Русский
Chinese
Turkish
Tajik
Kyrgyz
Turkmen
Japanese
Arabic
English
French
Spanish
Русский
German
Ўзбек
Oʻzbek
Қазақ
“Бир контур – бир маҳсулот”: юқори даромад олиш имконияти
16:25 / 2022-08-25

Андижон вилоятида аҳоли, хусусан, ёшлар бандлигини таъминлаш, доимий даромад манбаини шакллантириш, оилалар даромадини ошириш борасида кенг кўламли ишлар олиб борилмоқда. Жумладан, “Бир контур – бир маҳсулот” тамойили мазкур йўналишдаги ишлар самараси ва натижадорлигини оширишда муҳим аҳамият касб этмоқда.

Андижонда жорий йил 1-ярмида вилоят туманларидаги барча маҳаллаларда деҳқончилик қилиш истагидаги 43 минг нафарга яқин фуқарога 10 сотихдан ер ажратиб берилиб, ушбу майдонларда “Бир контур – бир маҳсулот” тамойили асосида сабзавот, картошка ва дуккакли экинлар етиштириш йўлга қўйилди.

– Мазкур тамойил асосида ер олиб, деҳқончилик қилаётганларнинг аксариятини “Ёшлар дафтари”га киритилганлар, вақтинча ишсиз ёшлар ташкил этади, – дейди Ёшлар ишлари агентлиги вилоят бошқармаси бошлиғи Ойбек Юлдашев. – Улар ана шу ерларда деҳқончилик қилиб, даромад топмоқда, ўз оилалари бюджетини мустаҳкамлашга ёрдам бермоқда.

Аввалги йилларда аҳолига буғдойдан бўшаган ерлардан фақат ана шу мавсумнинг ўзида деҳқончилик қилиш учун ер ажратиб берилган бўлса, Президентимиз топшириғи билан жорий йил бошидан, фермер хўжаликларининг энг унумдор ерларидан ижара асосида узоқ йилга ажратиб берилди.

[gallery-8486]

Туман ҳокимликлари, қишлоқ хўжалиги бўлимлари ва бошқа мутасадди ташкилотлар томонидан ажратиб берилган ерлар ҳайдалиб, экишга тайёрлаб берилди. Эҳтиёжманд оилалар вакилларига уруғлик, кўчатлар олиб берилиб, экишга ёрдамлашилди. Мазкур жараён аксарият ҳудудларда “Бир контур – бир маҳсулот тамойили асосида амалга оширилди. Яъни, бунда контурдаги бир хил экинни суғориш, парваришлаш, озуқа бериш, ҳашорат ва касалликларга қарши ишлов бериш жараёнлари осон кечади, ортиқча қийинчиликлар туғдирмайди.

Бундан ташқари, бир контурда етиштирилган бир турдаги қишлоқ хўжалиги маҳсулоти ҳудудга бириктирилган салоҳиятли корхоналар томонидан сотиб олиниб, ички бозорга йўналтириш, қайта ишлаш, экспорт қилиниши йўлга қўйилди.

Бу борада йил бошида бошланган ишлар бугунги кунга келиб ўзининг ижобий самарасини кўрсатмоқда.

– Ишсиз эдим, – дейди Пахтаобод тумани Терактаги маҳалласида яшовчи Аҳмаджон Тоҳиров. – Йил бошидан ўнлаб маҳалладошим қатори менга ҳам деҳқончилик қилиш учун 10 сотих ер ажратиб берилди.

Бу ерга март ойида картошка эккан эдим. Яхшилаб парвариш қилдим, шунга яраша юқори ҳосил олдим. Ҳосилнинг асосий қисмини сотдим, бир қисмини оиламиз учун қишга захира қилиб олиб қўйдик. Картошкадан бўшаган ернинг ярмига мош, ярмига ерёнғоқ экдим.  Насиб этса, улардан ҳам яхшигина даромад қиламан. Умуман, шу 10 сотих ердан 12-15 миллион сўм даромад олишни мўлжаллаяпман. Ушбу даромад оиламиз кам-кўстини тўлдиришга ёрдам беради.

Булоқбоши туманида минг нафардан зиёд фуқарога 10 сотихдан 106 гектар ер майдони ажратилган. Жумладан, туманнинг Тошкечик маҳалласида 19 нафар эҳтиёжманд оила вакилларига бир контурдан қарийб 2 гектар ер майдони ажратиб берилган. Эрта баҳордан ушбу майдонга картошка экиб, парваришланди.

Тошкечик маҳалласининг “Темир дафтари”га киритилган Дилфузахон Асронова ўз оиласи билан биринчи экин картошкадан 3 тонна ҳосил олди. Ҳозирда бозорда 1 килограмм картошка баҳоси 4 минг сўм деб ҳисобласак, ушбу оила биринчи экиннинг ўзидан 12 миллион сўм даромад олди. Картошкадан бўшаган майдонга экилган маккажўхори эса бугун бўй кўрсатиб қолган.

– Насиб этса, маккажўхоримиз пишиб етилади, бир тоннага яқин дон олишни мўлжаллаяпмиз, – дейди Д.Асронова. – Бу ҳам яхшигина даромад бўлади, пояси билан қиш ичи мол-қўйларимизни боқиб чиқамиз.

Жалақудуқ туманида эса 4 минг 210 кишига 10 сотихдан 421 гектар ер майдони ажратиб берилган. Ана шу ерларга полиз, мойли ва дуккакли экинлар экилиб, мўл ҳосил олинди.

Туманнинг Қатортол маҳалласида яшовчи 47 нафар эҳтиёжманд оила вакиллари деҳқончилик қилиб, ажратилган ердан унумли фойдаланмоқда.

– Эрта баҳорда ерёнғоқ экдик, – дейди ушбу маҳаллада яшовчи Асрорбек Абдуманнопов. – Ерёнғоқдан 300 килодан ортиқ ҳосил олдик, поясини сотдик. Даромадимиз ёмон бўлмади. Ўрнига картошка экиб, парваришлаяпмиз. Насиб этса 10 сотихдан 2-2,5 тонна ҳосил олишни мўлжаллаяпмиз. Оиламиз эҳтиёжидан ортганини бозорда сотамиз.

Ўзига хос деҳқончилик тажрибаси шаклланган Андижонда ажратилган ер майдонларида “Бир контур – бир маҳсулот” тамойили асосида деҳқончилик қилиниб, ижобий натижаларга эришилаётганини ҳар бир туман мисолида кўриш мумкин.

Умуман, вилоятда мазкур йўналишда олиб борилаётган ишлар ижобий натижалар бермоқда. Аҳоли бандлигини таъминлаш, юқори даромад олиш, оилалар даромадини оширишга, камбағалликни қисқартиришга яқиндан ёрдам бермоқда. Вилоятда бу борадаги ишлар изчил ва тизимли давом эттириляпти.

 

Ф.Убайдуллаев, З.Умрзоқов (сурат), ЎзА