Юртимиз бўйлаб 3 декабрь – "Халқаро ногиронлар куни"га бағишланган тадбирлар бугун ҳам давом этмоқда. Мақсад – уларга фақат бир кунгина эмас, балки доимий эътибор бериш лозимлигини кенг жамоатчиликка англатиш.
Яккасарой туман ҳокимлиги, Ўзбекистон Халқ демократик партияси ҳамда қатор ҳамкор ташкилотлар ташаббуси билан ушбу сана муносабати билан байрам дастурхони ташкил қилинди.

Туманда яшаётган имконияти чекланган фуқаролар, фахрийлар иштирок этган тадбирда туман ҳокимининг ўринбосари Д.Расулмуҳаммедова барчани байрам билан муборакбод этиб, эзгу тилакларини изҳор этди ва эсдалик совғаларини топширди.

Бундай тадбирлар мамлакатимизда имконияти чекланган инсонларга кўрсатилаётган кенг имконият ва қуллайликлар, уларнинг жамиятда тўлақонли иштирокини таъминлаш борасида амалга оширилаётган ислоҳотлар натижаси экани таъкидланди.

Давлатимиз раҳбари ташаббуси билан юртимизда инклюзив таълимни ривожлантириш, соғлиқни сақлаш, ижтимоий ҳимоя ва меҳнат бозорида тенг имкониятлар яратиш бўйича қатор амалий ишлар бажарилаётгани эътироф этилди. Дарҳақиқат, бундай эзгу сиёсат инсон қадрини улуғлаш, ҳар бир фуқаро ҳаётида қўллов ва рағбатни ҳис этиши учун муҳим омил бўлиб хизмат қилади.
Кўтаринки руҳда ўтган байрам иштирокчилари мамнунликларини билдирди.
Шербек Исломов, ЎзА