Мажбурий ижро бюроси Навоий вилояти бошқармасида Ўзбекистон Республикаси Давлат байроғи қабул қилинганлигининг 34 йиллиги муносабати билан “Бир эл, бир Ватан, бир байроқ” шиори остида маънавий-маърифий тадбир ташкил этилди.
Тадбирда Навоий давлат университети Тарих факультети доценти Х.Абуев байроғимизнинг қабул қилиниш тарихи, унинг рамзий маъноси ҳамда бугунги кундаги аҳамияти ҳақида тўхталиб ўтди.

Таъкидланганидек, Давлат байроғимиз Ўзбекистон Республикаси давлат суверенитетининг рамзи, шу билан бирга, Ўзбекистон Республикасининг халқаро тимсолидир. У мамлакатимизнинг барча давлат идоралари, таълим муассасалари, халқаро ташкилотлардаги вакилликлари ҳамда спорт майдонларида ифтихор билан ҳилпираб туриб, юртимиз шарафини, халқимизнинг ғурурини намоён этмоқда.

– Давлат рамзлари ҳар бир халқнинг мустақиллиги, озодлиги, тинчлиги ва барқарорлиги тимсоли ҳисобланади, – дейди Бюронинг вилоят бошқармаси катта инспектори Феруза Маманова. – Давлатчилигимиз тарихининг қайси даврини олмайлик, байроқ аждодларимиз учун озодлик, куч-қудрат, жасорат, ғалаба тимсоли бўлган. Ватан байроғига эътибор, унга ҳурмат кўрсатиш ва қадрлаш замирида аввалом бор ватанпарварлик туйғулари ётади. Ва у ёшлар тарбиясида муҳим ўрин эгаллаши билан аҳамиятлидир.

Дарҳақиқат, Ўзбекистон Республикаси байроғи – Ватан тимсоли. Уни кўрганда, ҳар бир юртдошимиз қалбида ғурур, умид ва ишонч уйғонади.
А.Бўриев, ЎзА мухбири