклиф ҳеч қачон тўхтаб қолмайди.

Аксинча, доимий равишда ўсиб боради. Бу эса божхона соҳаси ходимларидан доимий равишда ўз устида ишлашни, тизимга янги иннoвацион технологияларни жорий қилишни, почта хавфсизлигини таъминлаш каби муҳим йўналишларни доимий такомиллаштириб боришни талаб этади.

“Бошпочтамт” ташқи иқтисодий фаолият божхона постида турли мамлакатлардан юртимизда яшовчи фуқаролар номига келган ҳамда фуқароларимиз томонидан хориж давлатларига жўнатилаётган халқаро почта ва халқаро курьерлик жўнатмаларининг божхона назорати амалга оширилади.

Кўпчиликда “халқаро почта ҳамда курьерлик жўнатмалари орасида нима фарқ бор?” деган савол туғилиши табиий. Ўзбекистон Республикаси Адлия вазирлиги томонидан 2000 йил 11 февралда 896-сон билан давлат рўйхатидан ўтказилган “Халқаро почта ва курьерлик жўнатмалари устидан божхона назорати қоидалари”га кўра,

– халқаро почта жўнатмалари – бу тегишли қадоқдаги манзили кўрсатилган ёзма хат-хабарлар, посилкалар ва босма нашрлар;

~ халқаро курьерлик жўнатмалари эса – жўнатилиши қисқа муддатларда қўлдан-қўлга етказиб бериладиган (топшириладиган) ҳолда амалга ошириладиган почта варақчалари, хатлар, бандероллар, посилкалар, босма нашрлардир.

Хориждан халқаро почта ва курьерлик жўнатмаларини мамлакатимизга олиб келишда маълум бир чекловлар мавжуд.

Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2018 йил 6 июндаги “Жисмоний шахслар томонидан божхона чегараси орқали товарларни олиб ўтишни янада тартибга солиш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарорининг 1/а бандида жисмоний шахслар номига келаётган халқаро курьерлик жўнатмалари учун бир календарь чорак мобайнида — 1000 АҚШ долларигача ҳамда халқаро почта жўнатмаларида ҳар бир жўнатма учун 100 АҚШ долларигача божхона тўловларига тортилмайдиган чегараланган нормалар белгиланган.

Шунингдек, Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2018 йил 19 июлдаги “Ўзбекистон Республикаси божхона ҳудудига жисмоний шахслар номига халқаро почта ва курьерлик жўнатмалари орқали келаётган товарлар назоратини таъминлаш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарорининг 6-бандига кўра, юридик шахслар учун бу меъёр ҳам халқаро почта, ҳам курьерлик жўнатмалари учун 100 АҚШ долларига тенг бўлган қийматни ташкил этади.

Мазкур божхона пости Тошкент шаҳрининг Сергели туманида жойлашган. Бугунги кунда божхона постида 20 га яқин божхона ходими хизмат қилишади.

Божхона постининг “Халқаро почтамт” божхона пункти мавжуд. Божхона постида божхона назорати жараёнлари автоматлаштирилган шаклда амалга оширилиб, кўрик жараёнларида замонавий ренгент қурилмаларидан фойдаланилади.

Жорий йилнинг ўтган 9 ойи мобайнида божхона постида 4,2 минг тонна халқаро почта ва курьерлик жўнатмаларининг божхона назорати амалга оширилиб, 222,9 млрд.сўмлик божхона тўловлари давлат бюджетига ўтказилди.

Божхона постида бир кунда ўртача 15-18 тонна халқаро почта ва курьерлик жўнатмалари божхона назоратидан ўтказилади. Бу бир кунда 7000-7500 дона халқаро почта ва курьерлик жўнатмалари дегани.

Божхона постида ҳуқуқбузарликларга қарши кураш борасида ҳам тизимли кураш олиб борилмоқда.

Хусусан, пост ходимлари томонидан 99 та ҳолатда 274,251 млн. сўмлик товар-моддий бойликлар,шунингдек бошқарманинг тезкор таркибий тузилмалар билан ҳамкорликда 6 кг.дан ортиқ гиёҳвандлик воситалари, 614 дона таркибида психотроп моддалар мавжуд бўлган таблеткалар ноқонуний кириб келишининг олди олинди.

Божхона постида халқаро почта ва халқаро курьерлик жўнатмаларининг божхона назорати ва расмийлаштируви жараёнида яратилган қулайликлар фуқароларга манзур бўлмоқда.

Пост ходимлари эса мамлакатимизда олиб борилаётган иқтисодий-ижтимоий ислоҳотлар талабидан келиб чиқиб, ўзларига юклатилган хизмат вазифаларини виждонан, ҳалол бажариб, туну кун мамлакатимиз равнақи йўлида ўз ҳиссаларини қўшиб келмоқда.

Дамир Альбетков,

“Бошпочтамт” божхона пости бошлиғи