5 декабрь - Халқаро волонтёрлар куни
Бирор кишига беғараз ёрдам кўрсатиш нафақат инсоний фазилат, балки, қайсидир маънода, жасоратдир. Қувонарлиси, ер юзида хайрли ишга бел боғлаган инсонлар талай. Бундайларни “волонтёр” дейишади.
1985 йил 17 декабрь куни БМТ Бош Ассамблеяси 40-сессиясида қабул қилинган резолюцияга биноан, 5 декабрь – Халқаро волонтёрлар куни сифатида эълон қилинган ва ушбу санани кенг нишонлаш орқали ижтимоий-иқтисодий ривожланиш йўлида кўнгилли равишда иш бошлаган волонтёрларнинг фаолиятини қўллаб-қувватлаш, сафини кенгайтиришга кўмаклашиш мақсад қилинган. Ўшандан бери мазкур байрам расмий номга, халқаро мақомга эга.

БМТ барча давлатларга кўнгиллиларнинг барча жабҳаларда тараққиётга қўшаётган салмоқли ҳиссаси ҳақида жамият билиши кераклигини мудом эслатади. Айни ҳаракатнинг аҳамиятини қанча кўп одам англаб етса, шунча кўп кўнгилли сафга қўшилишига ишонади.
Бутун дунёда кўнгиллилар эвазига ҳеч нима сўрамасдан, жамият манфаати йўлида меҳнат қилади. Соҳа алоҳида байрам билан улуғланишининг яна бир сабаби шу. Волонтёрлар озчилик бўлиб йирик ишларни беминнат бажаришга рози: фидойиларча кўча тозалайди, ижтимоий кампания рисоласини тарқатади, йирик спорт тадбирларида таржимонлик қилади, касалхона, қариялар ёки меҳрибонлик уйига ёрдам беради. Айниқса, табиий офат оқибатини бартараф этишда кўнгиллилар ўрни беқиёс.
Жаҳон декларациясида кўнгиллилар ўз вақти, кучи ва истеъдодини жамоавий, шахсий фаолиятга ҳақ тўламасдан сарфлаш ҳуқуқига эга экани таъкидланган.

2019 йил 2 декабрда Ўзбекистон Республикасининг “Волонтёрлик фаолияти тўғрисида”ги қонуни қабул қилинган. Ушбу ҳужжатнинг амалда самарали ишлаш механизмини янада такомиллаштириш, соҳа ва йўналишлар бўйича кўнгилли-волонтёр гуруҳлари ташкил этиш, малакаси, салоҳиятига қараб волонтёрларни даражаларга ажратиш, уларни рағбатлантириш муҳим.
Қонунга мувофиқ, волонтёрлик фаолияти – жисмоний ва (ёки) юридик шахс манфаатини кўзлаб, бепул асосда амалга ошириладиган, жамоат учун фойдали ихтиёрий фаолият ҳисобланади.
Ҳужжатга кўра, 18 ёшга тўлган жисмоний шахс волонтёрлик қилиши мумкин. Бу ҳаракат волонтёр ва фаолият ташкилотчиси ўртасида тузилган шартнома асосида амалга оширилади. Агар волонтёр ойига 20 соатдан кўпроқ банд бўлса, ташкилотчи ва волонтёр ўртасида шартнома тузилиши шарт.
Волонтёрлик фаолияти ташкилотчиси волонтёрга махсус кийим-бош беради ҳамда акция ўтказилаётган жойга келиб кетиши учун йўл ҳақи, яшаш, овқатланиш ва бошқа харажатни қоплайди.
Маълумот ўрнида таъкидлаб ўтиш жоиз, 2020 йилда дунёнинг турли мамлакатларида коронавирус пандемиясига қарши курашиш, карантин шароитида кекса ёшдаги, имконияти чекланган ва эҳтиёжманд кишиларга ёрдамлашишда волонтёрлар беқиёс хизмат кўрсатишди.
Эҳтимол, замонавий дунёда фидойилик ҳаракати кам учрар, лекин бу хислат инсоният учун жуда зарур. Шундай экан, кўнгиллиларни ҳар томонлама рағбатлантирайлик. Қолаверса, ҳар бир инсон ўзи кўнгилли равишда қила олиши мумкин бўлган иш ҳақида ўйлаб кўриши керак.
Эслаб кўрингчи, қачон кўнгилли равишда ўзгага ёрдам кўрсатдингиз? Аслида, бу савоб амални ҳар биримиз қилишимиз керак. Кимгадир беғараз ёрдам кўрсатиш, мушкул аҳволга тушиб қолганни қўллаб-қувватлашни ҳозироқ, энг осон ва кичик ишдан бошлаш лозим.
Масалан, йўлингизда учраган кексага ёрдамлашиш, уйига кузатиб қўйиш, ёлғиз яшаётган қўшнининг холидан хабар олиш мумкин. Ҳатто, адашиб қолган уй ҳайвонини боқиш ёки махсус муассасага етказиш ҳам кўнгилли иш. Шунда нафақат жамиятга ёрдамимиз тегади, балки улкан савобга ҳам эга бўламиз.
Гўзал Сатторова,
ЎзА