Куни кеча Президентимизнинг “Қишлоқ хўжалиги ходимлари куни муносабати билан соҳа ривожига муносиб ҳисса қўшган юртдошларимизни мукофотлаш тўғрисида”ги фармонига мувофиқ, бир гуруҳ фарғоналик соҳа вакиллари ҳам давлатимизнинг юксак мукофотлари билан тақдирланди.
Вилоят ҳокимлигида бўлиб ўтган тадбирда ушбу мукофотлар ўз эгаларига тантанали топширилди.


Вилоят ҳокими Хайрулло Бозоров тадбир иштирокчиларини Қишлоқ хўжалиги ходимлари куни билан табриклаб, мамлакатимизда сўнгги йилларда қишлоқ хўжалиги соҳасида амалга оширилаётган кенг кўламли ислоҳотларнинг аҳамиятига тўхталди. Соҳада илм-фан ютуқларининг кенг жорий этилиши натижасида ҳосилдорлик ва манфаатдорлик изчил ошиб бораётгани, машаққатли меҳнат, омилкорлик, бой билим ва тажриба бунда муҳим ўрин тутаётганлиги қайд этилди.

Вилоят ҳокими тизимда самарали меҳнат қилиб, юксак давлат мукофотларига сазовор бўлган 8 нафар соҳа фидойиларига эзгу тилакларини билдирди. Давлат мукофотлари тантанали равишда ўз эгаларига топширилди.

– Қирқ олти йилдан буён сув хўжалиги соҳасида ишлайман, – дейди “Норин-Фарғона” ирригация тизими бошқармаси бош мутахассиси, “Меҳнат шуҳрати” ордени соҳиби Баҳодир Шерназаров. – Сувдан оқилона фойдаланиш бугун муҳим аҳамиятга эга. Шу боис томчилатиб суғориш жорий этиляпти, соҳани ақлли бошқаришга катта эътибор қаратиляпти. Бугунги эътибордан жуда хурсандман. Меҳнатимизни қадрлаганлари учун Президентимизга раҳмат.
М.Сулаймонов,ЎзА