2-8 октябрь кунлари юртимизда “Кексаларга ҳурмат –ёшларга ибрат” шиори остида “Кексалар ҳафталиги” ўтказилмоқда.
Ҳафталик доирасида Самарқанд вилоятида нуронийлар, “Саховат” ва “Мурувват” интернат уйларида истиқомат қилаётган кексалар ҳолидан хабар олиниб, хайрия тадбирлари, спорт мусобақалари, уч авлод учрашувлари ўтказилмоқда.

– Ҳафта давомида 90 мингга яқин нуронийларнинг музейлар, театрлар ва зиёратгоҳларга саёҳатлари уюштирилди, – дейди “Нуроний” жамғармаси вилоят бўлими раиси ўринбосари Донақул Тошбоев. – Хусусан, Ургут туманидан бир гуруҳ нуронийлар қадимий Бухоро ҳамда Хоразм вилоятларига, оқдарёлик нуронийлар Жиззах вилоятидаги Зомин тоғларига сайёҳат қилишди.

Кексаларнинг саломатлигини тиклаш мақсадида маҳаллаларда 78 минг нафардан зиёд кексалар чуқурлаштирилган тиббий кўрикдан ўтказилди. Ногиронлиги бўлган 497 нафар кексага реабилитация воситалари – ногиронлик аравачалари, ҳасса ва қўлтиқтаёқ, эшитиш мосламаси, 7894 нафар якка-ёлғиз кекса ҳамда ижтимоий ҳимояга муҳтож нуронийларга озиқ-овқат маҳсулотлари берилди, 4437 минг нафар кекса зарур дори-дармонлар билан таъминланди. Уйида ётиб қолган 29631 нафар, шифохоналарда даволанаётган 2869 нафар нуронийнинг ҳолидан хабар олиниб, уларга моддий ва маънавий ёрдам кўрсатилди.

Таълим муассасаларида ташкил этилган “Аср билан юзма-юз” тадбирлари доирасида 100 ва ундан катта ёшдаги 32 нафар нуроний ҳолидан хабар олинди.
Оилаларни мустаҳкамлаш, нуронийларнинг ҳаёт тажрибасини ёшларга ибрат қилиб кўрсатиш мақсадида 50, 60 ва унда кўп йиллар бирга яшаган фахрийлар иштирокида ўтказилган “Қўша қариш саодати” тадбирлари ҳам аҳоли томонидан яхши қабул қилинди. Бу каби тадбирлар ноябрь ойида “Кексалар саёҳат ойлиги”да давом эттирилади.
Ғ.Ҳасанов, ЎзА