Андижон иқтисодиёт ва қурилиш институтида Жиноят ишлари бўйича Андижон шаҳар суди томонидан сайёр суд мажлиси ўтказилди.
Жазо муддатини ўтаётган маҳкумлар, уларнинг оила аъзолари, талаба ёшлар, кенг жамоатчилик вакиллари иштирок этган тадбирда шаҳар суди пробация бўлимининг 80 га яқин тақдимномаси кўриб чиқилди.
Андижон шаҳар суди раиси Улуғбек Каримов ва бошқалар томонидан жорий йил 27 сентябрь куни қабул қилинган "Суд қарорларининг қонунийлиги, асослилиги ва адолатлилигини текшириш институти такомиллаштирилиши муносабати билан Ўзбекистон Республикасининг Жиноят-процессуал кодексига ўзгартириш ва қўшимчалар киритиш тўғрисида”ги қонун мазмун-моҳияти, хусусан, судларда 2024 йил 1 январдан амалиётга жорий этилиши кутилаётган тартиб-таомиллар ҳақида кенг ва атрофлича тушунчалар берилди.
Шунингдек, йиғилишда Андижонда кейинги пайтларда кўпайган жиноят турлари, уларнинг келиб чиқиш сабаб ва омиллари, ҳуқуқий оқибатлари ҳақида ҳам ҳаётий мисоллар асосида фикр-мулоҳазалар билдирилди.
[gallery-14376]
Қонунбузарларга суд томонидан берилган жазо, энг аввало, уларни тарбиялашга хизмат қилиши таъкидланди. Шу билан бирга, ножўя қадам ташлаб, хатога йўл қўйган кишининг жиноий қилмиши ёки ҳуқуқбузарлик ҳаракатини кенг жамоатчилик томонидан муҳокама этиш, ҳуқуқбузарга нисбатан таъсир чораларини кучайтириш, шунингдек, содир этилган нотўғри хатти-ҳаракатнинг оқибатлари хусусида гапирилди. Бундан аҳоли, айниқса, ёшлар ўзлари учун тегишли хулоса чиқаришри лозимлиги алоҳида қайд этилди.
Сайёр суд жараёнида кўриб чиқилган тақдимномалар иш ҳужжатлари билан бирга муҳокама қилинди. Пировардида хатоларидан чин маънода хулоса чиқарган, тузалиш йўлига қатъий ўтган ҳамда ҳалол ва фойдали меҳнат билан шуғулланиб, ҳаётини изга солишга уринаётган бир гуруҳ маҳкумлар жазонинг ўталмай қолган қисмидан муддатидан илгари шартли равишда озод қилинди.
Бундан ташқари, суд томонидан белгиланган жазони ўташ чоғида белгиланган мажбуриятларга риоя этмаган, тартиб-таомилларга амал қилмаган маҳкумларнинг жазолари эса оғирроқ турига алмаштирилди.
Сайёр суд мажлиси суд жараёнларининг очиқ ва шаффофлигини таъминлашга, бир гуруҳ маҳкумларнинг муддатидан аввал жазодан озод бўлишига, иштирокчилар, айниқса, ёшларнинг ҳуқуқий билимларини бойитишга хизмат қилди.
Ф. Убайдуллаев, З.Умрзоқов (сурат), ЎзА мухбирлари