Oʻzbek
Chinese
Turkish
Tajik
Kyrgyz
Turkmen
Japanese
Arabic
English
French
Spanish
Русский
German
Ўзбек
Oʻzbek
Қазақ
“Бир ишқ бўлса”...
11:37 / 2025-08-15

Юртимизда санъат ва маданият равнақига алоҳида эътибор қаратиб келинмоқда. Давлатимиз раҳбари адабиёт ва санъат, маданиятни ривожлантириш – халқимиз маънавий оламини юксалтиришнинг мустаҳкам пойдевори эканини доим эътироф этади. Ушбу ғоя сўнгги йилларда мамлакатимизда санъат ва маданиятни ривожлантириш йўлида амалга оширилган ислоҳотларимизга асос бўлди.

Мустақиллигимизнинг 34 йиллик байрами арафасида композитор Ойдин Абдуллаеванинг “Бир ишқ бўлса” номли мусиқий асарлар тўплами чоп этилди. «ILM-ZIYO-ZAKOVAT» нашриётида чоп этилган тўплам ижодкорнинг энг сара қўшиқ ва романсларини ўз ичига олади. Асарлар Ватан, ишқ, ҳаётга бўлган муҳаббат мавзуларини ўзида ифода этади.  

Композитор Ойдин Абдуллаева ўзининг ижодий фаолияти давомида талайгина қўшиқлар яратди. Унинг ижодий мероси икки юздан ортиқ яккахон қўшиқ ва романсларни ўз ичига олади. Уларнинг бир қанчаси телесериал ва мусиқали драмалар учун яратилган асарлар бўлиб, ушбу намуналар инсон ҳаётига ҳамроҳ бўлган фалсафий-эстетик манзаралар ва қалб кечинмаларини акс эттиради.

О.Абдуллаева гўзалликнинг ҳар қандай кўриниши, хоҳ у табиат ёки инсон бўлсин, уни жуда нозик ва кўп томонлама ҳис этади. Шеърий матнларда у ўзининг қалбини банд этган фикрлар ва ҳис-туйғуларнинг акс-садосини излайди. У шеърнинг мусиқийлиги, ифоданинг самимийлиги, туйғуларнинг юксак эстетик баёнига алоҳида эътибор беради. Шу боис ҳам ижодкор ҳар бир шеърий матнга синчковлик билан қарайди.

Композиторнинг қўшиқларида вокал оҳанг етакчи ўринни эгаллайди. Унинг ижодида шеърият ва мусиқанинг синтезига нисбатан романтик муносабат акс этади. Бунда сўз ва мусиқа бир бутун яхлитликка айланиб, одамзотга хос изтиробларнинг ҳаққоний ифодасини юзага келтиради.  

О.Абдуллаева ўзининг вокал асарларида тилнинг мукаммал янграши, унинг фонетик қиёфаси барқарор акс этишига интилади. Зеро, ҳар бир тил халқнинг тафаккури, маданияти ва тарихининг кўзгусидир. Тил миллий ўзига хосликни, оламни идрок этиш усулларини ва асрлар давомида шаклланган қадриятларни ўз ичига олади. Бинобарин, вокал асарнинг юқори савияда яратилиши ундаги шеърий матнга нисбатан амалга оширилган мусиқий-композицион ҳаракатларнинг юқори савияда бажарилгани билан характерланади.

Композиторнинг илк яратган қўшиғидан тортиб, то ҳозирги кунгача басталаган композицияларини тинглаганда, унинг шу соҳада тараққий этган бетакрор ижодий йўлини кўриш мумкин. О.Абдуллаева, авваламбор, ўзбек халқи мусиқасини чуқур англаган ижодкор сифатида айрим жанрларини яхши билиши, иккинчидан, Ғарб классик вокал шаклларини пухта ишлата олиши, учинчидан эса замонавий эстрада композицияларини тингловчига муносиб тарзда ҳавола эта олиши ижодкорнинг мазкур жабҳа оқимида эркин сузишини таъминлайди. Композиторнинг охирги йилларда ёзилган айрим композициялари ўзида ҳам ашула, ҳам романс шаклларининг моҳирлик билан ишланган қоришмасини ифода этади. Бу эса шакл ва жанрлар билан бемалол ишлай оладиган ижодкорнинг бой тажриба лабораторияси, ўзига нисбатан талабчанлиги ва албатта, нозик дид-фаросатидан дарак беради.

Мусиқа санъати инсониятнинг ўзини намоён қилиш воситаси бўлиб, инсоннинг маънавий дунёқараши ҳамда ахлоқий фазилатларини шакллантиришга қодир. Шундай экан, О.Абдуллаева вокал ижодиётда ўз қалбини жунбушга келтирган ҳаётий образлар, маънавий таъсирлар, руҳий ҳолатларни акс эттирибгина қолмай, балки уни ўраб турган жамиятнинг онгида ҳам маънавий юксалиш томон қилинаётган ҳаракатларнинг амалга ошишига турки беради.

Тўпламдан жой олган вокал асарлар академик ҳамда эстрада хонандалиги билан қизиқувчи барча ёшдаги китобхонлар ва санъат ихлосмандлари учун фойдали бўлиши мумкин. Асарлар фортепиано жўрлигида ижро этиш учун мўлжалланган. Қўшиқларнинг аудио вариантини тўпламнинг илова қисмида QR-kod орқали тинглаш имконияти ҳам мавжуд.  

Муҳтарама Комилова,

ЎзА