Мамлакатимизда қишлоқ хўжалиги, жумладан, ер ажратиш ва бериш соҳасида кўплаб ислоҳотлар амалга оширилди.
Хусусан, ерни энди фақат аукцион орқали ажратиш тартиби йўлга қўйилди. Бу борадаги қонун ва ҳужжатлар ўз самарасини беряптими? Шулар хусусида Кадастр агентлигининг Давлат кадастрлари палатаси раиси ўринбосари Равшан Нишоновнинг фикрларига қизиқдик.
– Бугунги кунда Ўзбекистонда қанча уй-жойнинг кадастр ҳужжати йўқ?
– Ҳозир мамлакатимиз бўйича жами 7 965 654 та кўчмас мулк объектлари мавжуд. Шундан 6 115 804 таси якка тартибдаги турар жой, 1 352 135 таси квартира ва 497 070 таси нотурар объектларидир. 5,5 млн.дан ортиқроқ кўчмас мулк объектларига бўлган ҳуқуқлар давлат рўйхатидан ўтказилган. Ҳозирда 2 миллионга яқин кўчмас мулк объектлари мулк ҳуқуқи йўқлиги боис давлат рўйхатидан ўтказилмаган.
– Маълумотларга кўра, бугунги кунда қишлоқларда 70-80 фоиз аҳоли уй-жойининг кадастр ҳужжати йўқ. Яқинда Андижон вилоятида кадастр ҳужжати йўқ аҳолининг уй-жойи қонуний расмийлаштирилди. Шу ҳақида маълумот берсангиз.
– Авваламбор, Андижонда ўтказилган тахловга тўхталадиган бўлсак, Вазирлар Маҳкамасининг 2021 йил 13 августдаги «Андижон вилоятининг Асака ва Шаҳрихон туманларида кўчмас мулк объектларига бўлган ҳуқуқларни эътироф этиш тўғрисида»ги қарор ижросини таъминлаш мақсадида Андижон вилояти ҳокимининг 2021 йил 18 августдаги қарори қабул қилинди.
Давлат кадастрлари палатаси Андижон вилояти бошқармасининг кадастр муҳандислари ва бир қатор тегишли давлат ташкилотлари ходимлар хатлов ишларига сафарбар қилинди. Шаҳрихон туманида 76 та ва Асака туманидаги 74 та жами 150 та маҳаллаларда хонадонбай ялпи хатлов ишлари амалга оширилди.
Ушбу туманлар ҳудудида жойлашган кўчмас мулк объектларининг мулкдорлари томонидан йиллар кесимида тўланган солиқларига аниқлик киритилиб, 113 минг 741 та хонадон хатловдан ўтказилди. Хатлов жараёнида 10 минг 245 та янги ва 8 минг 471 та қўшимча (Асакада 4 375 та ва 4 913 та, Шаҳрихонда 5 870 та ва 3 558 та) кўчмас мулк объектлари мавжудлиги аниқланди.
Хатлов натижасида халқ депутатлари Андижон вилояти кенгашида 150 та МФЙдаги жами 17 мингга яқин 15 йил ошкора ер ва мулк солиқларини тўлаб келган, кўчмас мулк объектларига мулк ҳуқуқларини бериш кўриб чиқилди, вилояти ҳокимининг тегишли қарорлари тасдиқланди.
– Бу тажрибани бошқа вилоятларда ҳам қўлласа бўладими?
– Тўғри, Давлат кадастрлари палатасининг ҳудудий бошқармалари филиаллари томонидан ўтказилган республика кўчмас мулк фондининг ялпи ҳатлови якка тартибда уй-жой қуриш соҳасида, айниқса қишлоқ жойларида қонунийликни таъминлаш масалаларида тизимли хатолар ва жиддий камчиликларга йўл қўйилганини кўрсатди.
Хусусан, уй-жойга эга бўлиш ва қуришнинг қонуний механизмлари мавжуд бўлишига қарамасдан минглаб фуқаролар кўп йиллар давомида ўзбошимчалик билан эгаллаб олинган ер участкаларида якка тартибда уй-жойларни ноқонуний барпо этган. Шундан келиб чиқиб, Андижон вилоятида қўлланган тажрибани қолган вилоятларда ҳам қўллаш бўйича ҳозирги кунда Олий суд билан ҳамкорликда мавжуд ҳолатларни ўрганиш ишлари олиб борилмоқда.
– Қишлоқ хўжалигига мўлжалланмаган ерлар мулк ҳуқуқи ва ижара ҳуқуқи асосида электрон онлайн-аукцион орқали реализация қилиниши белгиланган. Бугунги кунда аукцион орқали ер олишга оддий халқнинг кучи етмаяпти. Ерларни очиқ аукционда фақат пулдорлар ютиб олмоқда. Шу боис битта ҳовлида 2-3 оила тиқилиб яшаяпти. Бунинг натижасида оилада ўзаро жанжаллар келиб чиқмоқда. Камбағал оилалар ер-жой олишга бирор имконият яратилганми?
– Амалдаги қонунчилигимизга асосан ердан фойдаланувчи субъектларга тўғридан-тўғри ер участкаларини ажратиш тартиби мавжуд эмас. Аммо Вазирлар Маҳкамасининг 2020 йил 25 мартдаги «Уй-жой сотиб олиш ёки якка тартибдаги уй-жойларни қуриш ва реконструкция қилиш учун фуқароларга субсидия тўлаш тартиби тўғрисидаги низомни тасдиқлаш ҳақида»ги қарорга асосан фуқароларга субсидия бериш тартиби белгиланган.
Фуқаро томонидан Ягона интерактив давлат хизматлари портали орқали ёки Давлат хизматлар агентлиги томонидан керакли бўлган маълумотлар электрон шаклда ваколатли органга юборилади ҳамда ушбу шахслар томонидан белгиланган меъёрга асосан баллар белгиланади. Ушбу тўпланган баллар етарли бўлса, давлат томонидан уй жой учун субсидия ажратилишига асос бўла олади. Шундан кўриниб турибдики, аукцион орқали ер участкаларини ололмаган фуқаролар субсидия асосида уй жой олишлари мумкин.
– Вазирлар Маҳкамасининг жорий йил 14 февралдаги қарорига доир маъмурий регламент тасдиқланди. Мазкур ҳужжат билан ер қонунчилигида қандай ўзгаришлар бўлди?
– Ушбу қарорни Ўзбекистон фуқаролари ва юридик шахсларига доимий фойдаланиш (эгалик қилиш), ижара ва мерос қилиб қолдириладиган умрбод эгалик қилиш ҳуқуқи асосида тегишли бўлган ер участкаларини хусусийлаштириш бўйича давлат хизматлари кўрсатишга доир маъмурий регламент тасдиқланди.
Маъмурий регламентга кўра, ер участкаларини хусусийлаштириш бўйича давлат хизматлари ДХМ ёки Ягона интерактив давлат хизматлари портали (my.gov.uz) орқали кўрсатилади.
Регламент кичик саноат, ёшлар саноат ва тадбиркорлик зоналари иштирокчиларига берилган ер участкаларига нисбатан татбиқ этилмайди.
Бундан ташқари, якка тартибда уй-жой қуриш ва уй-жойни ободонлаштириш учун ер участкаларини мулк ҳуқуқи асосида электрон онлайн-аукцион орқали реализация қилиш тартиби тўғрисида низом тасдиқланди.
Ушбу ҳужжатга мувофиқ ер участкаларини хусусийлаштириш Ўзбекистон Республикаси фуқаролари ва юридик шахслари томонидан уларга доимий фойдаланиш (эгалик қилиш), ижара ёхуд мерос қилиб қолдириладиган умрбод эгалик қилиш ҳуқуқи асосида тегишли бўлган ер участкаларини сотиб олиш, шунингдек, ер участкаларини электрон онлайн-аукцион орқали сотиш йўли билан амалга оширилиши белгилаб қўйилди.
Фуқаро ер участкасини хусусийлаштирганида қуйидаги ҳуқуқларга эга бўлади. Жумладан, хусусийлаштирилган ер участкасига юридик ва жисмоний шахслар ўз хоҳишига кўра ва манфаатларини кўзлаб эркин эгалик қилиш ҳуқуқига эга.
Қолаверса, ундан фойдаланиш ва уни тасарруф этиш, шу жумладан, ундан гаров предмети сифатида фойдаланиши мумкин. Юридик шахснинг устав капиталига (устав фондига) ҳисса сифатида киритиш, ижарага бериш ҳуқуқига эга бўлади.
Шу билан бирга, хусусийлаштирилган ер участкасига бўлган мулк ҳуқуқининг ҳар қандай бузилишлари бартараф этилишини талаб қилиши мумкин. Хусусийлаштирилган ер участкасида мустақил равишда хўжалик юритиш, уй-жой, ишлаб чиқариш, маданий-маиший иморатлар ва иншоотларни ҳамда бошқа иморатлар ва иншоотларни қуриш, уларни қайта қуриш ва бузишни амалга ошириш белгилаб қўйилди.
Бир сўз билан айтганда, инсон қачонки яшаётган маконининг қонуний ўзиники эканлигини ҳис қилса, хотиржам яшайди. Тадбиркор эса ишлаб чиқариш объекти ўзига тегишлилигига амин бўлса, ишида уним, топганида барака бўлади. Соҳада қабул қилинаётган норматив ҳужжатлар инсонларга мана шундай имкониятни яратиб бериши билан аҳамиятлидир.
Шаҳноза Маматуропова,
ЎзА