Ўзбек
Chinese
Turkish
Tajik
Kyrgyz
Turkmen
Japanese
Arabic
English
French
Spanish
Русский
German
Ўзбек
Oʻzbek
Қазақ
“Бир ҳовуч нур қўшган исмимга халқим”
19:54 / 2023-05-29

Маънавият ва маърифат маркази Навоий вилоят бўлими томонидан халқимизнинг севимли ижодкори, Ўзбекистон Халқ шоири Ойдин Ҳожиева хотирасига бағишлаб тадбир ўтказилди.

Тадбирда  шоиранинг турмуш ўртоғи – Ўзбекистон Қаҳрамони Иброҳим Ғафуров ҳамда бир гуруҳ таниқли шоир ва ёзувчилар, журналистлар, “Саодат” журнали жамоаси иштирок этди.

Иштирокчилар дастлаб  Қизилтепа туманининг Бўстон қишлоғида шоиранинг болалиги ўтган хонадонда бўлди. Марҳума ҳаққига дуо-фотиҳа ўқилди. Яқинлари, қариндош уруғлари, маҳалладошлари билан  ўзбек шеъриятида улуғ бир йўлни босиб ўтган ижодкорнинг халқ маънавиятига қўшган бемисл хизматлари хотирланди.

Шундан сўнг тадбир  Кармана шаҳридаги  “Оқсарой” тантаналар мажмуасида давом этди. Шоира хотирасига бағишлаб Қуръон тиловат қилинди.

Йиғилганлар эътиборига шоира ҳаёти ва ижодига оид “Бир ҳовуч нур қўшган исмимга халқим” номли видеоролик намойиш этилди.

– Ойдин Ҳожиева нафақат шоир, балки кўплаб ижодкорларнинг бошини силаган меҳрибон мураббия ҳамдир, – деди Ўзбекистонда хизмат кўрсатган маданият ходими, “Саодат“ журнали бош муҳаррири М.Усмонова. – Ҳозир ўзим раҳбарлик қилаётган “Саодат” журнали таҳририятига Ойдин опанинг бош муҳаррирлик даврларида  ишга кирган эдим. У кишидан ўрганганларим, олган сабоқларим бугунги кунда мен учун бир дастур вазифасини ўтамоқда. Опанинг шогирдпарварликлари,  хато ва камчиликларга мулойимлик ва кенглик билан қарашларини доим ўзимда мужассамлаштиришга ҳаракат қиламан.

М.Пирнафасова, ЎзА