Бир гуруҳ киноижодкорлар “Меҳнат фахрийси” кўкрак нишони билан тақдирланди
"Ўзбекфильм" киноконцернида Кинематография агентлиги ҳамда Киноарбоблар ижодий уюшмаси томонидан атоқли киноижодкорларга “Меҳнат фахрийси” кўкрак нишонини тантанали топшириш маросими ўтказилди.
Ушбу мукофот билан Ўзбекистон халқ артистлари Ражаб Адашев, Гулчеҳра Жамилова, Гулчеҳра Саъдуллаева, марҳум Лутфулла Саъдуллаев, Ўзбекистонда хизмат кўрсатган артист, кино ва дубляж актрисаси Ноила Тошкенбоева ҳамда кинорежиссёр Аҳмаджон Унарбоев ва бошқалар тақдирландилар.

Айтиш жоизки, ушбу устоз санъаткорларнинг миллий кинематографиямизнинг ривожи учун қўшган ҳиссалари ўзига хосдир.
Мукофотларни Ўзбекистон Кинематография агентлиги бош директорининг биринчи ўринбосари Шуҳрат Ризаев ва Киноарбоблар ижодий уюшмаси раиси Матёқуб Матчоновлар топширди.

Тадбирда сўзга чиққанлар ёши улуғ санъаткорларга кўрсатилаётган эътибор учун миннатдорлик билдирдилар.

Н.Усмонова, ЎзА