Қазақ
Chinese
Turkish
Tajik
Kyrgyz
Turkmen
Japanese
Arabic
English
French
Spanish
Русский
German
Ўзбек
Oʻzbek
Қазақ
Бир кунда 117 кишининг ёстиғини қуритган ҳукм
07:12 / 2020-09-12

2 сентябрь санаси билан боғлиқ айрим воқеалар баёни.

Хоразмга элчи бўлиб келган мирохур, Марғилонга тўлаттирилган товон, Бокуда қад кўтарган Навоий ҳайкали ва тарихимиздаги 12 сентябрь санаси билан боғлиқ айрим воқеалар баёни.

1858 йил (бундан 162 йил олдин) – ҳижрий 1275 йил сафар ойининг иккинчисида Бухоро амири Насруллоҳонинг Мирзо Убайд мирохур номли элчиси Хива хони Саид Муҳаммадхон саройига ташриф буюрди. Маълумот ўрнида қайд этиш жоизки, Бухорода мирохур мансаби эгаси амир отларига ем, хашак, сомон ва беда етказиб берувчи амалдор бўлган. Ҳарбий ҳаракатлар чоғида унинг роли баланд ҳисобланиб, Россия империясидаги капитан унвони даражасидаги амалдор ҳисобланган.

1875 йил (бундан 145 йил олдин) – Туркистон генерал-губернатори Константин фон Кауфман Россия империяси Ҳарбий вазири Дмитрий Милютинга Марғилонга келиб, шаҳар вакилларини қабул қилганлиги ва Марғилонга 125 минг тилло, яъни энг арзон нарх бўйича 500 минг рубль (1 тилло – 4 рубль) товон солганлиги ҳақида хат юборди.
unnamed (1).jpg

Мазкур товон пули солинишига Пўлатхон қўзғолони раҳбарларидан бири бўлган Абдураҳмон Офтобачи 10 минг кишилик қўшин билан Марғилон ёнида 10 кун тургани баҳона бўлди. Кауфман марғилонликлардан Абдураҳмон Офтобачини ушлаб русларга топширишни талаб қилди. Марғилонликлар буни бажармадилар ва Абдураҳмон Офтобачи руслар билан жанг қилмасдан чекинди.

1937 йил (бундан 83 йил олдин) – СССР НКВДси (Ички ишлар халқ комиссарлиги)нинг 1937 йилдаги 447-сонли қарори асосида Ўзбекистон ССР НКВДси «учлиги» (тройкаси)нинг йиғилиши бўлиб ўтди. 9-сонли баённома асосида шу куни 117 киши отувга ҳукм қилинди. Маълумот ўрнида қайд этиш керакки, 1937–1953 йилларда Ўзбекистон ССР НКВДси «учлиги» томонидан 100 мингдан ортиқ киши қатағон қилинди, улардан 15 минг нафари отиб ташланди.

1943 йил (бундан 77 йил олдин) – нарпайлик Иккинчи жаҳон уруши қатнашчиси Қудрат Суюнов (1919–1943) Чернигов вилоятининг Короп туманидаги Оболоне кишлоғи яқинида Десна дарёсининг ўнг соҳилида плацдармни кенгайтириш учун бўлган жангда душман амбразурасини кўкраги билан тўсиб, қаҳрамонларча ҳалок бўлди. 1943 йил 16 ноябрда унга Қаҳрамон унвони берилди.

1950 йил (бундан 70 йил олдин) – шоир, Ўзбекистонда хизмат кўрсатган маданият ходими Шавкат Раҳмон таваллуд топди (вафоти 1996 йил). У ўзбек шеъриятини XX аср испан шоирларининг бадиий тажрибаси билан бойитди.

shavkat-rahmon.jpg

1990 йил (бундан 30 йил олдин) – Ўзбекистон Касаба уюшмалари федерацияси ташкил этилди. Касаба уюшмаларининг бош вазифаси ўз аъзоларининг меҳнат, ижтимоий, иқтисодий, маънавий, интеллектуал ҳуқуқ ва манфаатларини муҳофаза қилишда ҳаракат бирлигини амалга оширишдан иборат.

1992 йил (бундан 28 йил олдин) – Ўзбекистон Республикаси Президентининг “Республика «Маҳалла» хайрия жамғармасини ташкил этиш тўғрисида”ги Фармони қабул қилинди.

1997 йил (бундан 23 йил олдин) – Ўзбекистон Судьялари ассоциацияси ташкил этилди.

2003 йил (бундан 17 йил олдин) – Нукус шаҳрининг 70 йиллигига бағишланган тантанали маросим бўлиб ўтди.

fdcef3108b70c8a8d5db37a2e00a.png

2006 йил (бундан 14 йил олдин) – «Ўзбекистон Республикаси Тиббиёт ходимлари кунини белгилаш тўғрисида»ги Қонун қабул қилинди. Унга мувофиқ ноябрь ойининг иккинчи якшанбаси Ўзбекистон Республикаси Тиббиёт ходимлари куни этиб белгиланди.

2008 йил (бундан 12 йил олдин) – Ўзбекистон Республикасининг «Музейлар тўғрисида»ги Қонуни қабул қилинди. Ушбу қонуннинг мақсади музейларнинг ташкил этилиши ва фаолияти соҳасидаги муносабатларни тартибга солишдан иборат.

2008 йил (бундан 12 йил олдин) – Озарбайжоннинг пойтахти Боку шаҳрининг Озодлик майдонида Алишер Навоий ҳайкали очилди. Ушбу санъат асари ҳайкалтарош Равшан Миртожиев томонидан яратилган.

Алишер ЭГАМБEРДИЕВ тайёрлади