Spanish
Chinese
Turkish
Tajik
Kyrgyz
Turkmen
Japanese
Arabic
English
French
Spanish
Русский
German
Ўзбек
Oʻzbek
Қазақ
Бир биримизни она тилини қадрлашга чорлайлик
07:30 / 2020-12-12

Жамиятнинг ёзилмаган қонуни бор – кўпчилигимиз машҳур одамларга ҳавас қиламиз, уларга тақлид қиламиз.

Бу табиий, чунки машҳур кишилар ҳар доим омма кўз ўнгида бўлади. Машҳурлар ноёб иқтидор ва машаққатли меҳнатлари туфайли кишилар эътиборини қозонади. Шунинг учун одамлар уларнинг юриш-туриши, кийиниши, ҳаёт тарзи, нималарга эътибор бериши, нималарни қадрлаши ва ҳатто нималар дейишларигача, борингки, дилидаги армонлари, орзу, мақсадларигача билишни истайдилар. Бу бежиз эмас, албатта.

Биз бугун эл суйган инсонлардан нималарни ўрганяпмиз? Хусусан, санъат аҳлидан?

Дарҳақиқат, санъаткорларимиз, яъни маданият ва маърифат ташувчи ватандошларимиз бугун қай фазилатлари билан жамият, хусусан, ёшларимизга ўз таъсирларини ўтказмоқда деган савол пайдо бўлади.

Очиқ тан олиш лозим, бугун эл танийдиган ёш санъаткорларимизнинг айримлари ибрат бўлиш ўрнига, маиший ҳаётини ижтимоий тармоқларда кўз-кўз қилиш билан оворалар. Шундай экан, мухлислар, жумладан, ёшларимиз улардан бачканаликни, енгилтакликни, соч турмаклашу, антиқа кийинишни, энг ёмони, маданиятсизларча гапиришни ўрганишмоқда, десак, тўғри бўлади.

Маълумки, мамлакатимизда она тилимизга бўлган муносабат тубдан ўзгарди. Ўзбек тилининг юртимизда ва жаҳон миқёсида нуфузини ошириш бўйича Президентимизнинг бир неча фармон ва қарорлари эълон қилинди. Давлат тилини ривожлантириш Департаменти ташкил этилиб, бутун Республика миқёсида давлат тилида иш юритиш, миллий тилнинг мавқеини янада кўтариш ишлари жонланиб кетди. Департамент ҳар бир соҳага тегишли вазирлик, ташкилот ва қўмиталарга бириктирилган раҳбарнинг давлат тили тўғрисидаги қонун ҳужжатларига риоя этилишини таъминлаш бўйича маслаҳатчилари орқали мамлакатда ўзбек тилида иш юритишни кенг кўламда йўлга қўймоқда. Бироқ мазкур жараёнда фақат мутасаддиларнинг фаолияти камлик қилади.

Атоқли шоиримиз Эркин Воҳидов ўзининг “Сўз латофати” асарида: “Она тили умуммиллат мулкидир. Демак, тил олдидаги масъулият ҳам умуммиллий. Мен ўзбекман, деган ҳар бир инсон ўзбек тили учун қайғурмоғи керак. Унутилган сўзларни тиклаш, борини бойитиб бориш, хорижий атамаларга муносиб истилоҳлар топиш ёлғиз тилшуносларнинг эмас, миллатнинг ишидир” деган эди.

Тил – миллатнинг муҳим белгиларидан бири. Уни эъзозлаш шарт ва лозим. Айниқса, телевидение, кино ва театр санъати бу борада кўзгу бўлиши керак. Санъаткорлар, қўшиқчилар, қизиқчилар, “ҚВЗ”чилар ҳамма-ҳаммаси шу тилнинг ортидан обрў, шон-шуҳрат топмоқда. Аммо тилни улуғлаётганлар билан бир қаторда уни шунчаки бир воситага айлантириб қўяётганлар ҳам, афсуски, бор. Мазкур соҳа вакиллари адабий тилдан бошқа тилда (шева ва лаҳжаларда, рус, инглиз тилида аралаш) халқнинг олдига чиқишга ҳақлари бормикан? Уларнинг бундай йўл тутишлари она тилига ҳурматсизлик эмасми? Санъаткорлар, аслида бутун халқни, мухлисларини ўзбек тилини асрашга, тил софлигига эришишга даъват қилишлари ва бунга аввало ўзлари амал қилишлари лозим. Театрларимиз фаолиятини бу борада қониқарли дейиш мумкин, аммо кино саноати вакиллари ўзбек тилининг нуфузи ҳақида ўйлаб ҳам кўришаётгани йўқдай. Ўзбеккино миллий агентлиги тасвирга олаёган фильмларда қаҳрамонлар нутқига бироз эътибор берилади. Хусусий кинолар, телеканаллар буюртмаси билан суратга олинаётган киносериаллар мутлоқо адабий тил меъёрларига жавоб бермайди. Кино тил имкониятларидан тўла фойдаланмоқда, бироқ ўзбек тили ўзининг давлат тили, адабий тил сифатидаги қадр-қимматини тиклаб олиш учун кинодан қачон фойдаланади?!

Шу ўринда ўзбек адабий тилининг мамлакат миқёсида ёйилишида катта ҳисса қўшган “Ўзбекистон 24”, “Ўзбекистон” “Маънавият ва маърифат” каби телеканалларда ахборот-информацион дастурларини олиб бораётган барча бошловчиларнинг, айниқса, дубляж (овозлаштириш) усталари, хусусан, Санжар Саъдуллаев, Зулхумор Мўминова, Шуҳрат Қаюмов (марҳум), Афзал Рафиқов, Ҳошим Арслонов (марҳум), Дилдора Рустамоваларнинг меҳнатини эътироф этиш лозим. Талаффуз масаласида бу ижодкорлар намуна даражасидадир. Адабий тил миллатни бирлаштиради, шунинг учун имкон қадар жамиятнинг зиёли қатлами адабий тилда гаплаша олиш малакасига эга бўлишлари керак. Эл севган санъаткорнинг (хоҳ ёш, хоҳ катта бўлсин) ижодини ёқтириб мухлис бўласиз, ҳурматингиз ошади, бироқ учрашувларда, ойнаи жаҳонда суҳбат уюштирилганда уларнинг шева ва бошқа тиллар аралашган нутқидан ҳафсалангиз пир бўлади. Агар санъаткор учун шу халқнинг заррача ҳурмати бўлса, ўз нутқи устида ишлаши, адабий тилда мулоқот қила олиши керак.

Мақолани ёзишимга туртки бўлган кино ва театр актёри, Ўзбекистон халқ артисти Хайрулла Саъдиевдир. Яқинда муборак 80 ёшни қаршилабдилар. Телевиданиеда у киши билан учрашув, суҳбат ташкил қилинган экан. Бир мухлис сифатида актёр ўйнаган ролларни болалагимдан томоша қилиб келаман. Хайрулло акани хоҳ ҳажвий, хоҳ жиддий бўлсин, ҳар қандай ролни маромига етказиб ўйнай оладиган саноқли актёрлардан бири деб ҳисоблайман.

Мен у кишининг алоҳида бир хислатлари ҳақида тўхталмоқчиман. Эътиборимни тортган жиҳати, устоз санъаткор суҳбат давомида фақат адабий тил доирасида мулоқот қилдилар. Мутахассис бўлганим учун ҳар доим эл таниган инсонларнинг шу жиҳатига жиддий эътибор қиламан. Актёрга бўлган ҳурматим шундай ҳам ошиб турганда, санъаткор ўзи учун қадрли бўлган нарсалар ҳақида сўз очиб қолди. “Она ватан”, “Она тили” ҳақида. Қойил қолдим. Хайрулло ака миллий тилнинг қадр-қиммати, аҳамияти ҳақида, тилга муносабат ҳақида гапириб ўз оиласида фарзандлари ва набираларигача она тилига эътиборли бўлиш кераклиги бот-бот уқтирилишини, уни эъзозлаш муҳим эканлигига урғу берди.

Санъаткорлар орасида шундай юртсевар, тилсеварлар бор экан, ўзбек тили ўлмайди. Эл севган инсонларнинг халқ олдига чиқиб, уларни она тилимизни эъзозлашга, тилни севишга даъват қилиши муҳимдир. Истеъдодли, эл ардоғидаги инсонларнинг бу каби чиқишлари бошқаларга намуна. Токи ҳар биримиз она тилини, адабий тилни тарғиб қилмас эканмиз, ҳақиқий зиёли бўла олмаймиз.

 

Ғофир Ҳамроев,  

“Ўзбеккино” МА Бош директори маслаҳатчиси