Ширин шаҳридаги "Нуробод" маҳалла фуқаролар йиғини ҳудудида қишлоқ хўжалиги соҳасини ривожлантириш, аҳолининг турмуш даражасини ошириш,“Бир контур – бир маҳсулот” тамойили асосида картошка уруғларини экиш ва аҳоли даромадларини кўпайтириш бўйича семинар ташкил этилди.
Сирдарё вилоят рақобатни ривожлантириш ва истеъмолчилар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш бошқармаси, Ширин шаҳар ҳокимлиги вакиллари ва агросаноат соҳаси мутахассислари, томорқа ер эгалари томонидан “Бир контур – бир маҳсулот” тамойили асосида картошка етиштириш, картошка уруғларини ўстиришда самарали агротехникалар ва замонавий технологияларни жорий этиш орқали ундан юқори ҳосил олиш, ҳосилдорликка салбий таъсир қилувчи зараркунандаларга қарши кураш каби масалаларда сўз юритилиб, ижтимоий ҳимоя ягона реестрига киритилган 37 та хонадон соҳибига картошка уруғлари тарқатилди.
[gallery-21936]
–Миришкор кўчасидаги 5-уйда яшайман,–дейди Мусурмонқул Холиқов.–Томорқамда экин экиладиган ер майдони жуда катта бўлмасада, 8 сотихига кеч кузда саримсоқпиёз экканман. Июнь ойларида пишиб етилгач, унинг ўрнига қизил лавлаги экаман. Мақтанмайманку, аммо биринчи экиндан ўрта ҳисобда айтганда 15-20 миллион сўм атрофида даромад қиламан. Қолган ер майдонига картошка экаман. Ундан олинадиган ҳосил ҳам ёмон бўлмайди. Отам раҳматли деҳқон бўлган. Шу боисдан деҳқончиликни яхши биламан. Шу томорқанинг орқасидан тўрт фарзандни вояга етказдим. Уй қурдим, тўйлар қилдим. Яратганга шукр, набирали ҳам бўлдим. Менимча, бундан ортиқ бахт бўлмаса керак.
"Нуробод"да Мусурмонқул Холиқов каби ерга меҳрини берган, экин экиб даромад қилаётган, фарзандларини боқаётган кишилар кўпчиликни ташкил этади. Улар ўз томорқаларига “Бир контур – бир маҳсулот” тамойили асосида картошка ва бошқа экин турларини экиб, юртимизда озиқ-овқат хавфсизлигини таъминлашга, бозорларнинг арзон бўлишига ҳисса қўшмоқда.
Нуробод маҳалласида 304 та хонадон бўлиб, уларга қарашли 24 гектар томорқа ер майдонлари бор. Шундан 20 фоизига бугунга қадар картошка ва бошқа турдаги экинлар экилган бўлса, қолган томорқа ер майдонларида шудгорлаш ишлари олиб борилиб, ер тайёр ҳолатга келтирилди.
Айни вақтда шудгорланган ер майдонларига пешма-пеш картошка ва бошқа фойдали экин турларини экиш ишлари олиб бориляпти.
<iframe width="650" height="420" src="https://www.youtube.com/embed/vxDxmIE1I2Q" title="“Bir kontur – bir mahsulot” tamoyili amalda" frameborder="0" allow="accelerometer; autoplay; clipboard-write; encrypted-media; gyroscope; picture-in-picture; web-share" referrerpolicy="strict-origin-when-cross-origin" allowfullscreen></iframe>Ғулом Примов, Шаҳриёр Ортиқбоев. (сурат, видео), ЎзА мухбирлари