Андижон давлат техника институтида битирувчи босқич талабаларининг бандлигини таъминлаш мақсадида “Карьера куни” тадбири ва меҳнат ярмаркаси бўлиб ўтди.
Андижон вилояти ҳокимлиги, вилоят Бандлик ва камбағалликни қисқартириш бош бошқармаси, “Ўзавтосаноат” акциядорлик жамияти ва бошқа давлат ҳамда нодавлат корхоналар ҳамкорлигида меҳнат ярмаркаси ташкил этилди. Унда Фарғона водийси вилоятларида фаолият юритаётган 50 яқин ишлаб чиқариш корхонаси ҳамда тижорат банкларининг бўлим ва филиаллари мавжуд бўш иш ўринлари билан иштирок этди.
Тадбир очилишида сўз олганлар томонидан кейинги йилларда мамлакатимизда автомобилсозлик, техник ишлаб чиқариш соҳаларида кенг кўламли ишлар олиб борилаётганлиги таъкидланди. Бунда юксак интеллектуал салоҳиятга эга, ўз соҳасининг устаси бўлган кадрлар, хусусан, олий маълумотли ёшлар бандлигини таъминлаш муҳим эканлиги алоҳида қайд этилди.
[gallery-23466]
Ярмаркада иш берувчи корхона ва ташкилотлар томонидан ўз фаолиятларига оид кўргазмалар намойиш этилди. Шунингдек, уларнинг 200 дан ортиқ бўш ва 100 дан ортиқ захира иш ўринлари ҳақида маълумотлар тақдим этилди.
Тадбир доирасида ташкилотчилар ва мутахассислар томонидан талабалар билан меҳнат қонунчилиги, бу борада уларнинг ҳуқуқий билим ва саводхонлигини ошириш, ишга жойлашиш, меҳнат ва маданий-маиший шароитлар, иш ҳақи миқдори борасида бевосита мулоқот ва суҳбатлар ўтказилди. Мутасаддилар битирувчи талабаларни қизиқтирган барча саволларга батафсил жавоб қайтарди.
“Карьера куни” тадбири ва меҳнат ярмаркаси давомида тақдим этилган таклиф ҳамда маълумотлар талабаларнинг ишга жойлашиши ва касбий юксалишида муҳим роль ўйнайди.
Тадбир давомида иш берувчилар томонидан бир гуруҳ битирувчи талабаларга ишга жойлашиш бўйича йўлланмалар берилди.
Ф. Убайдуллаев,
З. Умрзоқов (сурат),
ЎзА мухбирлари