Бухорода вилоятни ижтимоий-иқтисодий ривожлантириш, давлат дастурлари ижросини таъминлаш борасидаги самарали фаолияти, юртимизда амалга оширилаётган ислоҳотлар ижросини таъминлашга қўшаётган муносиб ҳиссаси учун бир гуруҳ раҳбар ва ходимларни тақдирлашга бағишланган тадбир бўлиб ўтди.
Унда вилоят ҳокими Ботир Зарипов сўзга чиқиб, барчани Янги йил байрами билан муборакбод этди.


Таъкидланганидек, давлатимиз раҳбарининг Олий Мажлис ва Ўзбекистон халқига Мурожаатномасида 2026 йил – “Маҳаллани ривожлантириш ва жамиятни юксалтириш йили” деб эълон қилинди. Бу эса маҳалла инфратузилмасини тубдан яхшилаш орқали мамлакатимизни ҳар томонлама ривожлантириш, унинг қиёфасини янада гўзал ва обод қилиш ишлари давом эттирилади, деганидир.
– Мурожаатномада Бухоро вилоятида Ахборот технологиялари соҳасида “Дата марказ”, суперкомпютер ва сунъий интеллект лабораторияси фаолияти йўлга қўйилиши, Бухоро темир йўл вокзали модернизация қилиниши, умумий фойдаланишдаги автомобиль йўлларида реконструкция ишлари якунланиши, ботаника ва дендрология боғлари ташкил этилиши каби йирик лойиҳалар қайд этилди. Шунингдек, янги йилда бизнесни ривожлантириш, ижтимоий ҳимояга муҳтож қатламни қўллаб қувватлаш, фарзандларимизнинг замонавий билим ва касб-ҳунар эгалари, баркамол бўлиб тарбия топишлари учун бор куч ва имкониятларимизни сафарбар этамиз. Мухтасар айтганда, Президентимиз томонидан илгари сурилган “Инсон қадри учун, инсон бахти учун!” деган олийжаноб мақсадни барчамиз биргаликда амалга оширамиз, – деди Ботир Зарипов.


Тадбирда ҳокимлик бошқаруви аппарати ходимлари, ҳуқуқни муҳофаза қилиш органлари, иқтисодиёт мажмуи, ижтимоий, туризм, капитал қурилиш, коммуникациялар, коммунал хўжалик ва ободонлаштириш масалалари мажмуи, жамоат ташкилотлари ва сиёсий партиялар раҳбарлари вилоят ҳокимлигининг ташаккурномаси билан тақдирланди.
Тақдирланганлар орасидан сўз олганлар ўзларига билдирилган ишонч учун миннатдорлик билдириб, вилоятни ижтимоий-иқтисодий ривожлантириш борасида янада жонбозлик билан фаолиятларини давом эттиришни айтиб ўтди.



Зариф Комилов, ЎзА мухбири.