Қазақ
Chinese
Turkish
Tajik
Kyrgyz
Turkmen
Japanese
Arabic
English
French
Spanish
Русский
German
Ўзбек
Oʻzbek
Қазақ
Бир гуруҳ аёллар бепул даволанмоқда
12:56 / 2023-12-23

Президентимизнинг 2021 йил 5 мартдаги “Хотин-қизларни қўллаб-қувватлаш, уларнинг жамият ҳаётидаги фаол иштирокини таъминлаш тизимини янада такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида” ги қарори асосида “Аёллар дафтари” га киритилган, даволанишга муҳтож ёхуд қарамоғида ногирон фарзанди бўлган хотин-қизларнинг даволанишлари учун давлат томонидан маблағ ажратилиб зарур имконият яратилмоқда.

Бухоро вилояти маҳалла ва қишлоқларида ижтимоий муҳофазага олинган оилаларнинг “Аёллар дафтари”га киритилган, даволанишга муҳтож ёхуд қарамоғида ногирон фарзанди бўлган хотин-қизларидан 90 нафари “Жўйзар” ихтисослашган реабилитация ва соғломлаштириш илмий-тадқиқот марказида даволаниши учун “Оила ва хотин-қизларни қўллаб-қувватлаш давлат мақсадли жамғармаси” дан сармоя ажратилган. 

Юрак қон-томир, таянч-ҳаракат тизими, неврологик ва ошқозон-ичак касалликларини даволашга ихтисослашган масканга куни-кеча вилоят Оила ва хотин-қизлар бошқармаси томонидан дастлабки гуруҳ — Ғиждувон, Жондор, Бухоро туманлари ва Бухоро шаҳрида истиқомат қилаётган 30 нафар аёл жойлаштирилди. Даволаниш давомида улар ЭКГ ва УТТ текширувлари, шунингдек, тор доирадаги мутахассислар кўригидан ўтиб, даволанишади. 

“Жўйзар”да даволанувчилар ўз соҳаси мутахассислари терапевт, кардиолог, стоматолог, гинеколог, уролог, физиотерапевт каби шифокорлар хизматларидан баҳраманд бўлишлари, юқори аниқликда ташхис қўйиладиган ЭКГ, УТТ аппаратлари, шунингдек, лаборатор ва диагностик текширувлардан ўтишлари мумкин. Саломатлигида нуқсони бор юртдошларимиз организм учун фойдали ва минералларга бой, 1430 метр чуқурликдан 53 даража иссиқликда чиқадиган маъданли сув билан даволанади. 

Зариф Комилов, ЎзА мухбири