Ўзбек
Chinese
Turkish
Tajik
Kyrgyz
Turkmen
Japanese
Arabic
English
French
Spanish
Русский
German
Ўзбек
Oʻzbek
Қазақ
Бир дақиқада ярим миллион сўм пул топиш – ҳали бу катта бизнес эмас (+видео)
11:54 / 2023-07-30

Президент ташрифидан сўнг...

Хаёлдан у маҳсулотнинг донаси бир ярим минг сўм атрофида бўлса керак деган ўй ўтди. Мен қаршисида турган замонавий ускунадан эса ўша нарса тартиб билан, кўз илғамас даражада отилиб чиқяпти. Суриштирдим – дақиқасига уч юз олтмишта болалар таглиги тайёрланаяпти.  

Оддий математика – бу рақамни бир ярим мингга кўпайтирдим. Натижа фарғоналик ёш тадбиркорнинг дақиқасига 540 минг сўм топаётганини кўрсатди. Шошма, дейман ўзимга. Ярим миллион сўмдан ортиқ қийматдаги маҳсулотга қанча харажат қилинар экан-а?..  

Одамзоднинг одати қизиқ, бировнинг чўнтагидагини ҳисоблагиси келади. Тўғри тушунишингизни истардим, бу ўринда каминани ўша одат безовта қилмади. Шунчаки, касбимиз талаби “қўшув-айирув” қилиб кўришга ундади.  

Учкўприк туманидаги гигиеник маҳсулотлар, болалар тагликлари ишлаб чиқарувчи “Procare” корхонасига келганимизда қизғин иш жараёни кетаётган экан. Бу тадбиркорлик субъектига кутилмаганда, шунчаки дуч бўлмадик. Уни вилоятда бир вақтда иш бошлашига старт берилган қатор корхоналардан бири бўлгани учун қидириб келдик.  

Президент Шавкат Мирзиёев Фарғона вилоятига ташрифи чоғида 27 июль куни ҳудуддаги ўнта янги мажмуани ишга тушириш маросимида иштирок этди. Бу корхоналар қаторида тадбиркор Мақсудхон Мансуровнинг “Procare” корхонаси ҳам бор эди.  

Давлат раҳбари ташрифидан сўнг ушбу тадбиркорлик субъекти фаолияти билан яқиндан танишдик.  

Бу лойиҳанинг умумий қиймати 6 миллион доллар бўлиб, унга фақат таъсисчиларнинг ўз маблағи йўналтирилган. Корхонага Туркия ва Хитойдан энг замонавий ускуналар келтириб ўрнатилди.  

– Мамлакатимизда тадбиркорларга яратиб берилаётган имкониятларни кўриб, бирор бизнес режани амалга оширмай юришни тасаввур қилиб бўлмайди, – дейди корхона раҳбари Мақсудхон Мансуров. – Мана шу лойиҳанинг ишга тушишида давлат раҳбарининг бош бўлгани, старт тугмасини босгани жамоамизга катта куч бағишлади. Иш бошлашдан олдин бозорни ўрганганмиз. Россия, Қирғизистон ва Тожикистонда харидорларимиз етарли. Маҳсулотларимиз деярли тўлиқ экспортга чиқарилади. Йилига 120 миллион дона болалар тагликлари ишлаб чиқариш қувватимиз мавжуд. Қўшимча қувватларни ишга тушириш, ишлаб чиқаришни тўлиқ автоматлаштириш режаларимиз бор. Йиллик экспорт ҳажмини 4 миллион долларга етказиш ниятидамиз.  

<iframe width="640" height="420" src="https://www.youtube.com/embed/BNG_SwlwTm8" title="Учкўприк туманидаги гигиеник маҳсулотлар, болалар тагликлари ишлаб чиқарувчи “Procare” корхонаси" frameborder="0" allow="accelerometer; autoplay; clipboard-write; encrypted-media; gyroscope; picture-in-picture; web-share" allowfullscreen></iframe>

Корхона ишга тушиши билан 130 нафар маҳаллий аҳоли вакили доимий иш ўрнига эга бўлди. Қўшимча линиялар ўрнатиш ишлари бошлаб юборилгани инобатга олинса, яна янги иш ўринлари яратилади.  

Тадбиркор бу лойиҳалар ҳали бошланиши эканини, келажак учун катта режалари борлигини яширмайди.  

Икром АВВАЛБОЕВ, ЎзА