Қазақ
Chinese
Turkish
Tajik
Kyrgyz
Turkmen
Japanese
Arabic
English
French
Spanish
Русский
German
Ўзбек
Oʻzbek
Қазақ
Бир гуруҳ фуқаролар меҳр-саховат кўкрак нишони билан тақдирланди
16:13 / 2020-11-10

Андижон вилояти Избоскан туманидаги маҳалла фуқаролар йиғинларининг 79 нафар ходими ҳамда 15 нафар ички ишлар профилактика инспекторига «Меҳр-саховат» кўкрак нишони топширилди.

Кенг жамоатчилик вакиллари иштирокида нишонларни топширишга бағишланган тадбирда мамлакатимизда эл-юрт ишига камарбаста, касбига садоқатли, фидойи инсонларнинг самарали меҳнати ҳеч қачон эътибордан четда қолмаслиги, албатта ўз рағбатини олиши таъкидланди.

Фаолияти давомида меҳр-оқибат, саховат, ҳиммат ва олижаноблик фазилатларини улуғлаётган, аҳолининг ижтимоий ҳимояга муҳтож қатламларини ҳар томонлама қўллаб-қувватлаш ва уларга кўмак бериш борасида ибрат кўрсатиб меҳнат қилаётган соҳа ходимларининг самарали меҳнатлари ҳар қанча таҳсинга сазовордир.

Мукофотланганлар келгусидаги фаолиятларида билдирилган юксак ишончни оқлаб, бор куч ва имкониятларини ишга солиб, Ватан, эл-юрт равнақи йўлида ситқидилдан меҳнат қилишга ваъда берди.

– Фаолиятим, олиб бораётган ишларим муносиб баҳоланиб, «Меҳр-саховат» кўкрак нишони билан тақдирланганимдан беҳад хурсандман, – дейди Марказ маҳалла фуқаролар йиғини раиси Муаззамхон Абдураҳматова. – Маҳалламизда 3 минг 800 нафарга яқин аҳоли яшайди. Маҳалладаги кам таъминланган, ижтимоий муҳофазага муҳтож, айниқса, “Темир дафтар”га киритилган оилаларга кўмак бериш, уларнинг муаммоларини ҳал этиш борасида эътиборга молик ишлар олиб борилмоқда. Ана шу тоифага кирувчи 20 яқин эҳтиёжманд оила вакилларига шифер, цемент сингари қурилиш материаллари ажратилди, хонадонига иссиқхона қуриб берилди, бундан ташқари, эчки, духовка, тикув машиналари берилиб, уларнинг бандлиги таъминланди, 10 нафарга яқин фуқаро эса турли муассаса ва ташкилотларга ишга жойлаштирилди.

Аҳоли турмуш фаровонлигини юксалтириш, умуман, маҳалла раиси сифатида зиммамизга юклатилган вазифаларни сидқидилдан бажариш учун астойдил меҳнат қиламан.

 

Ф.УБАЙДУЛЛАЕВ,  З.УМРЗОҚОВ (сурат), ЎзА